Кимни олдин мустақил қилсак - маҳкамани ё матбуотни?

Фото муаллифлик ҳуқуқи uza.uz
Image caption Шавкат Мирзиёев судларни мустақиллиги учун олдин матбуотни мустақил қилиши керакми?

Президент Мирзиёев 21 феврал куни "Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини оширишчора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонга имзо чекаркан, бу мамлакатдаги муҳим ислоҳотлардан бири, деб талқин этила бошланди.

Дарҳақиқат, фармон судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва тайинлаш тартибини янада такомиллаштиришни кўзда тутади.

Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси аниқ ҳуқуқий мақомга эга эмас, ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади ва чекланган ваколатларга эга.

"Бундан ташқари, суд ҳокимиятининг икки олий органи - Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судининг мавжудлиги суд тизимини бошқариш вазифаларининг такрорланишига, ягона суд амалиёти таъминланмаслигига олиб келмоқда", - дейилади унда.

Ҳарбий суд судьяларининг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига киритилганлиги, адлия органлари томонидан умумий юрисдикция судлари фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш тартиби суд ҳокимиятининг мустақиллиги тамойилига мувофиқ келмаётганлиги таъкидланган.

Қарордан англашилишича, Олий ва Олий хўжалик суди бирлаштирилади ва суд ҳокимиятининг ягона олий органи Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил қилинади. Ҳарбий суд Олий суд таркибига киритилади.

Тошкентдан ҳуқуқшунос Руҳиддин Комиловнинг Би-би-сига айтишича, фармон суд тизимини ислоҳ қилиш учун қўйилган муҳим қадамдир.

"Илгари битта қонун остида ишлайдиган иккита Олий суд бор эди. Фармонга асосан иккаласи бирлаштирилади. Нимагаки битта республикада иккита Олий суд бўлиши мумкин эмас эди. Олдин битта эди, кейин иккита қилишди. Ўша хатони тўғрилаб яна битта қилишяпти. Бу ягона суд ва ягона раҳбарлик тизимини амалга ошириш учун керак бўлган элементлардан бири", - дейди Руҳиддин Комилов.

Ҳуқуқшуносга кўра, ҳакамларни тайинлаш учун тузилаётган кенгаш ва унга жамоатчилик вакилларининг киритилиши тўғрисидаги ташаббус янгилик ҳамда у бироз бўлсада шаффофлик, ошкораликни таъминлашга хизмат қилади.

"Бироқ судларнинг тўла маънода мустақиллигини таъминлаш учун Президент чиқараётган фармонлар етарли эмас. Бунинг учун матбуот мустақил ва ҳукуматга том маънода ёрдам берадиган соғлом мухолифат бўлиши керак. Жамоат назоратини ўрнатиш орқалигинига судларнинг мустақллиги ва шаффофлигини таъминлаш мумкин", - дейди Руҳиддин Комилов.

Президент фармони Конституцияга зидми?

Фармон ижтимоий тармоқлардаги ўзбекистонликларнинг ҳам эътиборини тортган. Фикр билдирувчилардан бири фармон Конституциянинг 107 чи моддасига тўғридан тўғри зид эканлигини ёзди.

"Ҳеч ким эътибор бермадики, кечаги судларни бирлаштириш тўғрисидаги фармон Конституциянинг 107- моддасига тўғридан-тўғри зид. Аввал Конституциядан суд тизими таркиби борасидаги нормаларни ўзгартириб кейин исталган Фармон чиқаравермайдими."

Конституциянинг ушбу моддасида судлар таркиби ёзиб ўтилган ва унда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди ҳам кўрсатилган.

Ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов фармон Конституцияга зид эмаслигини, Президентга қонунчилик ташаббуси берилганини ва чиқарилган фармон ҳамда қарорлар асосида Конституцияга ўзгартиришлар киритилиши мумкинлигини айтади.

Президент Фармонига берилган шарҳда ҳам ушбу ҳолатга алоҳида тўхтаб ўтилган.

"Таъкидлаш жоизки, Фармонда назарда тутилган талабларни амалга ошириш бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Хўжалик процессуал, Фуқаролик процессуал кодексларига, "Судлар тўғрисида"ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни талаб этади".

Би-би-си Ўзбек хизматининг видеоларини www.bbcuzbek.com да ҳам кўришингиз мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ