Акбаржон Жалилов Россия фуқаролигидан маҳрум қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Акбаржон Жалиловнинг ота-онаси

Санкт-Петербургнинг Смольнинский маҳкамаси метро ҳужумида гумон этилаётган Акбаржон Жалилов ва унинг отасини Россия фуқаролигидан маҳрум қилган.

Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлиги маълумот берган.

Маҳкаманинг аниқлашича, Акбаржон Жалиловнинг отаси Россия фуқаролигини олиш учун атайдан ёлғон маълумотларни тақдим қилган.

Бу ҳақда Ички ишлар вазирлигининг расмий воизи Ирина Волк матбуотга гапирган.

Унинг айтишича, Акбаржоннинг отасига Россия фуқаролигини бериш қарори бекор қилинган ва бу автоматик равишда унинг ўзига ҳам тегишли қарордир.

3 апрел куни Петербургнинг "Сенная площадь" ва "Технологический институт" орасида ҳаракатда бўлган метро вагонида портлаш рўй берган эди.

Орадан кўп ўтмай, "Площадь Восстания" бекатида қўлбола портловчи ускуна ҳам топилгани хабар қилинди.

Россия Тергов қўмитасига кўра, айни "теракт" ташкилотчиси Қирғизистонда таваллуд топган, аммо Россия фуқароси 22 ёшли Акбаржон Жалилов бўлган.

Тергов давомида яна ўн киши ҳибсга олингани ва уларнинг бари Марказий Осиё давлатларидан экани айтилади.

20 апрелда эса Москва Басманный суди Акрам Азимовни ҳибсга олган.

У яна тахминларга кўра, Санкт-Петербургдаги метро портлаши ташкилотчиси деб айтилаётган Аброр Азимовнинг акасидир.

1988 йилда туғилган Акрам Азимовнинг яқинларига кўра, у Қирғизистонда Россияга топшириш мақсадида қўлга олинган.

Гумондорнинг онаси катта ўғли шифохонадан ўғирлаб кетилганини айтган.

Вазира Азимованинг Интерфакс агентлигига айтишича, ўғли Акрам 14 апрел куни Ўшдаги касалхонада жарроҳлик амалиётини бошидан кечирган, аммо эртаси куни ҳуқуқ-тартибот ходимлари уни шифохонадан қўлига кишан солиб олиб кетишган.

Акбаржон Жалилов билан боғлиқ воқеа ортидан Россияда Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларига нисбатан босимлар ортаётгани ҳақида хавотирлар урчимоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio