Мирзиёевга арз қилган тадбиркор "Тоштурма"да

  • 17 Феврал 2017
Фото муаллифлик ҳуқуқи YouTube
Image caption Олим Сулаймонов Мирзиёевга мурожаати ортидан телевидениега таклиф этилганди.

15 февраль куни Жиноят Ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди томонидан ҳибсга олинган тадбиркор Олим Сулаймонов Тошкент турмасига олиб келинган.

Унинг оила аъзолари Сулаймоновнинг суд залидан қаерга олиб кетилгани ҳақида дастлаб ҳеч қандай хабарга эга бўлолмаганди.

"Дадамни Тоштурмага олиб келишибди. Буни аниқлаганимизча икки кун вақтимиз кетди. Учрашишга тушдан кейин соат бешгача рухсат беришаркан. Лекин мен топиб бораман дегинумча қабул вақти тугаб бўлибди", - деб айтди Би-би-сига тадбиркорнинг ўғли Эгамберди Сулаймонов.

Тадбиркор фирибгарлик, туҳмат қилганлик ва уйдирма гапларни оммавий ахборот воситаларига тарқатишда айбланмоқда.

Олим Сулаймонов устидан навбатдаги маҳкама 20 феврал куни бўлиб ўтади.

Видеомурожаат

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга видеомурожаати билан танилган тадбиркор тез орада ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокама қилинадиган шахсга айланди.

Сулаймонов видеомурожаатда давлат идорараси ходимлари бизнес қилиш учун имкон беришмаёгани ва таъмагирлик қилаётгани борасида гапирганди.

Ушбу мурожаатдан кўп ўтмасдан Сулаймоновни "Ўзбекистон" телеканали тадбиркорлар муаммосига бағишланган кўрсатувга таклиф қилди.

Шикоят қилувчининг марказий телевидениега чақирилиши мустақил Ўзбекистон тарихида кўплаб йиллардан бери кузатилмаётган эди.

Бу ҳолат интернет фойдаланувчиларини ҳайратга солди ва Сулаймоновнинг "Ўзбекистон" каналида қилган чиқиши ижтимоий тармоқларда кўп тарқалди ва муҳокама қилинди.

Муҳокама қилувчилар бу нарсани Ўзбекистонда бўлаётган ўзгаришлар билан боғлади. Яна айримлар бунинг ҳаммаси Шавкат Мирзиёевнинг олиб бораётган янгича сиёсати маҳсули дея мақтади.

Бироқ орадан кўп ўтмасдан Олим Сулаймоновга нисбатан икки маҳкама иши очилгани ва тадбиркор туҳмат қилишда айбланаётгани ҳақида хабарлар чиқди.

Тошкент шаҳар суди ва жиноий ишлар бўйича Мирзо Улуғбек туман суди тадбиркор учун деярли бир хил айб, фирибгарлик ва туҳмат қилиш бўйича шикоятни кўриб чиқа бошлади.

15 феврал куни журналистлар, Тошкентдаги хорижий элчихона вакиллари ва тадбиркорнинг яқинлари киритилмаган маҳкама жараёнида Олим Сулаймонов ҳибсга олинди.

Путин ва Қодировдан умид

Олим Сулаймонов Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилишдан олдин ҳам интернетда анча танилган эди.

Twitter ижтимоий тармоғида аккаунт очган тадбиркор Россия президенти Владимир Путин ва Чеченистон президенти Рамзан Қодировларнинг Twitterдаги расмий аккаунтларига мурожаат қилганди.

У ушбу мурожаатларида ўз телефон номерини қолдирган ва Чеченистонга бориб Рамзан Қодиров билан Грознийдаги масжидда намоз ўқиш нияти борлигини билдирганди.

Ижтимоий тармоқларда Сулаймонов шахсига нисбатан "мард ва эзилган тадбиркор" каби қарашлардан ташқари, уни ушбу тизимнинг бир мурвати сифатида кўрадиганлар ҳам бор.

Twitter фойдаланувчиси Олим Сулаймоновнинг Ўзбекистонда ноқонуний бизнес бўлган "обнал", яъни пластик картадаги пулларни нақд пулга алмаштириш каби йирик бир тармоқнинг бир аъзоси бўлган деган фикрлар ёзилди.

Бироқ унинг ўғли Эгамберди Сулаймонов Би-би-си билан суҳбатда бу каби айбловларни рад этди.

"Бунақа хабарларни дадамга душманлик қилаётган тараф тарқатган бўлиши мумкин. Дадамнинг бизнеси ишлаб чиқаришга асосланган. Асосан тиббиётда қўлланиладиган лента ва ювувчи воситалар ишлаб чиқаришида ишлатиладиган гипохлорит ишлаб чиққанмиз. Мен ҳам дадамга ёрдам бераганман", - дейди Эгамберди Сулаймонов.

Унинг айтишича, дадаси марказий каналлар чиққани билан маҳкамага тортилган вақти унинг ҳолидан давлат идораларидан ҳеч ким хабар олмаган.

"Асосан журналистлар ва элчихона ходимлари ҳол аҳвол сўраб далда бўлиб туришибди. Давлат идораларидан ҳеч ким келиб сўрамади."

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.