Ўзбекистон ҳукумати халқаро ҳисоботга 'таъсир ўтказган'

Image caption Талабалар учун мажбурий меҳнат сақланиб қолмоқда.

Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳақлари гуруҳининг айтишича, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг яқинда эълон қилган ҳисоботи Ўзбекистондаги "мажбурий меҳнатнинг кўлами ва мунтазамлигини тасдиқлайди".

Айни пайтда ташкилот ХМТ ҳисоботини тайёрлашда Ўзбекистон ҳукумати вакилларининг иштироки ҳисоботга "путур етказгани"ни қайд этган.

Ҳюман Райтс Уотч Халқаро Меҳнат Ташкилоти ўзбекистонлик мустақил фуқаро жамияти вакиллари бу борада тўплаган далилларга етарли эътибор қаратмаганини танқид қилган.

Инсон ҳақлари гуруҳининг айтишича, ХМТ ҳисоботидан ўрин олган Ўзбекистондаги "2,8 миллионлик пахта терувчиларнинг учдан бир қисми ўз ихтиёрига зид равишда" пахтага жалб қилингани ҳақидаги маълумотлар мажбурий меҳнатга жалб қилинган аҳоли нисбатига оид мустақил маълумотларни тасдиқлайди.

"ХМТ нинг мажбурий меҳнатга доир кўпгина далиллари Ўзбекистондаги мустақил кузатувчилар тўплаган далилларни тасдиқлайди", - дейилади Ҳюман Райтс Уотч баёнотида.

Аммо ташкилотнинг қайд этишича, "ҳукумат расмийларининг тадқиқотда иштирок этиши ва эҳтимолий босимлари мамлакатдаги мажбурий меҳнат миқёсини ва долзарблигини камайтириб кўрсатишга ундаган бўлиши мумкин".

Фото муаллифлик ҳуқуқи VOA
Image caption Стив Свердлоуга кўра, Каримовнинг ўлими инсон ҳақлари вазиятининг яхшиланишига олиб келмаган.

Ҳюман Райтс Уотчга кўра, ХМТ ўз тадқоқитини Ўзбекистон ҳукуматига боғлиқ касааб уюшмалари расмийлари иштирокида олиб борган.

"Мажбурий меҳнатга ёлланган ишчилар ва фермерлар ҳукумат назоратидаги Ўзбекистон Касаба Уюшмалари Федерацияси расмийлари иштирокида саволларга жавоб беришлари талаб қилинган".

Ташкилотнинг айтишича, Ўзбекистонда ҳукуматни танқид қилганлик учун ўч олувчи репрессив тузум қарор топгани ҳаммага маълум бўлишига қарамай, ХМТ жавоб берувчилар шахсининг махфий қолишини таъминламаган.

Ҳюман Райтс Уотчнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлоунинг айтишича, ўтган йил августида яккаҳоким раҳбар Ислом Каримовнинг вафот этиши ва декабрда Шавкат Мирзиёевнинг президент этиб сайланиши Ўзбекистонда инсон ҳақлари борасидаги вазиятнинг яхшиланишига олиб келмаган.

Буюртма ҳисобот

1 февраль куни Жаҳон Банки Халқаро Меҳнат Ташкилотига иқтибосан Ўзбекистонда "ташкиллаштирилган болалар меҳнатидан фойдаланишга босқичма-босқич чек қўйилгани" ҳақида хабар тарқатганди.

Банк ўз буюртмаси асосида ХМТ олиб борган тадқиқот натижаларига таянган.

"Болалар меҳнатини қабул қилиб бўлмаслиги жамиятнинг барча қатламлари-ҳокимият, ўқитувчилар, мутахассислар, фермерлар, ота-оналар ва болаларнинг ўзлари томонидан эътироф этилади. Ўзбекистон ташкиллшатирилган болалар меҳнатига чек қўйди", - дейилган ҳисоботда.

Айни пайтда ХМТ аҳолининг бошқа айрим қатламлари, жумладан, талабалар ва бюджет ходимлари учун мажбурий меҳнат сақланиб қолаётганини айтган.

Ўзбекистондаги болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни кузатиб келаётган ҳуқуқ ҳимоячилари ва мустақил кузатувчилар Халқаро Меҳнат Ташкилотининг хулосаларини танқид қилишган.

Уларга кўра, ҳукумат вакиллари иштирок этган бу каби ҳисоботни "мустақил" деб аташ мумкин эмас.

Ўтган йил декабрида Европа парламенти ХМТ хулосасига таяниб, Ўзбекистон билан тўқимачилик маҳсулотлари савдосига доир битимни маъқуллаган.

Европа парламенти Ўзбекистондаги вазиятни яқиндан кузатишда давом этиши ва агар ўзбек ҳукумати ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажармай қўйса, ЕИ Коммиссияси ва Кенгашидан расмий Тошкент билан битимни тўхтатишни сўраши ҳақида огоҳлантирган.

Европа Парламенти айнан Ўзбекистон пахта саноатидаги болалар ва мажбурий меҳнатга оид даъволар сабаб, 2011 йилда бу келишувнинг тақдирини савол остида қолдирганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг