Миллий Телерадиокомпания раиси ўзгарди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Uzreport
Image caption Хуршид Мирзоҳидов бундан аввал Ахборот технологиялари ва коммуникация вазири бўлган

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Миллий Телерадикомпанияси -ЎзМТРК га янги раҳбар тайинлаган.

Бу ҳақда Ўзбекистондаги қатор интернет нашрлари хабар бермоқда.

45 ёшли Хуршид Мирзоҳидов қарийб 12 йил давлат телевидениесини бошқарган Алишер Хўжаев ўрнини эгаллайди.

У бундан аввал Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ва ЎзМТРК раисининг ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Президент қарори ҳали ҳукумат портали ва ЎзМТРК сайтида пайдо бўлгани йўқ.

Алишер Хўжаевнинг нима учун ишдан олингани ва қайси лавозимга ўтказилгани маълум эмас.

Хўжаев охирги йилларда Миллий Телерадикомпанияда юз берган коррупция можаролари марказида бўлган.

Телевидениенинг собиқ журналистлари Малоҳат Эшонқулова ҳамда Саодат Омоновалар Хўжаевни таниш-билишчилик ва коррупцияда айблаганлар.

Аммо Каримов даврида журналистларнинг ЎзМТРК раҳбарияти устидан Президент ва Бош вазир номига қилган шикоят ва мурожаатлари жавобсиз қолдирилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Dunyouzbeklari.com
Image caption Алишер Хўжаевнинг нима учун ишдан олингани ва қайси лавозимга ўтказилгани маълум эмас

Хўжаевнинг жорий бош вазир Абдулла Ариповга қуда бўлгани, Арипов 2012 йилда Бош вазир ўринбосари лавозимидан олингач, у билан қариндошлик ришталарини узгани айтилади.

ЎзТВга яқин манбаъларнинг айтишича, Алишер Хўжаевнинг истеъфоси кутилаётганди.

Бундан аввал ҳам бир неча марта истеъфога кетиши ҳақида гаплар тарқаган Хўжаев телевидение журналистлари орасида "ўтда ёнмас, сувда чўкмас" лақабини олган.

Алишер Хўжаев телевидение раҳбарлигига қадар Президент ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгашида хизмат қилган ва махсус хизматларга алоқааси борлиги айтилади.

Хўжаевнинг истеъфоси Президент Мирзиёевнинг давлат телевидениеси шаънига айтган танқидларидан сўнг юз бермоқда.

Ўтган ҳафта Хоразмга сафари чоғида Президент давлат телеканалларини "телевизорда ҳар куни корейс билан Ҳиндистонни киносини кўрсатавермасдан", долзарб муаммоларни кўтариб чиқишга чақирганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг