Би-би-сига айтаман: “Қишлоғимизнинг 70 фоизи дангаса...”

Image caption Ўзбекистон қишлоқларида ёшларга иш топилмайди

Салом, Ватандош!

Эҳтимол, бугун мени қийнаётган муаммолар сенга ҳам танишдир. Балки Суриядаги урушни рўкач қиларсан ва мени "ношукр" дея сўкиб қўярсан... Майли, мен розиман, лекин эринмай ёзганларимни охиригача ўқи, илтимос.

Мен бир ўзбекман, қашқадарёликман, шу ўлкада туғилдим, вояга етдим. Амир Темурнинг шаҳри Шаҳрисабздан йигирма чақиримча узоқда, тоғ бағридаги шаҳарча - Мироқи менинг она ватаним.

Ризқимни имкон қадар шу шаҳарчадан тераман, қолганини эса Россиядан...Топганларимни шу ерга олиб келаман, яқинларим билан бўлишаман.

Мен "дангасаман", очиғи менга ўхшаганлар Мироқининг етмиш фоизини ташкил қилади десам ҳам ишонавер.

Россиядан қайтганимга ҳали кўп бўлмади, аммо очиғини айтсам, ўзимиздаги "ўзбекчиликка" ҳеч кўниколмаяпман.

Баъзи ўртоқларим Россияда қишда ҳам қолиб ишлаяпти, энди тирикчилик буёғи...Мен нима учун "ўзбекчиликка" кўниколмаётганимни олифтагарчиликка йўйманг, шошманг, секин тушинтираман...

Адашмасам, Мироқимизда 5 та мактаб, 2 та коллеж, битта поликлиника, санаторий, болалар дам олиш оромгоҳи, Мурувват уйи ва яна мен билмаган ташкилотлар бор.

Афсуски, санаганларимнинг бирортасида инсон учун зарур шароитлар мавжуд эмас.

Газ йўқ, свет йўқ...

Балки бу "дангаса" сиёсатга аралашаяпти, ана раҳбарлар ҳал қилсин бу муаммоларни дерсиз?

Бир гап айтайми, шу раҳбарлар ё халқни ўйламайди ва ё ўйлашни билишмайди.

Лекин ҳамманинг оғзида бир гап.

"Раҳбарлар пулни чўнтакка уришни билади,холос".

"Ўзбекчилик"

Сўзим бошида бу атамани бекорга ишлатмадим. "Ўзбекчилик" деганда биз томонларда ҳозир фақат сўмда эмас, долларда ҳам пора бериш, болаларга дарс қилиб олиш учунгина фонарни ёқиш, эрталаб ўтин билан печкани ёқиш, Худо бериб свет келиб қолса, қаерда бўлманг югуриб уйга келиш ва ҳамма нарсани зарядка қилиш каби турфа амаллар тушунилади.

Мен дангаса баъзан зерикиб, айрим маълумотларни тўплаб бораман ҳам... Мана шу Мироқида газ деган неъмат охирги марта 2007 йилда бир кўриниш берганди, кейин унинг "свет" деган шериги ҳам камнамо бўлишни бошлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Hisor.uz
Image caption Мироқи

Лекин байрамларда светнинг "дийдорига" тўямиз. Охирги марта 14 январда свет сал узоқроқ туриб берди, кейин яна бир кунда бир соатга ўтиб олди.

Яқинда Тошкентга ўтиб келдим.

Қойил! Бир кунда бир соат ҳам свет ўчмаса бўладими?!

Маза қилиб телевизор томоша қилдим. Ўқиш деб келган эдим, дангасаликка борибми...ўқишни ҳам унутдим!

Беҳазил гапирсам, уч марта ўқишга ҳужжат топширдим. Киролмадим.

Аммо мен билан бир синфни тугатган, ота-онаси "ёғли" жойда ишлайдиган ва очиғи, икки ҳарфни зўрға бири бирига уруштирадиган ўртоқлар аллақачон университетларни гуллатишмоқда.

Омадлари ёки ўзбекчиликка мослаб айтсам - "долларлари" бор экан!

Майли, ҳадемай баҳор келади. Россияда ҳам кунлар исийди.

Россия деган мамлакат яна дангасаларга қучоғини очади.

Лекин мен нима қилсам, чўнтагимдагини сарфлаб, дангалини айтсам, порасини бериб ўқишга кирсаммикан?

Ёки кетворсамми дангасаликка?

Нима дейсан, замондош?

(Ёзган сайин ёзгим келаяпти, аммо телефон қурғурнинг батарейкаси тугаяпти. Свет йўқ!)

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.