Мирзиёев ҳукуматнинг янги таркибини тасдиқлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Пайшанба куни Президент Шавкат Мирзиёев Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукуматнинг янги таркибини тасдиқлаган.

Унда Рустам Азимов ҳам Молия вазири ва ҳам Бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимларидан маҳрум бўлган.

Унинг ўрнига Ботир Хўжаев ва Ачилбай Раматовлар тайинланган.

Азимов Бош вазирнинг ўринбосарларидан бири сифатида макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар ва хорижий инвестицияларни жалб этиш комплексига жавоб беради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption Рустам Азимов бундан буён ҳукуматдаги иккинчи одам эмас

Вазирлар Маҳкамасининг янги таркибида Ариповдан кейинги энг юқори ўринни "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Ачилбай Раматов эгаллаган.

У Бош вазирнинг биринчи ўринбосари сифатида "ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва курилиш индустрияси масалалари комплекси"га раҳбарлик қилади.

Молия вазири лавозими эса Ботир Хўжаевга берилган.

Самарқанд вилоятининг собиқ ҳокими Зойир Мирзаев Бош вазир ўринбосари - Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири - Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари комплексининг раҳбари этиб тайинланган.

Вазирлар Маҳкамасининг шахсий таркибига доир маълумотлар ҳозирча тўлиқ эмас.

Ҳукумат портали "вазирликлар ва давлат қўмиталари раҳбарлари бўйича маълумотлар янгиланаётгани" ни маълум қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption Ачилбай Раматов- ҳукуматнинг янги юзларидан бири

Чоршанба куни Абдулла Ариповнинг Бош вазир этиб тайинланиши ортидан Вазирлар Маҳкамаси таркибида жиддий ўзгаришлар юз бергани хабар қилинмоқда.

Рустам Азимов ўтмишда Ислом Каримовнинг эҳтимолий ворисларидан бири сифатида кўрилганди.

Рустам Азимов ҳақида батафсилроқ.

Айни пайтда Ўзбекистон Марказий Банки раиси Файзулла Муллажоновнинг ҳам истеъфога чиқарилгани хабар қилинган.

Марказий Банк расмий вебсаҳифасида Муллажонов номи ҳануз Бошқарув раиси сифатида турибди.

Файзулла Муллажонов Марказий Банкка 25 йил раҳбарлик қилган ва Ўзбекистон ҳукуматининг энг узоқ вақт лавозимда қолган аъзоларидан бири саналади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption Президент Мирзиёев Ариповни "ҳалол раҳбар" деб таърифлаган

14 декабр куни қасамёдга келтирилган Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталарига Абдулла Ариповни Бош вазирликка номзод сифатида таклиф этган.

"Биз бу масала бўйича жуда кўп ўйлаб, тегишли маслаҳатлар қилдик. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси раҳбарияти ва фаоллари билан ҳам атрофлича маслаҳатлашдик. Ўтказилган муҳокамаларда билдирилган барча фикр-мулоҳазаларни эътиборга олган ҳолда, мен ушбу лавозимга ҳам амалий соҳада, ҳам марказий идораларда кўп йиллик бошқарув тажрибасига эга бўлган, 11 йил давомида Бош вазирнинг ўринбосари бўлиб ишлаган Абдулла Ниғматович Арипов номзодини тавсия этаман", - дея Мирзиёевнинг сўзларидан иқтибос келтирган Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги.

Президент 55 ёшли Ариповни "ҳалол, одамларга доимо ҳурмат билан қарайдиган, уларнинг дардига дармон бўлишга интиладиган" шахс дея таърифлаган.

Абдулла Арипов 2002 йилдан 2012 йилга қадар Бош вазир ўринбосари лавозимида ахборот ва телекоммуникация тизимига раҳбарлик қилган.

2012 йилда ўзбек телеком тизимидаги порахўрлик можароси сабаб ишдан четлатилгани айтилади.

Бош вазир ўринбосари ва Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова айни лавозимдан олиниб, Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари этиб тайинланган.

Ўтмишда "Ўзбекистон Робинзон яшайдиган орол эмас" деган баёноти ва аёллар учун махсус бассейнлар ташкил қилиш ташаббуслари билан танилган Боситхонованинг ўрнини Танзила Нарбаева эгаллаган.

Нарбаева Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг собиқ раиси ва педагогика фанлари номзоди экани хабар қилинади.