Россия ушлаган Шалтай-Болтай ким?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Хакер Александр Галазастиков Эстонияда яширинмоқда.

"Шалтай-болтай" аъзолари Россияда ҳисбга олинаркан, гуруҳнинг Эстонияда яширинган аъзоси Александр Глазастиков нима учун хакерлик ишига аралашиб қолгани ҳақида айтган.

Таллинда Би-би-си билан учрашган хакер Глазастиков қандай қилиб маълумот ўғирлаш ва уни сиздириш борасида гапириб берган.

"Ишимдан зериккандим, бирон нарса қилгим келарди. Қандайдир қизиқ нарса" - дейди Александр Глазастиков ўзининг қандай қилиб илк бора хакерларга қўшилиб қолганини эслаб.

Глазастиков журналист Владимир Аникеев билан бирга "Anonymous International" ни ташкил қилди. Гуруҳ кейинчалик "Шалтай-Болтай" номи билан машҳурлашди. Аникеев ҳозир Москвада ҳибсга олинган.

"Мен асосан муҳаррирлик қилардим, айни дамда айрим таҳлиллар билан ҳам шуғулланардим. Аникеев менга юклаб олинган электрон почта мактубларини берганида, омма учун бирор қизиқроқ маълумот чиқармикин деб қараб чиқардим" - дейди Александр.

"Кремлнинг рақиблари"

У гуруҳ ишига "Кремлга мухолиф бўлган сиёсий-йўналишли лойиҳа" сифатида баҳо беради. Аникеев билан ҳамкорликда Россиянинг олиймақом мулозимлари ва Кремл билан мустаҳкам алоқага эга ишбилармонларнинг шахсий мактубларини ошкор қилиш билан шуғулланишарди.

"Ушбу маълумотлар оммага очиқ бўлишини истардик. Кремлнинг ғоявий рақиблари эдик. Кейинчалик бу ишларга бироз тижорат арашлагани рост. Биз айрим нарсаларни сотдик, эски маълумотларни пул эвазига ўчириб ташладик. Бироқ лойиҳанинг бош мақсади коррупцияга қарши курашиш эди."

Сиздирилган маълумотлар Россияда коррупциянинг кўламини кўрсатиб турарди.

"Айрим ростгўй одамларга ҳам дуч келдик. Бироқ улар бармоқ билан санарли эди. Деярли ҳамма коррупцияга ботганди" - дейди Александр.

Суҳбатдошимиз Президент маълумотларини бузишга ҳам бу хакерлик гуруҳи ҳаракат қилганми, деган саволга жавоб берди.

"Путин информацион технологияларга ошно одам эмас, лекин Медведов қизиқади" - деди у.

"Шолтай-Болтай" бир марта Бош вазир Дмитрий Медведовнинг Twitterдаги саҳифасини бузганлиги билан ҳам эсда қолган.

Охир оқибат гуруҳ ўзига нисбатан босимларни сеза бошлади.

"Икки йил олдин Россия ҳарбий контрразведкаси бизнинг ортимиздан тушгани ҳақида миш мишларни эшитдик. Сув ости ҳарбий базалари, уларнинг қайта қилинган конструкциялари ва аниқ манзиллари борасида айрим маълумотларни чоп қилганимиздан сўнг ҳарбийлар ғазаб отига минганди"- эслайди Александр.

Унинг иддоа қилишича, 2016 йили Россия хавфсизлик хизмати, ФСБ, юқори мулозимларидан бири "Шалтай-Болтай"нинг кураторига айланган.

Жентлменча келишув

"Бошида лойиҳа мустақил эди. Бироқ ўтган йилнинг ўрталарида Аникеев менга ФСБдан юқори лавозимли расмий келиб кураторлик ёки далоллик қилиш ҳақида гапирганини айтди" - дейди Александр.

"Йигитлар, бизда сиз ва лойиҳангиз ҳақида аллақачон маълумот бор. Бироқ биз ҳамкорликда ишламоқчимиз. Биз хавфсизликларингизни таъминлаш учун ҳимоя қилиб турамиз. Чоп қилинадиган материалларга вето қўйиш ҳуқуқимиз бўлади. Ҳар қандай нарсани чоп қилишдан бир кун олдин бизга хабарини берасизлар. Гоҳида биз ҳам сизлардан бирор материални чоп қилишни сўраб туришимиз мумкин, деганди" - давом этади Глазастиков.

"У ерда жентлменларча келишув бўлган. Аникеев менга кураторнинг исмини ҳеч қачон айтмаган".

"Кўриб турганингиздек Аникеев ҳозир ҳибсда ва бундан у қўллаш бўлмаган деган хулоса чиқади".

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Хакерга кўра, Президент Путин информацион технологияларга ошно эмас.

Россияда уч киши "Шалтай-Болтай"га алоқадорликда гумон қилиниб ҳибсга олинди. ФСБда ҳибсга олишлар бўлди. Уларнинг ичида ФСБ ахборот хафвсизлиги маркази раҳбари ўринбосари Сергей Михайлов ҳам бор. У АҚШ манфаатлари учун хиёнат қилганликда айбланмоқда.

Россия расмийлари ФСБдаги ҳибсга олишларнинг "Шалтай-Болтай" иши билан алоқаси йўқлигини таъкидламоқда. Бироқ Россия матбуоти Михайлов "Шалтай-Болтай"нинг ФСБдаги куратори бўлганлиги тўғрисида хабарларни чиқарди.

Россия гўёки Ғарбдаги почталарни бузган хакерларни давлат миқёсида қўллагани айтиларкан, Александр "Шалтай-Болтай"нинг бу ишларга аралашганини инкор этади.

"Бизда Россия ташқарисида бўлган бирор кимса ҳақида маълумотни бузиб ўғирлаш ёки топиш борасида ҳеч қандай қизиқиш бўлмаган. Кремл ва унинг атрофидагилардан бошқа мақсадимиз йўқ эди".

Мен Александрдан ўзини Робин Гуд ёки жиноятчи сифатида билиши билан қизиқдим.

"Агар сиз мендан бирор электрон почтани бузиб кирдингми, деб сўрасангиз, йўқ, бундай қилмаганман. Мен маълумотни қабул қилиб олганман. Уни ўқиб, таҳлил қилиб, сайтимизга жойлаганман".

"Қандайдир нотоза пул олганманми? Ҳа. Балки мен пул қаердан келаётганини сўрагим келмагандир. Балки бу мен томондан йўл қўйилган хатодир. Лекин бу ҳаёт. Мен бундан фахрланмайман".

"Бентлей сотиб олмаганман"

Унинг тан олишича, маълумотлар ўғирланганини билган, бироқ гуруҳ чоп қилган аксар материаллар "жамоатчилик қизиқишига сабаб бўлганлиги учун бу нарсани оқлаб кетса керак" - дея ўйлаган.

Хакерлик ортидан улар, хусусан, Александарнинг қанча пул ишлагани ҳам Би-би-си сўраган саволлардан бири эди.

"Йўқ, мен бирорта уй ёки Бентлей сотиб олганим йўқ" - кулади у.

Александр Эстониядан бошпана сўраш ниятида. У Эстониянинг Кремлга ўхшамаслигини ва уни Россияга топширмаслигига умид қилади.

"Мен Эстонияни яхши кўраман, Кремлни эса ёмон."

У Россияга қайтарилган тақдирда шу заҳоти ҳибсга олинишига ишонади.

"Мен хиёнат қилмадим, лекин ҳукумат манфаатларига қўл чўздим" - ўзи фаолияти ҳақида хулоса қилади Александр Глазастиков.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ