Ўзбекистонлик аёл гўдагини ўлдирганликда гумонланмоқда

Тергов қўмитаси Фото муаллифлик ҳуқуқи Tvc.ru

Қозон шаҳар полицияси янги туғилган чақалоғини чиқинди идишига ташлаб юборган ўзбекистонлик аёлни ҳибсга олган. Тергов бошқармасининг таъкидлашича, 28 ёшли аёл жиноятини қисман тан олган. У фарзандни акасининг уйида дунёга келтирган.

Татаристон тергов бошқармаси матбуот хизмати чиқарган хабарда айтилишича, жиноят 2017 йилнинг 27 феврал куни содир этилган.

"27 феврал кундузи Қозон шаҳри Габишев кўчасидаги уй ёнидаги чиқинди контейнеридан ўткинчилар янги туғилган чақалоқнинг жасадини топиб олишган", - дейилади матбуот хизмати хабарида.

Тергов бошқармасининг билдиришича, ўзбекистонлик аёл жиноятини қисман тан олган ва ҳодисани қандай бўлганини тушунтириб берган.

У ўғил фарзандини туққанидан сўнг уни матога ўраб, бир неча соатдан сўнг кўчага олиб чиққани ва чиқинди контейнери ёнига ташлаб кетганганини айтиб берган.

Тергов аёлнинг акаси уйида яшаганлиги ва ўғлини ўша ерда дунёга келтирганини аниқлаган.

Маҳкама Ўзбекистон фуқаросини ҳибсда сақлаш жазо чораси қўллашга ҳукм чиқарган.

Айни дамда суд-тиббий, молекуляр-генетик ва амбулатор психологик-психиатрик ташхис ўтказиш белгиланган. Жиноий иш бўйича тергов давом этмоқда.

Аёлнинг айби маҳкама орқали тасдиқланса Россия қонунлари бўйича 8 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Россияда меҳнат муҳожирлари орасида янги туғилган чақалоғидан қутилиш учун уларни ташлаб кетиш ҳоллари учраб туради.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг