Қозоғистонни кесиб ўтувчи йўл очилиши мумкин

Йўл

Қозоғистоннинг Мақтарал тумани орқали Тошкент ва Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларини боғловчи йўл 15 май куни очилиши мумкин. Бу ҳақда Мирзиёев қарор чиқаргани айтилмоқда. М-39 трассасининг Қозоғистон ҳудудидан ўтувчи қисми 2000 йиллар бошида ёпилган. Йўлнинг қайта очилиши 43 чақирим масофани қисқартириши мумкин.

Унинг шу йил феврал ойи охирига қадар очилиши мумкинлиги ҳақида олдин хабарлар чиққан эди.

Gazeta.uz нашри ҳукуматдаги манбасига таяниб ёзишича, 26 апрел куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев йўлни очиш тўғрисида махсус қарор чиқарган. Ўзбек-қозоқ чегарасидаги "Оқ олтин" ва "Малик" автойўл ўтиш нуқталари 15 майдан очилиши кўрсатилган.

Хабарда айтилишича, Тошкент ва Самарқандни қисқа йўл билан боғловчи ушбу ўтиш нуқтаси фақат енгил автомобиллар учун очиқ бўлади. Ундан юклар ва савдо мақсадидаги товарлар ўтказилмайди.

Жанубий Қозоғистоннинг Мақтаарал тумани ҳудудидан тўхтовсиз транзит мақсадида ўтувчи Ўзбекистон фуқаролари енгиллаштирилган тартибда - чегарачиларнинг муҳри қўйилмасдан ўтади.

Бу йўлдан ўтувчиларнинг паспортлари текширилиши айтилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Google Map
Image caption Йўл очилиши борасида гаплар йил бошидан бери айтилади

Қозоғистон томонига транзит бўлмаган мақсадда йўналган Ўзбекистон фуқаролари ва Қозоғистон фуқаролари учун қонунчиликдаги мавжуд тартиблар бўйича одатдагидек ўтказилади.

Бу икки ўтиш нуқтасидаги божхона назорати ҳам енгиллаштирилган тартибда бўлиши айтилмоқда. Божхона декларациялари тўлдирилмайди, транспорт воситаси божхона назоратидан ва рўйхатдан ўтмайди, лекин мажбурий кўз назоратидан ўтказилади.

Чегарани кесиб ўтаётган фуқаролар Божхона қонунларида кўрсатилган талабларни бажаришдан озод қилинмаслиги айтилмоқда.

Ўзбек матбуоти М-39 магистралининг Мақтаарал туманидан ўтувчи қисми 2006 йили ёпиб қўйилган эканлиги ёзмоқда.

Бироқ йўл 2002 йили огоҳлантиришларсиз ёпилгани айтилади. Ўтиш учун борган транспортлар Гулистон орқали айланма йўлга юборилган.

Гулистон шаҳрини кесиб ўтувчи йўлнинг катта миқдордаги оқимга мўлжалланмагани боис йўлларда тирбандликлар ва кечикишлар кузатилган. Ўша вақти Тошкентга қатнаш учун ортиқча яна бир соат вақт қўшилган.

Ҳукумат йўлнинг нима сабабдан ёпилганига изоҳ бермаган.

Аммо кузатувчилар йўл ёпилишини Тошкентда Марказий Осиёнинг йирик бозорига айланган "Отчопар"га ҳукумат томонидан илк зарба берилганига боғлашади.

Четдан товар олиб келиб сотишда тадбиркорларга тўсиқлар қўйилиши "Отчопар"нинг минтақавий аҳамиятини йўқотди ва бозорчилик қўшни давлатларда ривожлана бошлади.

Арзон ва сифатли товарларнинг Қозоғистонга келиши Ўзбекистон фуқароларини бу мамлакатга тўсиқларсиз ўтиб мол олиб келишига сабаб бўла бошлади. Энди ҳукумат олдида валюта чиқиб кетиши муаммоси пайдо бўлди.

Бу муаммони чегаралар ва ўтиш йўлларини тўсиш билан ечишга ҳаракат қилинди. Мана шундай тадбирлар натижасида Мақтаарал туманидан ўтувчи йўл ҳам ёпилгани айтилади.

Гулистон шаҳри орқали ўтувчи йўлда муаммолар юзага келавергач, кейинчалик ҳукумат Сирдарёнинг Сайхунобод туманини кесиб ўтувчи йўл қуриб ишга туширди.

Айни вақтда Самарқанд томондан М-39 трассаси орқали келаётган машиналар Оқ олтин туманидан Сирдарё вилояти ичига кириб кетади. Айланма йўл 67 чақиримни ташкил қилади.

Сирдарё вилоят Йўл назорат бўлимидан масъулнинг Би-би-сига айтишича, Қозоғистон орқали ўтадиган йўл 24 чақиримни ташқил қилади. Ўртадаги масофа 42-43 километрга қисқариши мумкин.

Йўлнинг очилиши мумкинлиги ҳақида олдинроқ ҳам хабарлар чиққан.

Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Ерик Утембаев йўл феврал ойининг сўнггида очилиши мумкинлиги ҳақида айтган эди.

У Қозоғистон томони йўл очилиши учун барча тайёргарлик ишларини якунлагани, фақат Ўзбекистон томонининг ҳам бу жараённи тугаллашига қараб турилганини билдирган.

Бироқ йўл очилмади.

Бу сафарги хабар Шавкат Мирзиёевнинг 29 апрель куни Жанубий Қозоғистон вилоятига эълон қилинмаган ташрифи ортидан чиқмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМ каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ