Россияда бедарак кетган ўзбекларни ким қидиради?

Image caption Нишонбой Алиқулов ишчи сифатида сотиб юборилган, дея тахмин қилинмоқда.

Россияда ҳар йили ўнлаб ўзбекистонликлар бедарак кетади. Ҳар икки давлат томонидан ҳам бу борада бирон бир статистик маълумотлар юритилмайди.

Олмалиқлик Наргиза Баймакова Москвада кафеда ишлайди. У 11 йил олдин иш излаб Ўзбекистондан Қозоғистонга чиқиб кетган тоғасини изламоқда ва бунинг учун уни қидириб боришга тайёр.

Унинг айтишича, 61 ёшли Нишонбой Алиқулов 2005 йилнинг ноябрь ойида Астана шаҳрига ишлашга кетган.

Наргиза билан суҳбатни кўриш учун мана бу ерга босинг.

Унга Иннокентий Ким исмли шахс иш таклиф қилиб чақирган. Сўнгра Нишонбой Алиқулов ишчи сифатида сотиб юборилган, дея тахмин қилинмоқда.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган эълонлардан сўнг, 2016 йилнинг ноябрь ойида Алиқуловнинг гўёки дараги чиқди. Унинг Астана вилоятида дайдилик қилиб юрганини кўрганлар борлиги маълум бўлди. Аммо булар ҳали тасдиқланмади.

"Тоғамни Щучинск шаҳридаги бозорда кўрганларини ёзишди. Унинг тиланчилик қилиб ўтирганини айтишаяпти. Аммо, мен бу гапга ишонмайман, чунки тоғам ўқимишли инсон эдилар. У отасиз катта бўлган, укаларини ўзлари уйли-жойли қилган инсон шунчаки дайди бўлиб кетишига ишонмайман," - дейди Наргиза Баймакова.

"Мен онам учун уни қидираяпман. Онам ҳар куни йиғлайдилар, уларнинг кўз ёшларини кўриб чидолмаяпман... Агар дайдиб юрган ўша киши аниқ менинг тоғам эканлигини билсам, ҳозир бўлса ҳам кетишга тайёрман," - дейди Наргиза.

"Ўғлимни интернетдан топдим"

Сўнгги йилларда яқинларини йўқотган ўзбекистонликлар ижтимоий тармоқларда суратли эълонлар бериши кўпайиб бормоқда. Россияда интернетдан фойдаланиш кўлами кенглиги боис, қидирувлар бирмунча ижобий натижа бермоқда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган эълонларда изланаётган кишини кўрганлар эълонда берилган телефон рақам ёки интернет манзили орқали хабарлашиб, яқинлари билан боғланишмоқда.

Ўғлини топган бир ватандошимнинг айтишича, ижтимоий тармоқларда эълон бериш усули полиция қидируви ёки "Жди меня" кўрсатувида чиқишдан ҳам яхшироқ самара беради.

"Ўғлим Бунёд Россияга ишлашга кетиб дараксиз кетди. Ҳавотир олиб, роса суриштирдик. Дараги чиқмагач, ўзим Москвага келиб ўғлимни изладим. Натижа бўлмади," - дейди сурхондарёлик Камолжон Муҳиддинов.

"Сўнг "Одноклассники"да ўғлимнинг сурати билан қидираётганимизни ёздим. Эълоним тарқалиб, ўғлимга яқин жойда ишлаётган йигитларгача етиб борибди. Ўғлим қийин аҳволга тушиб қолган экан, йигитлар орқали уни топдим," - дейди у.

"Мени ҳеч ким изламаяпти"

Image caption Ҳасан ака Москвадаги масжид ташқарисида тиланчилик қилиб кун кечиради.

Россияда бедарак йўқолди дея изланаётганларнинг бир қисми ўз ихтиёрига кўра оиласи билан алоқаларни узишган. Баъзиларининг Россияда оила қуриш, бошпанали бўлиш каби сабаблари бўлса, айрим ишлашга келувчи бошқа тоифа мигрантларда одам савдоси, қулликка тушиб қолиш каби қийин вазиятлар сабаб бўлади.

Жиноят ва бахтсиз ҳодисалар туфайли оила аъзолари билан боғлана олмаётганлар нисбатан озчиликни ташкил қилади.

Шунингдек, сўнгги 2-3 йил ичида ўнга яқин ўзбекистонликлар Россиянинг турли ҳудудларида оғир аҳволда топилган. Бундай ҳолларда ичкиликбозлик, дайдиларга қўшилиб кетган мигрантларга кўнгиллилар томонидан ёрдам кўрсатилган ва ватанга қайтарилган ҳоллар бор.

"Менинг борадиган жойим йўқ, кутадиган ҳеч кимим йўқ," - деди ўзини Ҳасан деб таништирган Москванинг Новокосино туманида кўчаларни кезадиган ўзбекистонлик.

У Москвадаги масжидлардан бири ёнида тиланчилик қилиб кун кўради. Ўзининг айтишича, оиласи билан ажрашиб кетган, тўрт фарзанди онаси билан қолган.

Оилавий можаролар, туғишганларининг оқибатсизлиги туфайли Россияга келгани, ишсиз ва пулсиз қолиб дайдилар сафига қўшилиб кетганини айтган Ҳасан аканинг уйга қайтиш нияти йўқ.

"Мени ҳеч ким изламаяпти барибир," - дейди у қўлини силтаб.

Россияда яқинларини йўқотган ўзбекистонликлар аксар ҳолларда ўзбек диаспораларига мурожаат қилишади. Аммо бу борада амалий ёрдам кўрсата оладиган бирон бир расмий ташкилот ҳозирча йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.