Сурия исёнкорлари Остонага боришади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Суриядаги урушда қурбонлар сони 300 000 дан ошган

Суриянинг исёнкор гуруҳлари келаси ҳафта Қозоғистон пойтахти Остонада ўтадиган тинчлик музокараларига қатнашиш ниятида эканларини тасдиқлаган.

"Жайш ул- Ислом" раҳбари Муҳаммад Аллушнинг айтишича, у исёнкор гуруҳлар вакилларига раҳбарлик қилади ва ҳукумат ҳамда унинг иттифоқчилари "жиноятларига" нуқта қўйиш йўлида ҳаракат қилади.

Остонадаги музокаралар Туркия ва Россия ташаббуси билан режаланган.

Икки мамлакат Суриядаги қарама қарши томонларни дастаклайди.

Анқара ва Москванинг ҳаракатлари билан Сурияда 30 декабр куни оташкесим эълон қилинганди.

Дамашқнинг шимолий ғарбидаги Вади Барада ҳудудида ҳаво ҳужумлари ва тўқнашувлар ҳақида хабарлар тарқалганди.

Якшанба куни бу ҳудуддаги қишлоқни ҳукумат кучлари ракета ҳужумларига тутган ва оқибатда тинч аҳолидан тўққиз киши қурбон бўлган, деб хабар қилади Сурияда инсон ҳуқуқларини кузатиш маркази.

Айни оташкесим ИШИД ва Жабҳат Фатеҳ ал-Шам гуруҳларига таалуқли эмас.

Исёнкор гуруҳлар Остонадаги музокараларга ўз вакилларини йўллаш ҳақида қарорни душанба куни Туркияда олишган.

"Барча исёнкор гуруҳлар вакил жўнатади. Бунга ҳамма рози бўлган", деб айтган Жайш ул-Ислом идораси AFP хабар агентлигига.

"Озод Сурия армияси" гуруҳи мулозими ҳам Остонага вакилларини жўнатишини айтган.

Ғарб томонидан дастакланувчи бу гуруҳ вакили Reuters ахборот агентлигига "Биз энг аввал оташкесимни Сурия режими барбод қилаётгани ҳақидаги масалани кўтарамиз", деб айтган.

Россия айни музокараларни ўтган йил Женевада кечган учрашувлар билан рақобатчилик руҳида ўтмаслиги айтимоқда.

Суриядаги олти йиллик уруш оқибатида 300 000 дан ортиқ инсон қурбон бўлган, 11 миллион киши бошпанасиз қолган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viberда - телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг