Тожикистон: "Гиёҳванднинг ҳаёти - дўзах"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Биринчи марта гиёҳванд моддаларни истеъмол қилганда Қиматшо 14, Фаина 20, Александр эса 22 ёшда бўлган. Ҳаммасининг оиласи, дўстлари, келажакка тузилган режалари ва кейин илк бора наркотик татиб кўриш тажрибаси каби ўз ҳикояси бор. Ундан кейин ҳаммаси бир зайлда давом этган - судланиш, ВИЧ юқтириш, қўрқув ва ёлғизлик.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва Ижтимоий ҳимоя вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда 7067 гиёҳванд моддалар истеъмолчиси бор. Уларнинг кўпчилиги ҳуқуқ тартибот органларининг таъқибидан қўрқиб давлат клиникаларида даволанишни истамайди.

Мустақил экспертларнинг таъкидлашича, гиёҳвандлар борасидаги расмий рақамлар кўп маротаба пасайтириб кўрсатилган. Агар ушбу маълумотларни 2012 йилдагисига солиштирилса, ўшанда ҳукумат 7135 киши бор деган эди, беш йил давомида қорадорига мубтало шахсларнинг сони деярли ўзгармаган.

Гиёҳванд моддаларга қарши кураш агентлиги раҳбари Шерхон Салимзоданинг яқинда маълум қилишича, ўтган йили республикада 3 тонна гиёҳванд моддаси мусодара қилинган, бу 2014 йилги кўрсатгичлардан бир тонна камдир.

"БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноят бўйича бошқармаси маълумотларига кўра, 2015 йилда Афғонистонда гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш 3 минг тоннагача камайган, экин майдонлари эса 41 минг гектарга қисқарган", - дейди Шерхон Салимзода.

БМТ бошқармасининг сўнгги ҳисоботига кўра, 2016 йилда қорадори экин майдонлари яна 20 минг гектарга кўпайди ва ҳосил 43 фоизга ошиб - деярли беш минг тоннага етди.

Бироқ расмийлар қорадори ҳосили динамикасини кузатаркан ва қуруқ ҳисоботлар чиқариш билан банд бўларкан, қоралаш ва қўрқув муҳитида яшаётган гиёҳванд моддаларга мубталолар ва яқинларининг тақдири эътиборсиз қолмоқда.

Қиматшо Юсуфшоев, 40 ёш

Қорадори нафақат менинг ҳаётимни вайрон қилди, балки укам ва синглимнинг бевақт ўлимига сабаб бўлди. Уларга ёрдам беришга, бу йўлдан қайтаришга ҳаракат қилдим, ўз ҳаётимни мисол қилиб кўрсатдим, бироқ қорадорига муккасидан кетишлик кучлилик қилди.

Илк марта оилам фуқаролик урушидан жон сақлаш мақсадида 1993 йили Помирга қочганида, 14 яшарлигимда наркотик истеъмол қилиб кўрганман. Ўшанда тишим оғриб қолганди. Шифокорга кўриниш учун туман марказига бориб бўлмасди, на машина ва на пулимиз бор эди.

Уруш даври бўлгани учун Помирда жуда ҳам кўп қочқин бор эди. Бир неча кун тишим оғриб юрди. Бир танишим оғриқни қолдириш учун кўкнори ейишни маслаҳат берди. Оғриқ ростдан ҳам қолди. Лекин эртаси куни тишим яна оғрий бошлади, мен яна дори учун кетдим.

Ўша вақти қорадори топиш муаммо эмасди. Биз 90 чи йилларда тожик-афғон чегарасини қўриқловчи Россия чегарачилари билан келишиб олгандик. Бизга Панж дарёсини қўлбола қайиқларда сузиб ўтиб, наша олиб уйга қайтишимизга маълум вақт беришарди.

Орадан маълум вақт ўтганидан сўнг наркотикка ўрганиб қолдим. Ўша вақти унинг оқибатлари ҳақида ўйламасдим. Менга оғриқни қолдириш учун наша керак эди.

Биз каби эътибордан четда қолган ва йўқотилган одамларга нисбатан жамиятнинг муносабати ҳақида кўп ўйлайман. Бошқа томондан ушбу ўтни сотувчилар одатда обрўли шахслар бўлади. Уларда таъсир ва пул бор, демак, ҳурмат ва қўллаб қувватлов ҳам бор. Улар томонидан тақдири синдирилган ёшлар уларни қизиқтирмайди. Муҳими - пул, бу ахир бизнес. Ахир ҳеч ким бировни наркотик истеъмол қилишга мажбурламайди.

Мамлакатдаги унча катта бўлмаган ўртача маошга солиштирганда Тожикистонни гиёҳванд моддалар савдоси учун жозибадор дейиш қийин. Республиканинг қонуний иқтисоди 1991 йил СССР тарқаганидан сўнг ва ундан кейин 5 йил давом этган фуқаролик уруши даврида деярли йўқ қилинди.

Америка Марказий разведка бошқармасининг маълумотларига кўра, Тожикистоннинг Ички Ялпи Маҳсулоти 1998 йили 1990 йилга солиштирилганда 57 фоиз паст бўлган. ИЯМ киши бошига 180 долларни ташкил қилган ва МДҲ давлатлари ичида энг паст кўрсатгич эди.

Бугун ушбу кўрсатгич жон бошига 1036 долларни ташкил қилади. Жаҳон банки тоифалашига кўра, ИЯМнинг энг "паст" кўрсатгичи киши бошига 1035 доллар ва ундан қуйини ташкил қилади.

Камбағаллик манзарасида Афғонистон билан қўшни бўлиш қорадорини кўпчиликка қўл етар даражада қилиб қўйди.

Александр, 48 ёш

Москвадаги Шукинский билим юртида ўқидим. Лекин 1985 йили қаттиқ зилзила бўлган ватаним Хўжандга зудлик билан қайтишга тўғри келди. Кўчада қолган ота-онамга ёрдам беришим керак эди. Кўп бинолар вайрон бўлганди. Вақтинча қайтгандим, лекин кейин армияда хизмат қилиш, Иттифоқнинг тарқаб кетиши, Тожикистондаги фуқаролик уруши сабаб билим юртини битиришнинг имкони бўлмади. Пешанада шундай ёзилган экан.

90 чи йилларда наша чекиш урф бўлганди. Ҳамма дўстларим ва қўшниларим чекишарди. Уларнинг кўпчилиги меъёридан ортиқ истеъмол қилишдан ўлиб кетди

Наркотикни бемалол топса бўларди. Уларни ҳатто сотишмасди, шунчалик кўп бўлганидан бўлишардик. Кайфу сафо қилдик, охири даҳшатли якун топди.

Кейин героин пайдо бўлди. Биз унинг нима эканлигини умуман билмасдик. Текинга беришарди.

Қамоққа тушган вақти турмуш ўртоғим билан ажрашдик. Наркотикка боғлиқ жиноятлар билан 3 марта судланганман. Мамлакатимизда биз, хаста инсонлар, яъни қурбонга айланган ва ёрдамга муҳтож одамлар билан кураш олиб борилади.

Наркотикка мубталолар дарҳол кузатув остига олинади. Бироқ улар қорадори сотиб оладиган одамларни ҳеч ким назорат қилмайди. Нимага?

Героиннинг бир кишилик миқдори 100 сомони (тахминан 13 доллар) туради. Уни сотиб олиш ҳар доим қалтис бўлиб келган.

Пул топиш осон эмас, шун сабаб жуда кўпчилик учун наркотик ўрнини босишга қаратилган даволаш халоскор вазифасини ўтайди. Ушбу даволаш услуби бўйича, қорадори истеъмол қилишга муккасидан кетганларга шифокор назорати остида наркотик дори - метадон берилади.

Бир неча йил олдин дунё ОАВ Марказий Осиё давлатлари орқали ташиладиган наркотик моддалар уларнинг иқтисодини мустаҳкамлаши ҳақида гапира бошлади. Наркотик ташишдан келадиган фойда ИЯМнинг 30 фоизига тенглаштирилганди.

Ғарб матбуотининг бонг уришича, коррупция билан тил бириктириш орқали наркотик ташиш бозорининг йирик ўйинчилари даҳлсиз қолмоқда. Тожикистонни таъсирли савдогарлар ҳукумат ва парламентда ўрин оладиган гиёҳванд давлат дея аташганди.

Наркотик моддалар тужжорларига юқори лавозимли шахслар билан алоқаси сабаб кўпчилик ҳурмат билан қарайди. Гиёҳванд моддалар истеъмолига муккасидан кетганлар эса ёвқарашларнинг қурбонидир.

Бироқ Тожикистон транзит орқали бой бўларкан, мамлакат ичида қорадори истеъмол қилувчилар ҳам ортмоқда. Ушбу жараён бир неча йилдан бери давом этмоқда.

Фаина, 37 ёш

Мен Бошқирдистонда туғилганман. 90 йилларнинг бошида онам Кўрғонтепадаги 201- сонли Россия ҳарбий базасида хизмат қилаётган ўгай отамнинг олдига кўчиб келди.

Бир неча йилдан сўнг яқинларим ватанга қайтиб кетишди, мен эса қолдим. Турмушга чиқдим, қизчалик бўлдим ва ажрашдим.

Биринчи марта дўстлар даврасидаги базмда илк марта героин истеъмол қилиб кўрганман. Ўшанда 20 ёш эдим.

Орадан бир ярим ой ўтгач ўзимни жуда ёмон ҳис қила бошладим. Менда нималар рўй бераётганини тушунмасдим. Аммо дугонам бунинг ҳаммасига мен истеъмол қиладиган кукун сабабчи эканлигини айтди.

Фақат орадан бир йил ўтгач қандай катта муаммога дуч келиб қолганимни англаганман. Бу муаммодан мустақил қутилишга ҳаракат қилиб кўрдим. Бироқ орадан маълум вақт ўтгач мен яна наркотикларга қайтардим. Фоҳишалик қилиб пул топдим.

Ҳаётимда яхши дамлар ҳам бўлган. Душанбега кўчиб ўтдим ва мен учун қадрли ва яқин одамга айланган эркакни учратдим. У менга қорадори истеъмол қилишдан воз кечишда ёрдамлашди, даволаш учун шифохонага олиб борарди. Лекин мен қайта-қайта бангига айланардим. Охирги марта бир йил сабр қилдим, кейин яна бошланди.

Мен у билан 9 йил яшадим, кейин ажрашдик. Наркотик моддалар истеъмолига мубтало бўлиб қолган одам билан яшаш жуда ҳам қийин.

Бутун ҳаётим наркотикка боғлиқ. Наркотик учун қаердан пул топаман деб кечаси ўйлай бошлайман. Пул топишим билан қорадори сотиб оламан. Укол қилиб, бир қисмини тонгга сақлаб қўяман. Эрталаб эса кучли бош оғриғини ҳис қилмаслик учун яна укол. Секинлик билан иштаҳа йўқолиб боради. Овқатланиш учун пул ҳам йўқ. Кечгача бир амаллаб яшайман ва қандай қилиб наркотик топиш мумкин дея ўйлайман. Бу нарса мунтазам давом этади. Бу даҳшатли ҳаёт.

Яқинда ВИЧ юқтириб олганимни билдим. Фоҳишалик қилишда давом этаяпман. Уй юмушларини қилиш учун ишга кирган бўлардим, аммо мендай одамни ким ҳам уйига қўярди?

Наркоманнинг ҳаёти - бу дўзах. Бундай ҳаётни ашаддий душманимга ҳам раво кўрмайман. Бироқ бу меинг танловим ва қарорим эди. Ҳаётим эса бошқаларга бундай яшамаслик кераклиги эслатувчи намунадир.

Афғонистондан Россия ва Оврўпо давлатларига наркотик ташиладиган шимолий транзит йўлаги бўлмиш Марказий Осиё минтақаси аста-секинлик билан йирик истеъмолчига айланиб бормоқда.

Гиёҳвандликнинг бундай ўсиши натижасида ВИЧ ва СПИД юқтирувчилар сони ортмоқда. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ВИЧга чалинганларнинг аксарияти наркотик моддаларини томир орқали қабул қилиш орқали юқтирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг