'Футболга бюджетдан пул ажратманг, Мирзиёев'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy

Twitter ижтимоий тармоғида журналист ва футбол мутахассислари ўзбек футболига сарфланаётган маблағлар ўзини оқламаганини муҳокама қилишган.

Тортишувларда футболга давлат бюджети, давлат ташкилотлари ёки мажбурий ҳомийликни тўхтатиш керак деган фикр устун келган.

"Шавкат Миромоновичдан давлат корхоналари футболга пул ажратишини тақиқлашни илтимос қилардим. 16 клубимиз йилига 200 миллиардмас, 30 миллиард сарфласа ҳам, худди шу савиядаги футболни кўраётган бўлардик. Нима учун ортиқча тўлашимиз керак", - дейди футбол журналисти Қаҳрамон Асланов.

Журналистга кўра, Ўзбекистонда футбол касб эмас, ярим ҳаваскор бўлиши керак. Чунки Ўзбекистонда футболга қизиқиш ўлган ва стадионларга кирувчилар сони йилдан йилга камайиб кетмоқда.

Терма жамоага номзодлар етарли бўлади, Ўзбекистонда профессионал футбол йўқлиги иқтидорларнинг чет элларда клуб излашига ва ўзи устида ишлаб маҳоратли легионерларга айланишига олиб келади.

Ўзбекистонда футбол клублари асосан давлат кўмаги ва ҳомийларга босими остида маблағга эга бўлиши айтилади.

Бироқ иқтисоднинг ночорлиги ҳомийлар ранг-баранг бўлишига тўсқинлик қилади. Натижада, биргина "Ўзбекнефтгаз" ширкати бир неча клубга ҳомийлик қилишига тўғри келади.

Ҳомий топилмаслиги оқибатида ҳатто Наманганда вилоят клубини қўллаб-қувватлаш учун ўқитувчиларга солиқ солингани ҳақида хабарлар ҳам чиққан.

Футболга тепадан аралашув натижасида унда коррупция ва таниш-билишчилик илдиз отишига сабаб бўлгани айтилади.

Кузатувчиларга кўра, футбол клублари давлат бюджети ёки давлатга тегишли корхоналардан тушадиган пулларни ювиш воситасига айланиб қолган.

Оқибатда, мухлиси йўқ клублар Олий лигада кўпайган ва бу клублар бир нарсаси - ҳомийси ёки бюджет пулларига йўл топа олгани учунгина фаолият юритаётгани айтилади.

Футбол моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланишини истаётган тарафга кўра, ўзбек футболи бошқа айни соҳаси ривожланаётган Осиё давлатларидагига қараганда жуда ҳам кам маблағ олади.

"Бизнинг футбол ўз бюджети учун шоколад даражада. Биздан олдинда бўлганларга қаранг. Биздан камида 4-5 баробар кўп пули бор. Бу камида. Тўғри, бизнинг футболимизда камчилик бор. Футболни бира тўла ўлдирмасдан, ҳали ишлаш керак", - дейди @rovsh07.

Унга кўра, агар футболчилар бошқа соҳаларда ишлайдиганлардан кўп олмаса, Ўзбекистонда унга бўлган қизиқиш сўниб кетади ва ота-оналар фарзандларини футбол мактабларига бермай қўяди.

Футболга давлат корхоналаридан ва умуман халқ пулидан маблағ ажратмасликни сўраётган қатламнинг таъкидлашича, сўнгги 15 йилда Ўзбекистон футболи мамлакатдаги бошқа соҳалар билан солиштирганда катта маблағ ўзлаштирганига қарамасдан айтарли натижага эришмаган.

"Сўнгги 15 йилда олий лигамиз МДҲ даражасида битта футболчи тарбиялади - Одил Аҳмедов. Шацких, Турсунов, Денисов эртароқ кетишган", - дейди Қаҳрамон Асланов.

Ўзбекистонда футболни ривожлантириш ва янада ривожлантириш тўғрисида Вазирлар маҳкамаси ва Президентнинг бир неча қарорлари чиққан.

Футболга давлат томонидан катта эътибор берилаётгани марказий матбуотда бот бот такрорланади.

Бироқ натижаларга назар солсангиз, давлат томонидан қанчалик катта эътибор берилмасин, маблағлар миқдори оширилмасин, ўзбек футболининг халқаро мусобақаларда ўз ўрнига эга эмаслигини кўриш мумкин.

Ўзбекистон терма жамоаси ташкил топганидан буён энг нуфузли ҳисобланмиш Жаҳон чемпионатининг финал босқичига чиқа олмаяпти.

Ўзбекистон клублари шов-шувли тарзда Ривалдо, Сколари каби жаҳон миқёсидаги юлдуз ўйинчи ва мураббийлар олиб келинганига қарамасдан ҳатто, Осиё клублари ўртасида ҳам ўзларини кўрсата олмаяпти.

Ўзбек клублари Осиё чемпионлар лигасида ҳатто финал босқичига ҳам чиқа олгани йўқ.

Футбол маркетинги ўлда-жўлдалиги сабаб ўзбек футболининг транслация ҳуқуқи ҳатто, маҳаллий телевидениелар ҳам учун қизиқ эмас.

Аксар ўйинлар ёзиб олинган ҳолатда, мухлислар ҳисобни билиб бўлганидан сўнг намойиш қилинади.

Стадионларга мухлисларнинг тушмаслиги ҳар йили журналистлар томонидан кўтариладиган мавзу. Одамларда футболга бўлган қизиқиш ўлаётгани айтилади.

Бу камчиликларнинг устига Ўзбекистон Олий лигасида ўйновчи клублар букмэкер ташкилотлар орқали пул ишлаш мақсадида ўйинни келишганлиги борасида бир неча маротаба номи чиққан.

Бу ҳақда туркум хабарлар чиқарган футбол сайти муҳаррири футбол мутасаддилари томонидан чақиртирилган ва бу ҳақда бошқа ёзмай туришлик сўралган.

Ўзбек футболидаги ушбу камчиликларни бартараф этиш учун унга давлат томонидан бериладиган ёрдамни тўхтатиш ва футбол ривожланиши ўз ҳолига ташлаб қўйиш таклифи олдинга сурилмоқда.

Бу борада собиқ Шўро давлатларидан Грузия олиб борган ислоҳат ўрнак сифатида келтирилади.

Грузия Атиргул инқилобидан сўнг давлат томонидан футболга маблағ ажратишни бутунлай тўхтатгани ва ушбу маблағни бошқа соҳаларга йўналтирилгани айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар