Янги банкнот чиқиши билан доллар қимматлади

Ўзбекистонда муомалага чиқарилган 10000 сўмлик банкнот

Ўзбекистонда 10 минг сўмлик янги банкнот муомалага чиқиши ўзбек сўмининг қора бозордаги долларга нисбатан курсига салбий тасир қилган. Доллар бир кунда 500 сўмга қимматлаган.

Ўзбекистон қора бозорларидаги доллар курсини кузатиб борувчи dollaruz.com сайтидан маълум бўлишича, 10 март куни бир доллар 7450 сўмгача сотилган.

Бир кун олдин долларнинг баҳоси 7380 бўлганини кўриш мумкин. Шу билан ўзбек сўми бир куннинг ичида 170 сўмга қадрсизланган.

Кузатувчилар ўзбек сўмининг бир кунда қарийб 200 сўмга қадрсизланишини Марказий Банк томонидан муомалага чиқарилган 10 минг сўмлик банкнотга боғлашмоқда.

Ўн кун олдин бир доллар ўртача 6950 сўмдан сотилган. Ўн ичида сўм 14 фоизга қадрсизланган

Доллар курсининг ошиши Ўзбекистондаги истеъмол бозорига таъсир қилади. Товарлар ва хизматлар четдан олиб келишда долларга боғлиқ бўлгани сабаб, бу соҳадаги нархлар зудлик билан ўсади.

Бу орада долларнинг рамий курси ҳам ошишда давом этмоқда.

Мутахассислар ҳукумат расмий курсни босқичма-босқич ошириш билан норасмий бозордаги курсни йўқ қилишни ва алалоқибат эркин конвертацияга йўл очишни мақсад қилганини айтишади.

Бироқ ўзбек сўмининг қадрсизланиши оддий одамлар ҳаётида сезила бошлаган.

Расмий курснинг қимматлашишидан биринчи бўлиб Ўзбекистондаги уяли алоқа фойдаланувчилари жабр кўра бошлаган.

Ўзбекистонда мобил тўловлари Марказий Банк курси бўйича долларда ҳисобланади ва тўланади.

Расмий курснинг ортиши мобил алоқаси хизматининг қимматлашишига олиб келган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари мобил хизмат учун пулни долларда эмас, балки ўзбек сўмида ҳисоблаш кераклигини айтишмоқда.

Ўзбек сўмининг сезиларли даражада қадрсизлана бошлаганига пенсия ва бир қисм стипендияларнинг феврал ойидан бошлаб нақд пулда тўлана бошлангани ҳам сабаб қилиб кўрсатилади.

Муомалага кўп миқдорда нақд пулнинг чиқиши секинлашиб турган инфляция жараёнини тезлаштирган бўлиши мумкин.

"Конвертацияни тезроқ очинг"

Олдинроқ Германия элчиси Ўзбекистонни тезроқ конвертацияни очишга чақирганди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда хорижий сармоядорлар юз тутаётган асосий муаммо конвертация муаммосидир.

"Мен вазиятни бир кунда ўзгартириб бўлмаслигини жуда яхши тушунаман. Жараён мураккаб бўлади, эҳтимол ҳатто оғриқли бўлар. Аммо иқтисодий қонунлар худди табиат қонунлари каби, уларга узоқ вақт амал қилмаслик мумкин эмас. Бу худди Ернинг тортишиш кучи сингари-олма барибир тушади", - деб айтган Германия элчиси.

Найтхарт Хёфер-Виссингнинг айтишича, конвертация муаммосининг ҳал этилиши "ҳамма учун муҳим".

Айни пайтда Ўзбекистон Ишлаб чиқарувчилар ва Тадбиркорлар Палатаси раҳбари Алишер Шайхов мамлакатда валюта ислоҳотига тайёргарликлар кетаётганини айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг