Қирғизистон президенти Ўзбекистонга ташриф буюради

Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 24 декабр куни Ўзбекистонга ишчи ташрифи билан келади.

Бу ҳақда қирғиз президенти маъмурияти хабар бермоқда.

Президент Мирзиёев билан музокаралар чоғида икки томонлама ва минтақавий масалалар муҳокама этилиши кутилади.

Атамбаев Мирзиёев Президент этиб сайланганидан буён Ўзбекистонга ташриф буюрган илк хорижий давлат раҳбари бўлади.

Айни пайтда Атамбаевнинг ўз сафарини Тошкентданми ёки Самарқанддан бошлаши маълум эмас.

Ислом Каримов вафотидан буён ўнлаб давлат раҳбарлари Ўзбекистоннинг биринчи президентига ҳурмат бажо келтириш учун Самарқандга ташриф буюрган ва музокаралар ҳам Самарқандда кечган.

Атамбаев Ислом Каримовнинг дафн маросимида қатнашмаган.

Каримов даврида Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан муносабатлари муаммоли бўлиб келган.

Бунга Бишкекнинг сув-энергетика лойиҳалари ва чегарадаги баҳсли ҳудудлар сабаб бўлган.

Мирзиёев ўзбек-қирғиз чегарасидаги Ўнғортепа баҳсли ҳудудидаги зиддиятни ечган ва Қирғизистон билан чегарани делимитация ва демаркация қилиш жараёнини тезлаштирган.

Ўзбекистоннинг янги президенти қўшнилар билан алоқаларни ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши деб эълон қилган.

Мирзиёев ва Атамбаев бош вазирлик пайтларида яқиндан ҳамкорлик қилгани айтилади.

Айни пайтда Мирзиёвнинг ўзи биринчи хорижий сафарини қайси давлатга амалга ошириши номаълум бўлиб қолмоқда.

Аввалроқ Кремл Ўзбекистоннинг янги раҳбари биринчи хорижий сафарини Россияга қилишини айтганди.

Ўзбек томони ҳозиргача буни расман тасдиқламаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+ - BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг