Фарғонада портлаш: Қурбонлар бор

Фото муаллифлик ҳуқуқи Sputnik
Image caption "Фарғонаазот" - Ўзбекистондаги энг йирик кимё корхоналаридан.

Фарғона шаҳридаги машҳур "Фарғонаазот" кимё заводида содир бўлган портлашда инсоний талофотлар берилган.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вебсаҳифасидаги хабар қурбонлар ҳақида бошқа маълумот бермайди.

Би-би-си "Фарғонаазот" заводи раҳбарияти билан боғланди, аммо суҳбатдош қурбонлар сони ҳақида маълумот беришдан бош тортди ва "ҳозирда тергов олиб бораётган комиссия хулосаси"ни кутишни тавсия қилди.

Расмий хабарга кўра, портлаш 23 февраль тушдан кейинги соат 4 яримда юз берган.

Ҳодиса сабаблари ва миқёси ҳақида ҳам бошқа маълумотлар йўқ.

Бироқ портлаш таъмир-монтаж ишлари ўтказилаётган аммиак цехида рўй бергани билдирилмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати ҳозир воқеа сабабларини ўрганиш учун махсус комиссия тузган.

Шунингдек, жабрланганларнинг оилаларига ёрдам беришмоқчи.

Аммо қанча одам ва қандай талафотлар берилган - ҳозирча номаълум.

Муҳим корхона

"Фарғонаазот" - Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги учун энг муҳим кимёвий ўғитлар ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган йирик корхоналардан бири.

Бу ерда муҳим иқтисодий ва зироат аҳамиятига молик ашёлар: аммиакли селитра, аммиак, дефолиант, ацетатли тола, карбамид-аммиак қоришмаси, бикарбонат натрий ва яна қатор муракккаб таркибли кимёвий маҳсулотлар ҳамда ўғитлар ишлаб чиқаради.

Ишлаб чиқариш жараёнида эса табиий газ, олтингугурт ва туз кислоталари, хлорли магний каби моддалар ишлатилиши айтилади.

Совет Иттифоқи қулаши ортидан Ўзбекистондаги қатор йирик корхоналар касодга учраган ёки ёпилиб кетган бўлса-да, деҳқончилик учун муҳим бўлган Фарғона ва Навоийдаги кимёвий корхоналар ишлашда давом этган.

Уларнинг маҳсулотлари нафақат мамлакат ичкарисида ишлатилади, балки Россия, Эрон, Хитой ҳамда Марказий Осиёдаги қўшниларга ҳам сотилади.

Корхона ўз вебаҳифасида замонавийлашгани ҳақида қанчалик ёзмасин, бугунги кун талаб ва хавфсизлик қоидаларига қанчалик жавоб бериши маълум эмас.

Собиқ Совет Иттифоқининг кўплаб давлатларида эски корхона ё омборларда бахтсиз ҳодисалар тез-тез учраб туради.

Бир неча йил олдин Бухорога яқин Когон шаҳрида СССРдан қолган улкан ўқ-дори омбори портлаб кетганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ