Хитой иқтисоди пасайишда давом этади

Хитой иқтисодий пасаймоқда Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

2017 йилда Хитой Ялпи Ички Маҳсулот (ЯИМ) ҳажми ўсиши 6,5 фоизни ташкил қилиши кутилмоқда. Бу сўнгги 26 йил давомида энг паст кўрсатгичдир. Хитой Халқ Республикасининг 2017 йил ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш режасида шундай хулосага келинган.

"ЯИМ тахминан 6,5 фоизга ўсади, аммо амалда биз бу кўрсатгични юқори қилишга ҳаракат қиламиз", - дейилади халқ вакилларининг Умумхитой йиллик йиғилиш сессияси очилиш маросимида янграган ҳисоботда.

Хитой давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2016 йил мамлакат ЯИМ ўсиши 6,7 фоиз бўлган ва бир йил олдинги кўрсатгич 6,9 фоиздан камроқни ташкил қилган. Шу билан сўнгги 26 йил ичида энг паст кўрсатгични қайд этганди. Ҳукумат ўтган йил бошида шу миқдорда ўсиш кутилаётганини маълум қилган эди.

Расмий прогнозга кўра, 2017 йилда инфляция 3 фоиз бўлади, рўйхатдан ўтган шаҳар жойларидаги ишсизлик 4,5 %, давлат бюджетидаги камомад 2,38 триллион юан (тахминан 346 миллиард доллар) ёки ЯИМнинг 3 фоизни ташкил қилади.

Хитой Халқ Республикаси халқ вакиллари Умумхитой йиғини мамлакатнинг олий қонун чиқарувчи идораси ҳисобланади. Йиғиннинг 5 сессияси якшанба куни Пекинда иш бошлаган. Хитой парламентининг қарийб 3 минг депутати иштирок этаётган қурултой 15 мартга қадар давом этади.

Қурултой олдидан халқ вакиллари Умумхитой йиғини расмий вакили Фу Ин Хитой ҳарбий бюджети бу йил 7 фоизга ўсиб, ЯИМнинг 1,3 %ни ташкил қилишини билдирганди. Унга кўра, ҳарбий бюджетни кўпайтириш қарорига бошқа давлатлар билан қарама-қарши туриш хавфи эмас, балки давлат хавфсизлигини таъминлаш масаласи сабаб бўлган.

Хитой ҳарбий бюджети дунёда АҚШдан сўнг иккинчи ўринда туради. 2015 йилнинг сентябр ойида Хитой Халқ Республикаси Президенти Си Цзинпин 2017 йилга келиб мамлакат қуролли қўшинлари сонини 300 мингга қисқартиришини маълум қилганди. Шунга қарамасдан Хитой армияси дунёдаги энг йирик бўлиб турибди. Унинг таркибида 2 миллион аскар хизмат қилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг