Бобурдан биз билмаган икки сўз

Image caption Бобур Мирзо - шоҳ, шоир, саркарда ва файласуф.

Сўзлар ҳам тирик организмга ўхшайди: туғилади, турли саргузаштларни бошидан кечиради, баъзан вақт ўтган сари таниб бўлмас даражада ўзгаради, бир тилдан иккинчисига кўчади, ўлади, хотирага айланади ва ҳоказо.

Баъзан бир сўз босиб ўтган йўлда бутун инсоният тарихини кузатиш мумкин. Қуйида биз буюк бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларида қўлланилган икки сўз ҳақида бироз мулоҳаза юритмоқчимиз.

Бобурнинг пароли

Дастлаб "пароль" ҳақида. Бу сўз, айниқса, электрон почта пайдо бўлгандан кейин оммалашиб кетди. "

Ўзбек тилининг изоҳли луғати"да унга шундай изоҳ берилган: "Пароль [р<фр] Ҳарбий хизматда ёки яширин ташкилотларда ўз кишиларини таниш учун учрашганда айтиладиган ва олдиндан белгилаб қўйиладиган шартли махфий сўз". Аммо ҳозирги француз тилида "пароль" сўзи мазкур маъноларда қўлланилмайди.

Тўғри, "парол"нинг бош маъноси "сўз", аммо биз тушунган "сўз" маъносида француз тилида "mot" калимаси ишлатилади. Агар французга: "электрон почтангизнинг паролини ёзинг", десангиз тушунмайди. Бу маънода француз тилида инглизча "password" каби "mot de passe" ("ўтиш сўзи") қўлланилади.

(Ҳозирги француз тилида "parole" сўзи: (бирор маросимда) сўз олиш, сўзга чиқиш (prendre la parole); ваъда, сўз бериш; қўшиқ матни каби маъноларда ишлатилади.)

Мен французчани энди ўргана бошлаганда "рarole" французча "parler" ("сўзламоқ") феълидан, деб ўйлардим, улар бир ўзакдан бўлиши мумкин, аммо яқинда француз тилининг изоҳли луғатлари: "Le Petit Robert" ва "Larousse"ни варақлаб, бу сўзни асли лотин тилида қўлланилган "parabola" эканлигини кўриб ҳайрон қолдим. Лотин тилида "parabola" дастлаб Инжилдаги диний, мажозий (аллегорик) ҳикояларга нисбатан ишлатилган.

Аммо бу диний атамани оддий халқ ўз тилига мослаб - "paraula" шаклида талаффуз этган, кейинчалик "paraula", "сўз" маъносида, итальян тилига "parola" француз тилига "parole" шаклларида кўчган.

Аммо "para-" - "ёнида", "ёнма-ён", ""ташқарисида" каби маъноларни билдирувчи олд қўшимча иштирокида ясалган сўзлар лотин тилига юнончадан ўтган (мисол учун: "параллел", "парапсихология"). "Parabola"нинг юнон тилидаги шакли "paravolí" ("παραβολή") бўлиб, луғавий маъноси: икки нарсани ўзаро "қиёслаш", "солиштириш"дир.

Image caption Бобурнинг қабри у туғилган ва бошқарган икки юрт ўртасида - Кобулда.

Шунингдек, бу атама "мажозий (аллегорик) ҳикоя", "масал" маъноларида Муқаддас Китоблардаги ҳикояларга нисбатан ҳам ишлатилган.

Аммо "мажозий ҳикоя" маъноси "paravolí"нинг ўзак маъносидан англашилмайди, демак бу маъно атамага кейинчалик бошқа тилдан юкланган.

Маълумки, Қуръони Каримдан олдинги Муқаддас Китоблар иброний тилида нозил этилган бўлиб, ўша динларга оид кўпгина атамаларнинг илдизи ҳам мазкур тилга бориб тақалади. Иброний тилида Муқаддас Китоблардаги мажозий ҳикояларга нисбатан "машал" сўзи ишлатилган ва унинг юнон тилидаги табдили сифатида "paravolí"дан фойдаланилган.

Айни пайтда, яҳудий, араб ва бошқа сомий халқларнинг (семит халқларининг) тиллари, айниқса, яҳудий ва араб тиллари бир-бирига жуда яқин. Масалан, кўплаб сўзларни яҳудийлар "ш" товуши орқали, араблар эса "с" орқали талаффуз этади. Айтайлик, "йил" - араб тилида "сана", яҳудийларда "шона", "бош" - араб тилида "раъс" - яҳудийча "раъш", арабча "салом" - яҳудийларда "шалом" ва ҳаказо. Шу қонуният-ла яҳудийча "машал"нинг арабча "масал" эканлигини ва бу сўз ўзбек тилида ҳам фаол эканлигини илғаш қийин эмас.

Алқисса, "пароль" сўзи шундай эврилишларни бошидан кечириб, ҳозирги француз тилида оддийгина "сўз" маъносини билдиради. Қўшиқчи Далида ва Аллен Делон ижросидаги машҳур "Paroles, paroles, paroles" ашуласида эса бу сўз ҳаттоки қўриқ гап маъносида келган. :

Ушбу қўшиқ сўзлари французча бўлсада, нақоратдаги "пароль" сўзи французча "пағол" деб эмас, балки аслига, яъни лотинчага бир қадам яқин - итальянча "паролэ" шаклида талаффуз этилган. (Сабаби у итальян қўшиқчилари: Мина ва Альберто Лупо ижросидаги шу номли қўшиқнинг французча вариантидир).

Хуллас, "пароль" сўзининг этимологияси, аслиятдаги маънолари, рус тилида ва ўзбек тилида бирдирадиган маъноларидан фарқли. Аммо унинг биз тушунадиган "шартли махфий сўз" маъносига яқин бир сўзни Заҳириддин Муҳаммад Бобур "Бобурнома"да келтиради. "Бобурнома"дан ўқиймиз:

"Бу кайфият мундоқ экандурким, Айюб Бекчикнинг туманидин бир неча мўғул Ўшдин биздин айрилиб қазоқлиққа Андижоннинг гирдиға келган экандурлар. Бизнинг черикнинг ғавғосин эшитиб, инчкалик била илгаррак келиб ўрондошурлар (таъкид бизники. А.Ҳ.) Бу ўрон икки нав бўлур: улким, ҳар қавмнинг ўрони бор, нечукким, баъзи қавмнинг ўрони "дурдона"дур ва баъзининг "тўқбой", баъзининг "лулу"; яна бир тамом черикка иш маҳалида икки лафзни ўрон қўярларким, иш вақтида учрашқонда, бири бир лафзни айтқонда, яна бири ул маъҳуд (аҳдлашилган. А.Ҳ.) лафзни айтқай, то бу тариқ била ул ёғийдан айрилғай ва ўз кишисини ётдин фарқ қилғай" ("Бобурнома". 2002. 92 бет).

Яъни, ушбу ўринда Бобур Марказий Осиёда мўғул қавмлари ўртасида Чингизхондан кейин ҳам унинг ҳарбий анъаналари давом эттирилгани ҳақида гапиради. Бобурга кўра, "ўрон" - икки томон ўртасида келишиб олинган, "аҳдлашилган" "шартли махфий сўз".

Ўрон икки хил бўлади, - дейди Бобур, - биринчиси, ҳар бир қавмнинг, уруғнинг ўз махфий сўзи бўлади. Иккинчиси, иш, яъни жанг ёки зиддият маҳалида аскарлар ўртасида "махфий сўз" келишиб олинади ва ўз одамини душмандан фарқлаш учун ўша сўз айтилади".

Эътибор қилинса, Бобурнинг "ўрон" сўзига берган мазкур изоҳи ҳамда "пароль" сўзига "Ўзбек тилининг изоҳли луғати"да келтирилган шарҳ деярли бир хил. Яъни, иккаласи ҳам: "ўз кишиларини таниш учун учрашганда айтиладиган ва олдиндан белгилаб қўйиладиган шартли махфий сўз".

"Ўрон" - "ўз", "ўзимизники" маъноларидаги мўғулча "ўр", "ўров" сўзларидан бўлиши мумкин, аммо бу сўзни туркийларга бегона деб бўлмайди. Мирзо Улуғбек "Тўрт улус тарихи"да мўғул тили илгари туркий тилга яқин эди, деб ёзади.

Қолаверса, туркий халқларда азалдан ҳар бир қабиланинг ўз белгиси бўлган. Маҳмуд Кошғарий "Девону луғотит турк"да: йигирма икки ўғуз уруғи "ҳар бирининг махсус белгилари, тамғалари" бўлганлигини ёзади (1 том, 89 бет).

Чингизхон ўрдусининг аксарият қисмини эса туркий қабилалар ташкил этган. Демак, бу сўз Олтин Ўрдага дахлдор туркий қавмлар, хусусан 92 ўзбек ўруғига ҳам таниш бўлган, дейиш мумкин.

Ўзбек халқ достонларида "ўрон" эмас, "ўрол" сўзи кўп учрайди. Хусусан, "Маликаи Айёр" китобидан олинган ушбу иқтибосдаги каби: "Шунда девлар Авазга қараб: "Ўв, жияним! Йўл бўлсин - гапнинг ўроли булади, сизларга йўл бўлсин?" - деди".

Эргаш Жуманбулбул ўғлидан ёзиб олинган «Равшан» достонидан: "Ўзбекка "йўл бўлсин" деган сўз гапнинг ўроли бўлади".

Ёки Тоғай Муроддан: "Гапнинг ўроли келди, айтайин..." ("Отамдан қолган далалар").

Гувоҳи бўлганимиздек, келтирилган ҳамма мисолларда "ўрол" "гап"нинг сифати бўлиб келяпти. Луғатда: "ўрол - гап ёки нутқнинг боши, бошланиш, муқаддима", деб изоҳланган. Юқорида биз "пароль" сўзини мушоҳада этганда "parabola" халқ тилига "paraula" шаклида кўчганлигининг гувоҳи бўлдик. "Ўрон" ва "ўрол"да ҳам шундай ҳодиса содир бўлган бўлиши мумкин.

Толеъ йўқи...

Бобур асарларини ўқиганда улар дилга яқинлиги, самимияти билан ҳам кишини ўзига жазб этади. Хусусан, қуйидаги рубоий беш аср ўтиб ҳам худди кечагина қўлоғимизга айтилгандай:

Толеъ йўқи жонимға балолиғ бўлди,

Ҳар ишники, айладим — хатолиғ бўлди.

Ўз ерни қўйиб, Ҳинд сори юзландим,

Ё Раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди?!

Ушбу мисраларда бугунги ўқувчи учун тушунарсиз сўз йўқ, аммо "толеъ йўқлиги"ни қандай изоҳлаш мумкин? Шоир барча омадсизликларининг сабабчиси фақат бир нарса - толесизлик эканлигидан шикоят қиляпти, гўёки "толеъ йўқлиги" тарозининг бир палласида, бошқа барча тафсилотлар иккинчи палласида. Нега Бобур бу ерда айнан "толеъ" сўзини қўллаган, уни "бахт", "омад", "тақдир" ёки бошқа сўз билан алмаштириш мумкинми?

"Толеъ" сўзи асли арабча, "чиқаётган", "кўтарилаётган" каби маъноларни билдиради. У "талаъа" (طلع) ўзагининг масдари. "Ўзбек тилининг изоҳли луғати"да "толеъ" сўзи "омад", "бахт" деб изоҳланган.

Аммо "талаъа" феълининг бирор бобида (араб наҳвида феъл боблари деган ҳодиса мавжуд) "омад" ёки "бахт"га яқин маъно кўрмадик.

Бунинг сабаби "Толеъ" сўзи аслида лотинча "асцендент" атамасининг арабча табдилидир. Лотинча "асцендо" феъли ҳам "талаъа" сингари "кўтарилиш", "чиқиш" каби маъноларни билдиради.

Маълумки, Аббосийлар даври Ислом оламининг уйғониши, илм-фан борасида юксак чўққиларга эришилган давр бўлди. Бу даврда жуда кўп илмий асарлар лотин, юнон, санскрит ва бошқа тиллардан араб тилига ўгирилди.

Шу жумладан, Батлимус (Птолемей) нинг "Ал-Мажистий" ва бошқа асарлари ҳам. "Ал-Мажистий" -астрономияга оид қомусий асар. Батлимуснинг бошқа асари - "Тетрабиблось" астрологияга оид.

Яъни ўша даврда шу каби илмий асарлар билан бирга кўпгина илмий атамалар ҳам араб тилига таржима этилган. Айни пайтда, илм-фан, хусусан, фалакиёт илмлари Ислом олами олимлари томонидан янада ривожлантирилди ва, ўз навбатида, Надир (Назир), Зенит (самтур-раъс), алдабиран каби юзлаб асли арабий, форсий бўлган атамалар билан бу илмлар бойитилди.

"Асцендент" деб - илми нужум (астрология) ва илми ҳайъат (астрономия) да - эплиптика чизиғининг шарқий уфқ (кунчиқар) билан кесишган нуқтасига нисбатан айтилади. "Толеъ" атамаси ҳам дастлаб фалакиётчи олимлар томонидан фақат шу маънода қўлланилган.

Астрологияда "асцендент", яъни "толеъ" нуқтаси муҳим ҳисобланади. Инсон туғилган сонияда кунчиқарда қайси бурж бўлганлиги, қайси сайёра кунчиқардан кўтарилаётганлиги ёки, бошқачароқ айтсак, тулуъ этаётганлигига қараб мунажжимлар унинг феъл-атвори, ташқи кўриниши ҳақида маълумот бера олади.

Илми нужумга кўра, инсон тақдири, биринчи навбатда, у туғилган сонияда толеъида, яъни кунчиқарда қайси бурж, қайси сайёра бўлганлигига боғлиқ.

Шу боис "толеи - порлоқ", "толеи кулган" каби иборалар мавжуд. "Толеъ" сўзининг "бахт", "омад", "тақдир", "қисмат" каби сўзлардан фарқи - у мутлақо илми нужумга оид тушунчадир."Истараси (сетораси) иссиқ" ёки "юлдузи иссиқ" каби иборалар ҳам шу маъноларда.

Ўтмишда илм аҳли, адибу шоирларнинг аксарияти ушбу илмлардан муайян даражада хабардор бўлишган.

Хусусан, Шарафиддин Али Яздий илми нужумга оид рисола ҳам ёзган, "Зафарнома"да бу илмга оид атамалар жуда кўп қўлланилади. Навоий достонларининг баъзи бобларини фалакиётга оид атамаларни билмай туриб тушуниб бўлмайди.

Шу каби Бобур ҳам "толеъ" сўзининг туб маъносини тўла ҳис қилган ҳолда уни қўллаган. Келинг, сўзимиз сўнггида мазкур рубоийни яна бир бор ўқиб кўрайлик:

Толеъ йўқи жонимға балолиғ бўлди,

Ҳар ишники, айладим — хатолиғ бўлди.

Ўз ерни қўйиб, Ҳинд сори юзландим,

Ё Раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди?!

Мақола муаллифи: Филология фанлари номзоди Абдувоҳид Ҳайит.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ