Мирзиёев Каримов номини абадийлаштириш режасини эълон қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи UzTV
Image caption Мирзиёев Каримовни Жорж Вашингтон ва Отатурк каби тарихий шахсиятларга тенглаштирган.

Режага мувофиқ, Тошкентдаги Оқсарой қароргоҳи Ислом Каримов номидаги фонд ва ёдгорлик мажмуасига айлантирилади, Самарқандда мақбара ва Тошкент ҳамда Қарши шаҳарларида марҳум президентнинг ҳайкаллари қад кўтаради.

Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 3 март куни қурилажак мақбара, музей ва ҳайкаллар лойиҳалари билан танишиш жараёнида маълум қилган.

Давлат телевидениеси орқали олиб кўрсатилган нутқида Мирзиёев Ислом Каримовни Жорж Вашингтон ва Отатурк каби тарихий шахсиятларга тенглаштирган.

"Бизнинг халқимиз ва халқаро ҳамжамият Ислом Каримов номини Жорж Вашингтон, Шарль де Голль, Мустафо Камол Отатурк каби давлат арбоблари қаторига қўяди", - деб айтган Мирзиёев.

Аммо лавҳада Тошкент халқаро аэропорти ҳам Ислом Каримов номи билан аталиши ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Аввалроқ марҳум президент номи берилиши кутилаётган иншоотлар рўйхатининг бошида аэропорт ҳам тилга олинганди.

"Каримов номи берилмасин!"

Ўтган ҳафта интернетда Ўзбекистон Халқ шоири Жамол Камолнинг айни масалада Президент Мирзиёевга йўллаган мактуби эълон қилинган.

Би-би-сига етиб келган мактубда ўтмишда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси бўлган атоқли шоир ва жамоат арбоби Мирзиёевдан Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш тўғрисидаги қарорини қайта кўриб чиқишни сўраган.

Image caption Жамол Камолнинг айтишича, Каримовнинг фаолияти холис баҳоланиши керак.

"Менинг назаримда, Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш борасидаги қарор бир оз шошилинч қабул қилинганга ўхшайди. Марҳумнинг фаолияти холис сарҳисоб этилиб, оқи оққа, қораси қорага ажратилиб, кейин бир тўхтамга келинса, мақсадга мувофиқ бўлур эди", деб айтган Жамол Камол.

Унинг фикрича, Ўзбек давлатчилиги "кеча пайдо бўлган эмас" ва ҳамма нарсани марҳум президент номи билан боғлаш тўғри бўлмайди.

"Музейлар, боғлар, ўқув юртлари, кўчалар, ҳайкаллар, жамғармалар... Йигирма беш йил давомида, ўзингиз ҳаққоний эътироф этиб айтганингиздек, адолатли, демократик жамиятнинг атиги пойдеворини қура олган шахс учун бу кўплик қилмайдими? Шунчалар саховат кўрсатиш жоизмикан?", дея мулоҳаза юритади Жамол Камол ўз мактубида.

У Тошкент аэропортини Амир Темур номи билан аташни таклиф қилган.

Би-би-сига маълум бўлишича, шоирнинг Виртуал қабулхонага йўллаган мактуби кўриб чиқиш учун Тошкент вилоятининг Қибрай туман ҳокимияти ҳамда "Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширкатига йўлланган.

Ўзбекистонни чорак асрдан кўпроқ вақт мобайнида бошқарган Ислом Каримов қаттиққўл ва зиддиятли раҳбар сифатида кўрилади.

Унинг тузуми сиёсий мухолифларга тоқатсизлиги ва инсон ҳақларини қўпол равишда поймол этиши билан ном чиқарган.

Аммо мамлакат ичкарисида Каримов Ўзбекистонни мустақиллик сари олиб борган ва барқарорликни таъминлаган раҳбар сифатида эътироф этилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг