Шаҳрам Осиёда ‘Йилнинг кашфиёти’
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Шаҳрам Осиёда ‘Йилнинг кашфиёти’

Ўзбекистон бокс тарихида ўз вазн тоифаси(69 кг)да Ёзги Олимпиада Ўйинларининг илк кумуш медали совриндори Осиё Бокс Конфедерацияси томонидан бу каби шарафга лойиқ, деб топилган биринчи ўзбек боксчиси бўлган.

23 ёшли Шаҳрам Гиясов конфедерациянинг айни номинация бўйича эълон қилган танловида ғолиб чиққан.

(Видеолавҳани BBCUZBEK YouTube каналида томоша қилинг )

Шаҳрам бу мақом учун “кураш”да Қозоғистон ва Хитой тайпейилик рақибларини ортда қолдириб кетган. Энг кўп – 23.3 фоиз овоз тўплаган.

Ўзбекистонлик яна бир боксчи Жасурбек Латипов эса, конфедерация томонидан AIBA Pro Boxing(APB) йўналиши бўйича 2016 йилнинг “Энг яхши боксчиси”, деб тан олинган.

Осиё Бокс Конфедерацияси йилнинг энг яхшиларини аниқлаш учун 14 номинация бўйича танлов эълон қилган.

Бокс мухлислари конфедерациянинг турли ижтимоий-мулоқот тармоқларидаги расмий аккаунтлари орқали овоз беришган ва ғолибларнинг номлари куни-кеча эълон қилинган.

Агар, расмий маълумотларга таянилса, танловда 1300 дан ортиқ одам иштирок этган ва овоз берувчиларнинг сонидан Осиё Бокс Конфедерацияси ўз мамнунлигини изҳор этган.

Сўнгги янгилик ортидан Би-би-си Ўзбек Хизмати Тошкентдан Шаҳрам Гиясовнинг ўзи билан боғланишга ҳам муваффақ бўлди.

“Бунақа бўлишини албатта кутмагандим”, - деркан, Шаҳрам ҳозир ўзи, яқинлари, мураббийлари ва жамоадошлари хурсандчилигининг ҳам чеки йўқлигини айтади.

“Аввало бу натижага эришишимда уларнинг ҳиссалари жуда ҳам катта. Улар ҳам бу мукофотни худди ўзлари олгандек, ҳозир биргаликда хурсанд бўлиб ўтирибмиз”, - дейди у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

“Биз устозларимиз билан техника устида ҳам, тактика устида ҳам кўп ишлаганмиз. Ҳар бир жанг учун ўзимнинг алоҳида тактикам бор эди. Шуни ҳам ҳисобга олишган, деб ўйлайман. Негаки, нечта жанг қилган бўлсам, ҳар бирини бошқача ўтказганман...”.

Рингга сизга қарши “қанақа рақиб чиқишидан қатъиназар, боксчи ўзини кўрсата олиши керак. Рақибдан қўрқсангиз, авваламбор жанг қила олмайсиз. Яъни, бундай бўлса, “боксчи бўлишга не ҳожат”, дейилади. Шунинг учун ҳам, биз қўрқувни бир четга йиғиштириб, фақат олдинга интилиб, ютиб, ҳар доим Ўзбекистоннинг байроғини баланд кўтаришга ҳаракат қиламиз”, - дейди Шаҳрам Гиясов.

“Негаки, биз рингга Ўзбекистоннинг юзи билан чиқамиз, шу боис ҳам бизда қўрқув бўлмайди”.

Шаҳрам Гиясов Рио рингларида ҳам ўзига хос боксчилик маҳорати ва қобилияти билан тилга тушган, кўпчилик бокс мутахассисларининг таҳсинларига сазовор бўлганди.

Ўзбекистонлик боксчи ҳар бир жангини мутлақ ғалаба билан якунлаб, сўнгги Ёзги Олимпиада Ўйинларининг финалига қадар кўтарилган ва олтин медал учун курашдагина кичик ҳисобдаги фарқ билан қозоғистонлик рақиби Данияр Елеусиновга ютқазиб қўйганди.

Аммо, ҳатто шунда ҳам, ўзининг илк иштироки эканига қарамай, Шаҳрам Гиясов Ўйинларнинг нуфузли кумуш медалини қўлга киритишга муваффақ бўлганди.

Ўз вазн тоифасида икки карра Осиё чемпиони, икки бор Осиё Ўйинлари ғолиби, жаҳон чемпиони ва Рио Олимпиадаси ғолиби Данияр Елеусинов эса, Осиё Бокс Конфедерацияси танловида бу йил қитъанинг “Энг яхши эркак боксчиси”, деб топилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, ўзбекистонлик бошқа бир боксчи, Рио Олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов AIBA таснифида эълон қилинган танловда айнан Данияр Елеусиновни ҳам йирик ҳисобдаги фарқ билан ортда қолдириб кетган, жаҳонда йилнинг энг зўр боксчиси мақомини қўлга киритган биринчи ўзбек боксчиси бўлганди.

Шаҳрамнинг танловдаги ғалабаси ортидан, 2016 йилнинг ўзида ўзбекистонлик боксчилар қўлга киритган халқаро мукофотларнинг жаъми сони тўрттага етди.

AIBA таснифида жаҳонда "Йилнинг энг кучли боксчиси", деб топилишига қадар Ҳасанбой Дўсматов Ёзги Олимпиада Ўйинларининг техник жиҳатдан энг кучли боксчисига берилувчи Вэл Баркер Кубогига лойиқ, деб кўрилган.

Ўтган декабр ойи бошида эса, ўзбекистонлик бу боксчига жаҳоннинг энг зўр спортчиларига берилувчи "Олтин мангуст" халқаро мукофоти ҳам топширилганди.

Энг сўнггида қисқача маълумот ўрнида: Осиё Бокс Конфедерациясига 2007 йилда асос солинган.

Бу конфедерация Осиё қитъасидаги Ўзбекистон дохил 44 давлат бокс федерацияларини ўзида бирлаштиради.

Осиё Бокс Конфедерациясига асли қозоғистонлик фахрий номдор боксчи Серик Қўнақбаев президентлик қилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.