Трамп ФТБ раҳбарини истеъфога чиқарган

Президент Доналд Трамп ва Жеймс Коми Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Президент Доналд Трамп АҚШ Федерал Тергов бюроси раҳбари Жеймс Комини лавозимидан бўшатган.

Оқ Уй тарқатган баёнотга кўра, ўзининг бу қарорида Президент Трамп Бош прокурор Жефф Сешнс ва Бош прокурор ўринбосари Род Розенстиннинг тавсияларига таянган.

"Бугун Президент Доналд Трамп ФТБ раҳбари Жеймс Комини бундан кейин ишламаслиги ва лавозимидан бўшатилгани ҳақида хабардор қилди", дейилади Оқ Уй баёнотида.

"ФТБ - бизнинг давлатимизнинг энг ҳурматли ва муҳим ташкилотларидан бири ва бугунги кун бизнинг асосий ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимимиз учун янги бошланиш кун бўлади", дейилади Президент Трамп номидан тарқатилган баёнотда.

Шу кунларда АҚШ Федерал Тергов бюроси тергов олиб бораётган, бу терговда Трампнинг сайловолди штаби билан Россия ўртасида боғлиқлик бор-йўқлигини аниқлашга қарор қилинган.

ФТБ директори Жеймс Коми ушбу терговга раҳбарлик қилаётган эди.

Ушбу кутилмаган қарор ФТБ раҳбари Сенат қўмитасидаги электрон почта можароси билан боғлиқ тингловда Президент Трампнинг сайловдаги рақибаси Ҳиллари Клинтон мактублари ҳақида нотўғри маълумот бергани аниқ бўлганидан кейин эълон қилинган.

3 май куни АҚШ Сенатининг юридик қўмитасида кўрсатма берган ФТБ раҳбари Жеймс Коми сўзларига кўра, Клинтоннинг ёрдамчиси Хума Абедин ўз турмуш ўртоғи Энтони Уинерга "юзлаб ва минглаб" электрон мактубларни юборган, бу эмейллар орасида махфий маълумоти борлари ҳам бўлган.

Аммо орадан икки кун ўтиб Федерал Тергов бюроси Абедин хоним эрига юборган эмейллар орасида махфий маълумотга эга бўлганлари кўп бўлмаганини тан олди.

Энтони Уинернинг компютерида топилган электрон мактубларнинг аксари Клинтон хонимнинг Blackberry мобил телефони ичидагиларидан нусха кўчирилган пайтда ўтиб қолгани аниқ бўлган.

Ҳиллари Клинтон эса ўзининг сайловдаги мағлубиятида ФТБ раҳбари Жеймс Комини айблаб чиққан.

Айни пайтда кўпчилик жаноб Комининг лавозимидан бўшатилиши ФТБнинг Трамп ва Россия алоқадорлиги бўйича терговга боғлиқ эмасми, деган саволни ҳам бера бошлаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ