Ҳайдовчилар 2021 йилгача янги гувоҳнома олиши шарт

20 йилда учинчи янги ҳайдовчилик гувоҳномаси Фото муаллифлик ҳуқуқи Mvd.uz
Image caption 20 йилда учинчи янги ҳайдовчилик гувоҳномаси

Вазирлар Маҳкамаси чиқарган қарорга кўра, ўзбекистонлик ҳайдовчиларнинг амал қилиш муддати кўрсатилмаган ҳайдовчилик гувоҳномалари 2021 йил 1 январда ўз кучини йўқотади. Ўзбекистонда ҳозирги кўринишдаги ҳайдовчилик гувоҳномалари 10 йил олдин жорий қилинган эди. 2020 йилгача автотранспорт воситасини рўйхатдан ўтказганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ҳам алмаштирилади.

Янги гувоҳнома эскисидан пластик шаклда тайёрланганлиги билан ҳамда 10 йил муддатга берилиши билан фарқ қилади.

Орадан ўн йилдан сал кўпроқ вақт ўтиб Ўзбекистон ҳукумати аҳолининг ҳайдовчилик гувоҳномасини яна бир бор ялпи янгилишга қарор қилган.

Бу сафарги ўзгаришларга 1968 йил Венада қабул қилинган "Йўл ҳаракати тўғрисида"ги Конвенция тавсияларига мувофиқлигини таъминлаш ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни самарали ташкил этиш мақсад қилиб қўйилган.

Қарорда 2006 йил 19 декабрда Вазирлар Маҳкамаси томонидан "Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг янги намунасини тасдиқлаш тўғрисидаги" қабул қилинган қарорда келтирилган намуна нима сабабдан Вена конвенциясини эътиборга олмаганини ёки тўғри келмай қолгани борасида ҳеч нарса дейилмаган.

Қарорга кўра, янги турдаги ҳайдовчилик гувоҳномалари 2017 йилнинг 1 октябридан бошлаб кўнгилли равишда расмийлаштирила бошланади.

2019 йил 1 январ - 2020 йил 31 декабр даврида мажбурий тартибда алмаштирилади.

Ҳайдовчилик гувоҳномаси билан бирга автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани янги намунадаги гувоҳномага алмаштириш 2017-2020 йиллар мобайнида босқичма-босқич - автомототранспорт воситасини мажбурий техник кўрикдан ўтказишда амалга оширилади.

Янги ҳайдовчилик гувоҳномаси эҳтиёжми, пул топиш воситаси?

Ўзбекистонда сўнгги 20 йил ичида учинчи марта умуммиллий миқёсда ҳайдовчилик гувоҳномаси алмаштирилмоқда. 2006 йилдан олдин 1998 йилда ҳам ўзбекистонлик ҳайдовчиларга "янги намунадаги" гувоҳнома олишга мажбур бўлишган.

1998 йили қабул қилинган қарорда ҳам "марказлашган тартибда компьютер ва бошқа техник жиҳозлар асосида ҳисобга олиш, уни шакллантириш учун мажбурий маълумотномалар рўйхатини тузиш", назарда тутилган.

Расмийлар янги намунадаги ҳужжатларни халқаро талабларга мослаш ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш мақсадида жорий қилаётгани айтаётган бўлса-да, ўзбекистонлик ҳайдовчилар ушбу расмий сабабларга шубҳа билан қарашмоқда.

Фикр билдирувчилар, нима сабабдан бу сафарги янги намунада дунёда кенг тарқалган чипли гувоҳномалар тайёрланмаганлигини сўроқ остига олишган.

"Чиплик қилиш керак. Қоида бузганни праваси терминалга бир тиқволинади. Бўлди. Йил охирида тўлатади ҳамма штрафни".

Гувоҳномаларнинг маълум муддатда алмаштирилиши мажбурий қилиб қўйилганини халқдан пул йиғишнинг янги бир услуби сифатида талқин қилганлар ҳам бор.

"Энди эски деб хозирга права мажбур алмаштириб яна халкдан пул ундиради булар", - дейди Аваз.

Халқаро тажрибада янги гувоҳномалар қабул қилинган маҳал, одамларга ноқулайлик яратилмаслиги учун эски ҳужжатлар ўз муддати тугагунча амал қилишда давом этади.

Ўзбекистон мисолида эса расмийларнинг муддат белгилашига жорий ҳайдовчилик гувоҳномаларида амал қилиш муддати кўрсатилмаганлиги сабаб қилиб келтирилмоқда.

Бироқ 20 йил ичида мамлакат бўйлаб 3 марта янги гувоҳномалар жорий қилиниши коррупция ва бошқарувсизликдан дарак бериши айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг