Мирзиёев Ўзбекистонни Каспийга олиб чиқадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи «Туркменистан-Золотой век»
Image caption Шавкат Мирзиёев қўшни Туркманистон энергия захираларидан Ўзбекистон ҳам фойда кўришини истамоқда.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ҳам Каспий денгизининг Туркманистон қисмида нефть қазиб олиш жараёнида қатнашишини айтган.

Бу борада ёзган «Хроника Туркменистана» хабар агентлигига кўра, Тошкент ҳатто Туркманистоннинг кўп миллиардли ТАПИ газ қувури лойиҳасида ҳам ҳамкорлик қилиши мумкин.

Туркман газини Ҳиндистонгача олиб борадиган ТАПИ қувурида Ўзбекистон иштирок этиши эҳтимоли ҳақида ҳали бир йил олдин ҳам ҳеч қандай хабар йўқ эди.

Каспийга чиқиш ниятидаги Ўзбекистон ҳақидаги қисқа видеони томоша қилинг.

Туркманистон газ бойлиги бўйича дунёдаги илк бешликда. Ўзбекистон эса муттасил энергия тақчиллигига юз тутиб келмоқда.

Лекин Тошкент Ашхободга хавфсизлик масаласида катта ёрдам бериши мумкин.

Туркманистон Ўзбекистоннинг нефтни қайта ишлаш заводлари учун муҳим хомашё манбаси ҳам бўла олади.

Мамлакатдаги йирик Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводлари ёнига энди Жиззахда ҳам улкан корхона қурилмоқда.

Четдан мунтазам ёқилғи келмаса, Ўзбекистон уларни ўз ҳолича хомашё билан таъминлай олмайди.

Туркманистоннинг Қозоғистон ва Қирғизистонга сотиладиган электр симлари ҳам Ўзбекистон ҳудудлари орқали ўтиши айтилаяпти.

Ўзбекистон бир неча йил олдин Туркман газини Хитойга етказадиган газ қувурининг ўз ҳудудидан ўтишига эришганди.

Ҳозирги ҳажми билан ҳали яна 300 йилга етадиган Туркман гази Ўзбекистон газ-кимё саноати учун муҳим.

Негаки, Ўзбекистоннинг ўз газ бойликлари келаси 30 йил ичида тугаши мумкинлиги айтиб келинади.

Мутахассисларга кўра, минтақадаги энг аҳолиси катта Ўзбекистон ўзининг энергия ва сув таъминоти хавфсизлигини таъминлаш йўлида қўшнилар қўлловига эҳтиёжманд.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.

Бу мавзуда батафсилроқ