"Чорсу"даги 50 га яқин дўконлар бузилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Social Media

Тошкент шаҳар ҳокимияти "Чорсу" бозоридаги 50 га яқин хусусий дўкон ва ошхоналарни бузишга киришган.

Ҳокимият мулозимининг Би-би-сига айтишича, "Кўкалдош" мадрасаси биқинидаги дўконлар бозорни қайта таъмирлаш режасига мувофиқ бузилмоқда.

Шаҳар ҳокимияти томонидан 2016 йил бошида маъқулланган режага кўра, бузилаётган тижорий иншоотлар ўрнида кўп қаватли янги, замонавий савдо расталари қад кўтаради.

Ҳокимият вакилининг Би-би-сига айтишича, бузилаётган ҳудуддаги хусусий дўкон ва ошхоналар эгалари реконструкция режасидан ўтган йили огоҳлантирилган ва уларга товон таклиф этилган.

"Кимдир янги жой, кимдир пул олаяпти. Ҳаммага аввалдан айтилган", - деб айтди шаҳар ҳокимияти вакили.

Унинг сўзларига кўра, таъмирлаш ишлари 12 -сонли давлат қурилиш трести томонидан амалга оширилмоқда ва лойиҳани шу йил августида тугаллаш режаланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Social Media

Пойтахт марказидаги қадимий "Эски Жўва" бозоридаги дўконларнинг бузилиши ижтимоий тармоқларда фаол муҳокамаларга сабаб бўлган.

Айримлар дўконларнинг бузилиши натижасида одамларнинг ишсиз қолишидан ташвиш изҳор қилишган бўлса, бошқалар "Чорсу"нинг ўзига хос шарқона қиёфаси йўқолиб бораётганидан хавотирга тушганлар.

"Сайёҳлар замонавий дўконларни эмас, шарқона расталарни кўргани келишади", деб ёзган Фэйсбук фойдаланувчиларидан бири.

Айнан шу ҳудудда қадимий ҳунармандчилик намуналари билан савдо қилиб келган дўконлар ҳам бор эди.

Яна баъзи фойдаланувчилар шаҳар ҳокимияти пойтахт аҳолисининг фикрини сўрамаганидан ғазабга келишган.

Ўтган йилларда Тошкентнинг қатор йирик бозорлари, жумаладан, сайёҳлар орасида машҳур "Олой" бозори қайта таъмирланган.

Бозорларнинг реконструкция қилинишидан кўпинча маҳаллий тадбиркорларнинг зарар кўриши айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг