Муҳаммад Бекжон озодликка чиқди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Social media
Image caption Муҳаммад Бекжон озодликка чиқди

18 йилдан бери Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаётган журналист Муҳаммад Бекжон озодликка чиқди. Бу ҳақда журналистнинг укаси Мақсуд Бекжон хабар қилган. 1999 йилги Тошкент портлашларида айбланиб 14 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Муҳаммад Бекжон жазо муддатини ўтаган бўлсада турли сабаблар билан муддати узайтириб келинаётган эди.

63 яшар журналистнинг қизи Ойгул Бекжон отаси 2016 йилнинг 15 декабрида жазо изоляторига ташланганини ва унинг жазо муддати яна узайтирилиши мумкинлигидан хавотир билдирганди.

Тошкентдаги АҚШ элчихонаси журналист Муҳаммад Бекжоннинг 18 йилдан сўнг озодликка чиққанини олқишлаган.

"Унинг оиласи бағрига қайтганини кўришдан хурсандмиз. Муҳаммад Бекжоннинг озодликка чиқарилишини Ўзбекистон ҳукумати томонидан қўйилган ижобий қадам дея баҳолаймиз. Ўзбекистонни узоқ муддатдан бери қамоқхоналарда қолаётган бошқа журналист, фаол ва диний маҳкумларни озод қилиб, ушбу руҳда давом этишга чақирамиз", - дейилади элчихона томонидан тарқатилган хабарда.

Жаҳондаги тутқинликда энг узоқ сақланган журналист

Париждаги "Чегара билмас мухбирлар" ташкилотига кўра, 62 ёшли Муҳаммад Бекжон дунёдаги энг узоқ муддат қамоқда қолаётган журналист ҳисобланади.

У мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг укаси ва "Эрк" рўзномасининг собиқ бош муҳарриридир.

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов вафотидан сўнг ҳукумат тепасига Шавкат Мирзиёевнинг келиши жамоатчиликда сиёсий айбловлар билан қамалган маҳкумлар нисбатан ўзгача муносабат бўлиши кутилаётган эди.

АҚШ элчихонаси 2016 йилнинг 3 октябр куни Муҳаммад Бекжоннинг туғилган куни билан табриклаган ва уни "шубҳали айбловлар билан қамоққа ташланганини" билдирганди.

Журналистларнинг халқаро ташкилоти ушбу рўзнома ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муаммоларни ёритган мустақил Ўзбекистондаги илк нашрлардан бири бўлганини қайд этган.

1999 йилги Тошкент портлашларидан Ўзбек режими ўз танқидчилари овозини ўчириш мақсадида фойдаланди ва қийноқлар остида Муҳаммад Бекжон терроризмга алоқадорлигини тан олишга мажбур бўлди, дейилади "Чегара билмас мухбирлар" баёнотида.

Муҳаммад Бекжон ва яна бир ўзбекистонлик журналист Юсуф Рўзимуродов 1999 йил Тошкент портлашларидан кейин Украинада қўлга олиниб, Ўзбек ҳукумати талаби билан ватанига экстрадиция қилинган.

Олти ой ўтгач, уларга тақиқланган газета ва материаллар чоп этиш ва тарқатиш, тақиқланган сиёсий намойишларда қатнашиш ҳамда ҳукуматни ағдаришга уриниш каби айбловлар қўйилган.

Маҳкама жараёнида Бекжонов ва Рўзимуродов ўзларига қўйилган айбларни рад этиб, қийноққа солинганларини айтишган.

Маҳкама Муҳаммад Бекжонни 15 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарган, 2003 йилда унинг жазо муддати 3 йил 8 ойга қисқартирилган эди.

2012 йил январда жазо муддати ниҳоясига етишидан олдин Ўзбек маҳкамаси Бекжоновни қамоқхона тартибини бузганликда айблаб, унинг жазо муддатини яна беш йилга чўзган.

Шу йил март ойида Навоийдаги қамоқхонада турмуш ўртоғини бориб кўрган Муҳаммад Бекжоннинг аёли Нина Бекжонова унинг саломатлиги жуда ёмонлашганига гувоҳ бўлган.

Ўшанда Нина Бекжонованинг айтишича, турмуш ўртоғи сил касаллигидан азоб чекмоқда, грижасини олиб ташлаш учун жарроҳлик амалиёти зарур.

Муҳаммад Бекжон мухолифатдаги "Эрк" партиясининг раҳбари, Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг етакчиси Муҳаммад Солиҳнинг укасидир.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг