Душанбеда Ўзбекистон маданияти кунлари бошланди

Душанбеда ўтказилган Ўзбекистон маҳсулотлари кўргазмаси

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳарида Ўзбекистон маданияти кунлари бошланди.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги раҳбарлари етакчилигидаги маданият ва санъат намояндаларидан иборат катта ҳайъат Душанбега етиб борганлар.

Тожикистондаги Ўзбекистон маданияти кунлари 10-майдан 13-майгача бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Тожикистон пойтахтида, Турсунзода ва Қўрғонтепа шаҳарларида турли маданий тадбирлар, концертлар ташкиллаштирилган.

Маданият кунларининг тантанали очилиш маросими Душанбедаги Айний номидаги Тожикистон Академик Опера ва балет театрида бўлиб ўтиши хабар қилинган.

Таъкидлаш жоиз, икки мамлакат мустақилликка эришганидан буён ўтказилаётган Ўзбекистоннинг Тожикистондаги илк маданият кунлари икки қўшни мамлакатда яшайдиган инсонларни хурсанд қилган.

Тожикистонликлар ҳам, ўзбекистонликлар ҳам икки мамлакат орасидаги муносабатлар бундан ҳам яхшиланишини исташларини айтишади.

Тожик расмийлари маданият кунлари икки қўшни республика ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим қадам эканини таъкидлаганлар.

Эслатиб ўтиш керак, сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги муносабатлар анча таранглашган эди.

Бунга 1998 йили Тожикистоннинг Хўжанддаги қуролли ҳодисаларда Ўзбекистонни бош қўшишда, хусусан, тожикистонлик ўзбек полковник Маҳмуд Худойбердиевни дастаклашда айблагани, Ўзбекистон эса исломий жангариларнинг Тожикистон ҳудудидан ўтишларига изн беришда айблаб чегараларини миналаштиргани, икки давлат фуқаролари учун виза тартиблари жорий қилингани, Ўзбекистон қаршилик кўрсатган Роғун ГЭСи лойиҳаси, Тожикистон Ўзбекистонни Роғун боис "иқтисодий қамал"да айблагани кабилар сабаб бўлган эди.

2016 йил сентябрида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов дафн этилганидан кейин Тожикистон билан муносабатлар илиқлашиши кузатилди.

2017 йил апрели бошида сўнгги 25 йилда илк бор Тошкент-Душанбе рейси бўйича йўловчилар авиақатнови амалга оширилди.

Шунингдек, ўтган ой Тожикистон пойтахтида илк бор Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди.

Тожик расмийлари хабар қилишларича, кўргазмада 35 миллион долларлик шартнома имзоланган.

Видеолавҳани BBCUZBEK YouTube каналида томоша қилинг

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ