Ўзбекистон: Эшак гўшти таомларга тушганми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи kun.uz
Image caption Самарқандда топилган "эшаклар қабристони" кўплаб саволларни юзага келтирганди.

Самарқанддадаги "эшаклар қабристонида" топилган суяклар ортидан тергов-суриштирув жараёнида жониворларнинг гўшти нима учун ишлатилгани ўрганилган.

Эшакларнинг гўшти сув ҳавзасидаги балиқларга, суяклари эса майдалангач товуқларга ем сифатида берилгани аниқланган. Териси сотилган.

Айбдорлар энг кам иш ҳақининг 2 баробари миқдорида жаримага тортилган.

Ушбу ҳодисани жамоатчиликка етказган самарқандлик журналист Тошпўлат Раҳматуллаевнинг блоги http://rtoshpulat.blogspot.co.uk да ёзилишича, сув ҳафзаси бўйида эшаклар қабристони юзага келишига сабаб бўлган 5 киши устидан маҳкама жараёни бўлиб ўтган.

Журналист ҳодиса юзасидан Самарқанд туман ички ишлар бошқармасига мурожаат қилган.

Бошқарма бошлиғи милиция подполковниги Отабек Жалиловнинг жавобидан бу борада тергов-суриштирув ишлари якунига етгани ҳодисага алоқадор 5 кишининг шахси аниқлангани айтилган.

"Жавоб хатида эшакларнинг гўшти бирор бир мақсадда ишлатилмагани алоҳида кўрсатилган. Менимча, бу ерда эшак гўшти жамоат овқатланиш нуқталари бормаганини урғуламоқчи бўлишган. Иш жиноий ишлар бўйича Самарқанд туман маҳкамасига топширилгани айтилган", - деб ёзади Тошпўлат Раҳматуллаев.

Туман маҳкамасида ушбу иш материллари билан танишиб чиқишга муваффақ бўлган журналист унда Самарқанд вилоятида истиқомат қилувчи 5 кишининг иштирок этганини ўрганган.

"Самарқандга борсам мен агар..."

Маълум бўлишича, Шоҳрух Алибеков Малайзида юрган вақти Азизбек Раҳмонов билан танишади. Азизбек унга маълум маблағ эвазига эшак териси етказиб бериш таклифини беради.

Маҳкама ишида ёзилишича, гуруҳ Булунғур ва Жомбой туманларидан эшак сотиб олиб юк машиналарда Самарқанд туманидаги Дўстлик маҳалласига олиб келишган.

Ўша ерда эшакларни сўйиб терисини ўзларига олиб қолишган ва гўштини жар ва сув ҳазасига ташлашган.

Image caption Эшак гўшти ҳеч қаерда таомларга тушмагани айтилмоқда

Гуруҳ аъзоларидан бири эшак гўштини сув ҳавзасида боқаётган балиқларга ем сифатида берган. Суякларни ускунада майдалаб товуқларнинг емига омухта сифатида қўшган.

Гуруҳ эшак бизнеси билан бир ой давомида шуғулланган.

Самарқанд ички ишлар борқармаси терговчиси М. Сафаров гуруҳ фаолияти таркибида жиноий аломатлар йўқлигини инобатга олиб, улар устидан жиноий иш очмаслика қарор берган.

24 январь куни Самарқанд туман жиноий ишлар бўйича судда маҳкама жараёни бўлиб ўтган. Ҳакам 5 кишини ҳайвонларга шавқатсиз муносабатда бўлиш айби билан маъмурий жавобгарликка тортган.

Эшаклар қабристони хабари орқали матбуот эътиборига тушган 5 "тадбиркор" энг кам иш ҳақининг икки баробарида жарима билан қутилган.

Самарқанд шаҳри ёнидан эшаклар қабристони топилиши ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқлар ва маҳаллий хабар сайтларида энг кўп муҳокамага сабаб бўлганди.

Upl.uz сайти бу каби хабарлар Ўзбекистонга келмоқчи бўлаётган сайёҳларни чўчитиб юбориши ва уларда Ўзбекистон ҳақида нотўғри таассурот пайдо бўлиши мумкинлигини эътиборга олиб бу ҳақда ёзмасликни сўраб чиқди.

Машмашага вилоят миқёсида раҳбарият ўз эътиборини билдириб, ушбу ишни ўрганиш вазифаси топширилганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ