Мирзиёевнинг ҳокимият вертикалида Рустам Азимовга ўрин борми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Tojikiston Prezidenti Matbuot Xizmati

Ўзбекистонда ҳокимият учун яширин курашларнинг парда орқасидаги юзларидан бўлган Бош вазир ўринбосари Рустам Азимовнинг сиёсий ҳаёти жиддий бурилиш нуқтасида турган кўринади.

Кўпчилик кутганининг аксига, иқтидордаги Ўзбекистон Либерал-Демократлар партияси душанба куни Шавкат Мирзиёевдан бўшаган Бош вазирлик лавозимига 11 йил давомида унинг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келган Азимовни эмас, балки яқинда ҳукуматга қайтарилган вице-премъер - Абдулла Арипов номзодини кўрсатди.

Гарчи Арипов ҳали Бош вазир лавозимига тасдиқланмаган бўлса-да, Бош вазирни тайинлашнинг мамлакат Конституциясида назарда тутилган процедурасининг ўзиёқ бошқа ҳар қандай эҳтимолни истисно қилади.

Шундай қилиб, йиллар давомида марҳум Ислом Каримовнинг эҳтимолий сиёсий ворисларидан бири сифатида кўрилган 58 ёшли Рустам Азимов мамлакатдаги иккинчи қудратли лавозимни эгалламайди.

Би-би-си суҳбатлашган Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисидаги таҳлилчиларнинг аксари Азимов Молия вазири ва Бош вазир ўринбосари лавозимларини сақлаб қолади, деган фикрда.

Аммо унинг ҳокимиятдаги юқори лавозимни қанча муддат эгаллаб туриши борасида фикрлар турлича.

'Ворис'

Шу йилнинг август ойи охирида ҳали Ислом Каримовнинг вафоти ҳақидаги хабарлар расман тасдиқланмасидан, Тошкентда Азимовнинг уй ҳибсига олингани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Гарчи бу хабарлар тасдиқланмаган эса-да, бу Ўзбекистонда йиллардир давом этиб келган ҳокимият учун курашларнинг очиққа чиқа бошлагани ва Каримовнинг ногаҳоний сиёсий саҳнадан кетиши беқарорликларга олиб келади, деган хавотирларнинг белгиси сифатида кўрилди.

Аммо Сенатнинг 8 сентябр куни ўтган қўшма мажлисида бу хавотирларни Рустам Азимовнинг шахсан ўзи аритишга уринди.

"Шавкат Миромонович, - деди у ўз нутқида, - Юртбошимизнинг сиёсий меросхўри, сиёсий фарзандидир".

Азимов тилидан ҳозирга қадар ўзбек сиёсий луғатида амалда ҳеч қачон ишлатилмаган "сиёсий меросхўр" иборасининг қайта-қайта янграши ҳокимият тепасидаги элита Каримовнинг ўрнини ким эгаллаши борасида келишувга эришганининг далолати сифатида қабул қилинди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption Азимовни яқиндан билганларга кўра, унинг таянчи Ислом Каримов эди

Азимовга хайрхоҳ бўлган ва Мирзиёевнинг вақтинча Президент этиб тайинланишидан жунбушга келган ижтимоий тармоқлар буни сиёсий компромисс, ўз номзодлари Бош вазир бўлишига бир нави ишора, деб тушунгандек эди.

Орадан икки кун ўтиб, ижтимоий тармоқлардаги бу умидвор қатлам, - ки, улар асосан ёшлар, - Мирзиёевнинг Бош вазир ўринбосарларини қайта тайинловчи фармонидан Рустам Азимов масъул соҳа илм-фан ҳисобига кенгайтирилгани ҳақидаги жумлани илғамай қолмади.

Бу ҳам гўёки Азимовнинг ҳукумат раҳбари лавозимини эгаллашига ишора эди.

Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайланиши ортидан ўзбек тилидаги интернет нашрларида бошланиб кетган омма сўровларининг ҳаммасида Рустам Азимов номзоди энг кўп овоз олди.

Аммо...

'Таянч кетди...'

Афтидан, ушбу омма сўровларининг натижаси Мирзиёевни, унинг ўтмишдаги сиёсий рақиби деб ишонилган Азимов ўзи режалаётган ёки эълон қилган ислоҳотларни амалга ошириш учун энг яхши номзод эканига ишонтира олмаган.

Ёки Каримовнинг чорак асрлик бошқаруви даврида шахсий садоқат тамойилига қурилган кадрлар сиёсатида етишган Мирзиёевдаги савқи табиий бунга изн бермаган.

Ва бу билан Мирзиёев қайсидир маънода Каримовнинг 1992 йил бошидаги тажрибасини такрорлаётган бўлса, ажаб эмас.

Ўшанда янги сайланган биринчи Президент халқ орасида анча машҳур ва элита ичида ҳам сезиларли қўллаб-қувватловга эга бўлган, ўжар ва мустақил кўринган вице-президент Шукрулло Мирсаидовдан, гарчи у ўз аризаси билан кетган бўлса ҳам, "қутулганди".

Аммо Азимовдан фарқли ўлароқ, Мирсаидов ўзининг сиёсий интилишларини яширмаган ва Каримовга очиқ қарши чиққан, у танлаган сиёсий курсни "нодемократик" дея қоралаганди.

Мирсаидовнинг кейинги қадамлари, хусусан, унинг мухолифат сафларига қўшилиши ва Каримовдан норози гуруҳларни ўз атрофида жипслаштириш уринишлари Каримовнинг қўрқуви бежиз бўлмаганини кўрсатди.

Албатта, буларнинг биронтаси Азимовда бўй кўрсатгани йўқ.

Аммо бу унинг президентлик интилишлари бўлмагани ёки ҳукумат раҳбари лавозимига даъвогар эмаслигини англатмайди.

Рустам Азимовга яқин шахслардан бирининг Би-би-сига айтишича, Азимовнинг таянчи Ислом Каримов бўлган.

"2005 йилда Азимовга қарши прокуратура текширувлар бошлаганди. Ўшанда уни Каримов асраб қолди", - дейди номи ошкор этилишини истамаган Рустам Азимовнинг ўтмишдаги маслакдошларидан бири.

"Ҳозирда бу таянч кетди..."

Ислоҳотчи?

Азимов ғарбда ўзбек ҳукуматининг қабул қилиш мумкин бўлган юзи сифатида кўрилган ва ғарблик ҳамкорлар ҳамда қарз берувчилар билан музокараларда бош шахс бўлган.

Ҳатто ғарб молия институтлари Ўзбекистонга қарзларни "шахсан Рустам Азимов кафолати остида" берганини айтадиганлар ҳам бор.

Азимов ҳақида мамлакат ичкариси ва ташқарисида "ислоҳотчи" деган тасаввур мавжуд.

Аммо уни яқиндан билган шахслардан бирининг айтишича, "Азимов 1990-йиллар бошида ислоҳотчи бўлган бўлиши мумкин".

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook
Image caption 55 ёшли Абдулла Ариповнинг сиёсий интилишлари ҳақида ҳеч нарса маълум эмас

Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ мулозими Анвар Ҳусаиновга кўра, Рустам Азимов "жуда мураккаб шахс".

"Бир томондан, у Каримовнинг "чап қўли", ишонган банкири бўлгани сабабли мавжуд тузумни янгилашни талаб қилувчи молия, солиқ, банк-кредит тизимларининг конструктори ва бошқарувчиси бўлган. Бу ишларни қилишга мажбур бўлгани уни қисман оқлайди. Иккинчи томондан, Азимов нодир ақлу заковат, бошқарувчилик қобилиятига эга шахс, кўзи тўқ инсон. Шу маънода, бундай инсон янги Ўзбекистон раҳбариятида ҳам ўз ўрнини топиб, фойда келтирувчи топ-менежер бўлиши мумкин", - дейди Анвар Ҳусаинов.

Лондондаги SOAS институтидан таҳлилчи Алишер Илҳомовнинг айтишича, Азимовнинг келажаги ҳозирда қоронғу.

"Ҳукумат Мирзиёевга ўхшаган эски бошқарувчилар ва технократларга бўлинади. Азимов, менинг назаримда технократлар тоифасига мансуб. Яъни у жаҳон иқтисодиёти қандай ишлаши ҳақида маълум тасаввурга эга. Аммо бу дегани албатта ислоҳотчи, дегани эмас. Лекин дунёқараши кенг ва у билан гаплашса бўлади", - дейди Алишер Илҳомов.

Канадада яшаётган жиззахлик мустақил журналист Улуғбек Ҳайдаровнинг фикрича, Мирзиёев эски сиёсий рақиби Азимовни ўз ҳокимиятига хавф сифатида кўриши мумкин, аммо ундан бутунлай воз кечолмайди.

"Мирзиёев Рустам Азимовни бошқарув бортидан ташқарига отиб юборолмайди. Ҳозир бундай кадрлар Мирзиёевга керак. Азимовнинг Каримов пайтидаги "фаоллиги"га чек кўйилади ва у энди худди Каримов пайтидаги Мирзиёевга ўхшаб, матбуотда кўринмай қолади, холос", - дейди Улуғбек Ҳайдаров.

Мамлакатда узоқ кутилган ислоҳотларни обрўли зиёлилар оиласидан чиққан, инглиз тилида эркин сўзлайдиган Азимов номи билан боғлайдиган қатлам вакилларининг ЎзЛиДЕП қароридан ҳафсаласи пир бўлгани кузатилади.

Улар Мирзиёев эълон қилган ислоҳотларнинг ҳам амалга ошишига ишонмайдилар.

"Бош Вазир ким бўлишига қараб, умид бор эди... энди йўқ. Реформалар бўлмаса керак... аслида реформалар режаси ҳам йўқ эди. Ҳозирги таклифлар пала-партиш ва ягона концепцияга эга эмас",- деб айтди улардан бири Би-би-си билан суҳбатда.

Афтидан, молия ва сармоялар соҳасига масъул мулозим сифатида Азимов ўзининг ҳукуматдаги ўрнини сақлаб қолади.

Чунки Мирзиёев эълон қилган ислоҳотларни амалга ошириш учун Ўзбекистоннинг бу кредитларга ҳар доимгидан кўра ҳам кўпроқ эҳтиёжи бор.

Вертикал

Яна бир жиҳат-Бош вазир ҳукумат раҳбари ҳисобланса ҳам, Ўзбекистонда анчайин рамзий лавозим сифатида кўрилади.

Марҳум Каримов амалда ҳукумат раҳбари (Вазирлар Маҳкамаси Раиси) лавозимини ҳам эгаллаб келгани баробарида, ҳукуматда таъсирга эга бўлган Исмоил Жўрабеков каби шахсларни ҳеч қачон Бош вазир этиб тайинламаганди.

Устига, уларни бот-бот алмаштириб турган ва таҳлилчиларга кўра, шу йўл билан ўзининг шахсий ҳокимиятини эҳтимолий хавфлардан ихоталаб келган.

АҚШда яшаётган собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошевнинг фикрича, Мирзиёев ўз вақтида салафи Ислом Каримов яратган ҳокимият вертикалини сақлаб қолади.

"Рустам Азимов Бош вазир этиб тайинланмаслиги Ўзбекистонда авторитар тузумнинг давомийлигини, Ғарб давлатлари билан алоқалар кўлами торроқ бўлиши, Каримовнинг бошқарув услуби ва тамойили барҳаётлигини билдиради. Абдулла Ориповнинг Бош вазир бўлиши, Мирзиёев Каримов сингари вертикални фақат янгилаб, давом этишини англатади", - дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг