Келин-куёв вальс тушмасинми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Ziyo Studio
Image caption Ўзбекистонда тўй базмларига оида урф-одатлар мустақиллик йилларида кескин ўзгарди

Ўзбекистондаги тўйлар, хусусан келинчакларнинг тўй базмида ўзларини қандай тутишлари мавзуси кун.уз нашридаги мақолада ёритилди.

Мақоланинг муаллифи - Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимаси Мунира Абубакирова.

Ўзбекистонда тўй базмларига оида урф-одатлар мустақиллик йилларида кескин ўзгарди.

Ўтмишда маҳалла йўллари тўсилиб, кўчалар ё ҳовлиларда ўтказиладиган тўйлар бу кунлар йирик бизнесга айланган ҳашаматли тўйхоналарда бўлиб ўтади.

Кимнинг қайси тўйхонани танлаши, ундаги озиқ-овқат ва томошалар мезбонларнинг нуфузини белгилайди.

Тўйхоналар ривожи билан келин-куёвларга оид урф-одатлар ҳам янгича тус олган. Йирик экранларда акс эттириладиган "Love story" ва келин-куёвнинг вальси ана шу тараққиётнинг бир қисми бўлиб намоён бўлмоқда.

Аммо, Мунира Абубакирова ўзбек миллатининг "ўзига хос одоби, андишаси, меҳр-муруввати, иффати бор"лигини эслатар экан, замона келинларидаги "очиқлик"ни танқид қилади.

"Тўйхонага оппоқ либосларда шаҳзодаю малика бўлиб келин билан куёв кириб келишди. Келин салом қилиш мақсадида бир оз эгилар экан, ҳижолатдан катталарнинг нигоҳи ерга қадалди. Атрофдан: "Жуда очиқ кийинибди", "Этагини узун қилгандан кўра елкасига ташласа бўлар экан", деган дашномлар қулоққа чалинарди", - деб ёзади у.

Афтидан Абубакирова хоним келиннинг юзи очиқ бўлишига ҳам қарши.

"Келин-куёв тўрдаги ўриндиқларга бориб ўтиришди. Куёв креслода ястаниб ўтирар экан, ҳудди "Мана кўриб қўйинглар, менинг маликамни", деяётгандек эди. Жўралар, ҳатто тўйга келган аксар эркакларнинг нигоҳи шоҳсупада маликалардай ўтирган (аслида маликалар сира ҳам бундай очиқ-сочиқ кийинишмайди!) хушсурат келинга қадалган... Келин юзини очиб, бемалол ўтирди. Аммо мен ўйлар изтиробида қийналардим... Ахир ҳарир парда ортидаги чеҳрани, бу нозик вужудни кўз-кўз қилиш асло мумкин эмас", - дея давом қилади муаллиф.

Мақолада келин ва куёвнинг қайнота ва қайноналари билан рақсга тушиши ҳам танқид қилинади.

"Тўйни оғриқли ўйлар ила кузатаман. Кетма-кет келган таниқли хонандалар қўшиқларидан давра ёшлар дискотека залига айланди-қолди. Ҳатто келин-куёвни ҳам даврага олиб чиқишди. Ҳинд сериалларида куйланадиган қўшиққа ҳамоҳанг келин-куёв қучоқлашиб вальсга тушишди. Бу манзарани қандай изоҳлаш мумкин?! Ҳамманинг назари икки ёшда. Атрофни ўраб олган йигитларнинг қий-чуви... Сўнг келин отаси билан, кейин қайнотаси билан ҳам рақсга тушди... Қани шарқона одоб-ахлоқ, ибо-ҳаё?! Буни оддий ҳолатдек қабул қилаётганларнинг орияти, ҳамияти қаерда қолди?"

"Қизимизни турмушга узатарканмиз ёхуд ўғлимизни уйлантирарканмиз, ҳаётининг оила деб аталмиш варағини чиройли одоб-ахлоқ, ҳаё-андиша билан очишида биз, катталар тўғри сабоқ берайлик", - дея якунлайди Мунира Абубакирова.

Сиз қандай фикрдасиз?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар