Мирзиёев академикларга 1000 доллардан пул улашди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Official

Янги йил арафасида Ўзбекистоннинг етакчи илм-фан намояндалари билан учрашган Президент Шавкат Мирзиёев учрашув сўнггида 100 га яқин академикларга 1000 доллардан пул улашган.

Учрашувда қатнашган академиклардан бирининг Би-би-сига айтишича, Президентнинг қоғоз қутиларга солинган 6,5 миллион сўм (қора бозор курсида 1000 АҚШ доллари - таҳр.) миқдоридаги "янги йил совғаси" академикларни уйларига кузатиб қўйган махсус ёрдамчилар томонидан топширилган.

Кутилмаган совға аксарияти 80-90 ёшни қоралаган кекса илм-фан намояндалари учун "ёқимли сюрприз" бўлган.

"Бир халта пул бор эди, оғиргина эди, иккита йигит уйгача кўтариб келиб, уйга келганда топширишди", - дейди Президент совғасидан ҳайрат ва хурсандчилигини яширмаган Ўзбекистон Фанлар академиясининг аъзоларидан бири.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги илм аҳлининг "маоши ва тирикчилиги ҳам шуни тақозо қилиб қолган эди".

Президентдан худди шундай совға олганини Би-би-си суҳбатлашган бошқа учрашув қатнашчилари ҳам тасдиқлашмоқда.

Уларнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Фанлар Академияси тузилмавий ислоҳотларга муҳтож.

"20 йилдан бери Академияга сайлов бўлмайди. Мухбир-аъзолик ҳам икки йил олдин тўхтатилган. Ўзгаришлар бўлмаса, келаётган йилларда Фанлар Академияси ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади", -деб айтди Би-би-си билан суҳбатда атоқли академиклардан бири.

Суҳбатдошнинг айтишича, Президент Мирзиёев академиклардан илм-фанни ривожлантиришга доир таклиф ва ғояларини беришни сўраган.

"Сизлар бизга таклиф беринг, биз сизларга ҳамма шароитни яратиб берайлик", - деб айтган Президент.

Фото муаллифлик ҳуқуқи UZREPORT

Учрашувда Фанлар академияси аъзолари билан бир қаторда етакчи олий ўқув юртлари ректорлари ҳам иштирок этган.

30 декабр куни ўтган учрашувда Мирзиёев Ўзбекистоннинг илмий-инновацион салоҳияти талаб даражасида эмаслигини эътироф этган.

"Юқори технологик илмий маҳсулотларни амалиётга жорий этиш учун янги замонавий тажриба-ишлаб чиқариш, конструкторлик-технологик ташкилотлар ҳамда инновация марказларини ташкил этиш зарур. Маркетинг ва лицензиялаш хизматлари талаб даражасида эмас. Бу мамлакатимиз илмий-инновацион маҳсулотларини амалиётга кенг татбиқ этишда яққол сезилмоқда", - деб айтган давлат раҳбари.

У "мавжуд илмий салоҳият ва маблағларни иқтисодиёт тармоқларининг буюртмаларига йўналтириш" зарурлигини таъкидлаган.

Мирзиёев шунингдек, марҳум Ислом Каримов даврида Ўзбекистон таълим тизимидаги ислоҳотларнинг рамзига айлантирилган коллежлардаги таълим савияси пастлигини танқид қилган.

"Мактаб таълимини тубдан такомиллаштириш, илмий кадрлар ва юксак малакали мутахассислар тайёрлаш жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш зарур", -деб айтган Президент.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.