Футбол мухлислари: Бабаян кетсин!

бабаян Фото муаллифлик ҳуқуқи Twitter

Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг Сурияга 1-0 ҳисобида мағлубияти мухлисларни яна ғазаблантирди. Жаҳон чемпионатига чиқиш учун мураббийни алмаштириш таклиф қилинмоқда. Мухлислар уни иримчи эканликда айбламоқда. Айримлар норозилиги Тошкент кўчаларда ҳам билдирган.

Ўзбек футбол жонкуярлари ҳар гал терма жамоаси ютқазганида дарду-аъламини интернетда тўкиб сочишни одат қилган. Бу галги ғазабнок изоҳларнинг икки кундан бери охири кўринай демайди.

Уларнинг деярли ҳаммаси бир овоздан ҳозирги бош мураббий Самвел Бабаяннинг истеъфосини талаб қилмоқда. Ижтимоий тармоқларда тарқалган бир суратда Тошкентда рўйхатдан ўтган Ласетти русумли машинага Бабаянга қарши сўзлар битилган плакат ёпиштириб олинганини кўриш мумкин.

Айрим журналистлар Бабаян ҳақида блог ҳам битишган.

Журналист Диёр Имомхўжаев "Биз кимга ишондик" номли блогида терма жамоа бош мураббийи Самвел Бабаяннинг иримчи эканлигига эътибор қаратади.

"Самвел Бабаян ҳам одам, ишонинг. Масалан adidas формасини кийиб олса, майдонда ишлари юришиб кетишига ишонади. Оқ форма билан чиқишмайди, термадаги кетма-кет ғалабалари кўк форма билан боғлиқ бўлганини ҳеч қачон унута олмайди ва охиригача шу ақидасига ишонади. Бабаян рақибини мағлуб этса, энгашиб майдон чимини ўпиб қўяди. Мағлуб бўлганида ҳам ўша чимни айбдор деб билади. Биз мана шундай мутахассисга ишонганмиз, тушуняпсизми?", - деб ёзади Диёр Имомхўжаев.

Журналистлар Самвел Бабаянни футбол журналистларига босим ўтказишда айблаган.

"Уни танқид қилишга, футболдаги камчиликларни рўйи рост очиб ташлашга қодир қалам аҳлини бирин-кетин ишдан четлатишди", - деб ёзади журналистлардан бири.

У айнан кимлар Бабаянни танқид қилгани учун ишдан олингани борасида маълумот бермаган. Аммо терма жамоага бош мураббий Бабаян бўлган даврда икки журналист Диёр ва Аброр Имомхўжаевлар телевидениедан четлатилган.

Айрим мухлислар Бабаяннинг ўрнига Миржалол Қосимовни олиб келиш керак деса, яна бошқалар ёрқин ўйинлар билан эсда қолган Вадим Абрамовни термага қайтариш таклифини бермоқда.

Бироқ хориждан мураббий олиб келиш учун ҳали кеч эмас деб айтаётганлар ҳам бор.

"Хуллас, терма жамоамизни бошқара оладиган тренер Ўзбекистонда йўқ. Агар бўлганида, ҳозир ўша тренер чет элда бирор клубни бошқараётган бўларди. Ҳозир Қозоғистондаям талаб бўлмаган мураббий, терма жамоамизни Жанубий Кореядан кучли қилиб қўярмиди, шу ҳақида ўйлаб кўринг", - деб ёзади Қаҳрамон Асланов.

"Мағлубиятдан афсудамиз"

Бабаян Сурияга ютқазганини майдон ҳолати яхши бўлмагани билан изоҳлаган.

"Бугунги мағлубиятдан афсусдамиз, аммо Ўзбекистон терма жамоаси ҳамон учинчи ўринда ва имкониятларини йўқотмаган. Биз олдинга ҳаракат қиламиз ва кейинги ўйинларда ғалаба қозониш учун ҳаракат қиламиз", - деган у.

Аъламли мухлисларнинг айримлари ўз изҳорини билдиришда турли ижодий йўллардан ҳам фойдаланмоқда.

"Сурия жамоасига қарши уйнаган Миллий Терма Жамоанинг асосий таркиби билан танишинг. Таркибга ҳимоячи - Чалиб Йиқитаров ва дарвозабон - Пенальти Ололмадиевлар қўшилишди.

Дарвозабон: Гол Ўтказдиев, ҳимоячилар: Ёнидан Ўтказвордиев, Йиқилиб Тушдиев, Ўзига Ураров, Жарима Ишларов.

Ярим химоячилар: Анқайиб Юрдиев, Чарчаб Тураров, Алданиб Қолдиев, Эплаб Теполмасов

Ҳужумчилар: Гол Уралмасов, Қийшиқ Тепаров

Бош мураббий: Тактика Билмасян. Жамоа директори: Сафарали Сайёхов. Шунингдек: Шарман Бўлдик, Югуриб Етолмасов, Рақибга Ёнбосдиевлар захирадан ўйинга тушишди".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ