Туркия: Абдулқодир Машариповга айблов эълон қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Абдулқодир Машарипов 16 январь куни Истанбулда қўлга олинганди.

Туркия маҳкамаси янги йил кечаси Истанбулдаги тунги клубда 39 кишини ўлдирганликда гумонланиб қўлга олинган ўзбекистонлик Абдулқодир Машариповга нисбатан расмий айблов эълон қилган.

Турк расмийлари ҳужумда "Исломий давлат" гуруҳини айблаганлар.

Анадолу агентлигига кўра, Машарипов расман қуролли террорчи гуруҳга аъзо бўлиш, қотиллик, оғир қуролга эга бўлиш ва конституциявий тузумга тажовуз қилишда айбланади.

У 16 январ куни Истанбулнинг Эсенюрт мавзеъсида полиция ўтказган рейд чоғида қўлга олинганди.

ИШИД ҳодисадан бир кун ўтиб, ҳужум учун масъулиятни зиммасига олган.

Аввалроқ Истанбул вилоят ҳокими Васип Шаҳин ўзбек ҳужумчи "айбига иқрор бўлган"ини айтганди.

Унга кўра, Машарипов Афғонистонда махсус тайёргарликдан ўтган.

Туркия расмийларининг айтишларича, Машарипов Туркияга 2016 йил январида ноқонуний келган.

У Кўнё шаҳрида Машарипов аёли ва икки фарзанди билан яшаган.

Турмуш ўртоғи унинг ИШИДга аъзолигидан хабари бўлмаганини айтган.

Эсенюртдаги хонадонда Машарипов билан бирга, Сенегал, Миср ва Сомалидан келгани айтилган уч аёл қатори бир ироқлик эркак ҳам ҳибс этилган.

Туркия полициясининг айтишича, хонадондан қурол-яроқ, ўқ-дори ва 200000 АҚШ доллари топилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption "Рейна" тунги клубига Ҳужумда 39 киши ҳалок бўлган.

Янги йилга ўтар кечаси Истанбулнинг "Рейна" тунги клубига уюштирилган ҳужумда 39 киши ҳалок бўлган, 40 одам яраланган,

Ҳалок бўлганларнинг аксарияти хориж фуқароларидир.

Ўтган бир ярим йил ичида ИШИД Туркиядаги йигирмага яқин террорчилик ҳужумлари учун масъул экани айтилган.

Туркия махсус кучлари гуруҳнинг мамлакатдаги яширин тармоғига қарши хавфсизлик амалиётларини кучайтирган.

Ўтган дам олиш кунлари Туркия бўйлаб ИШИД га алоқадор деб кўрилган 748 киши ҳибсга олинган.

Истанбулда ҳибсга олинган 400 га яқин шахс орасида марказий осиёликларнинг ҳам борлиги айтилади.

Ўзбекистон томони Абдулқодир Машариповнинг ўз фуқароси эканини борасида баёнот бермаган, аммо 2 февраль куни "Тошкент" телеканалида намойиш этилган ҳужжатли фильмда Машариповнинг "ўзбек" экани айтилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viberда - телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг