Мамаризо Нурмуратов - Марказий банк раиси

Тошкентдаги Ўзбекистон Марказий Банки биноси

Ўзбекистон Марказий банки матбуот хизмати хабар тарқатишича, 57 ёшли Мамаризо Нурмуратов Марказий банк бошқаруви раиси этиб тайинланган.

Жаноб Нурмуратов номзодини Ўзбекистон асосий банкини бошқаришга Президент Шавкат Мирзиёев тавсия этган.

Президент тавсиясини Ўзбекистон Сенати маъқуллаган.

Шу йил 16 мартидан Жиззах вилоятидан сенатор бўлиб сайланган Мамаризо Нурмуратов Ўзбекистон Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси лавозимини эгаллаган эди.

23 май куни Марказий банкнинг 67 ёшли раиси Файзулла Муллажонов оламдан ўтди.

Марказий Банк раиси Файзулла Муллажонов вафот этди

Файзулла Муллажонов Марказий банкни 1991 йилдан буён бошқариб келди.

Мамаризо Нурмуратов узоқ йиллар марҳум Муллажоновнинг ўринбосари, маслаҳатчиси лавозимларини эгаллаб келган.

Жаноб Нурмуратов 2000 йилдан 2004 йилгача Ўзбекистон Молия вазири бўлди.

2003 йил майида Тошкентда Европа Тараққиёт ва Тикланиш банкининг йиллик йиғилиши ўтказилган, ўша анжуманда жаноб Нурмуратовнинг Молия вазири сифатида журналистлар ва фуқаролик жамияти вакилларининг саволларига жавоб беришига тўғри келган.

Хусусан, журналистлар давлат белгилаган энг кам маошга Ўзбекистонда қандай яшаш мумкин, деган саволни беришган, жаноб Нурмуратов "шуни унутмаслик керакки, аксар Ўзбекистон фуқароларининг томорқалардан қўшимча даромадлари бор", дея жавоб қайтарганди.

Ўзбекистон Молия вазирининг бундай жавоби ўша пайтдаги "Интерконтинентал" меҳмонхонасида йиғилган хорижий ва маҳаллий меҳмонларнинг кулгисига сабаб бўлгани кўпчиликнинг ёдида.

2004 йили Мамаризо Нурмуратов Самарқанд вилоятининг ҳокими этиб тайинланди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи cbu.uz

Икки йилга етар-етмас асли Самарқанднинг Пайариқ туманидан бўлган жаноб Нурмуратов вилоят ҳокимлигидан четлатилган, нега бу лавозимдан бўшатилганининг асл сабаби кўпчиликка қоронғу қолган.

2006 йилдан 2017 йил мартигача Марказий банки раисининг маслаҳатчиси бўлган.

Мамаризо Нурмуратов 1960 йили Самарқанд вилоятида туғилган.

1977 йили Тошкент Халқ хўжалиги институтига ўқишга кириб, 1982 йили Ленинград иқтисодиёт-молия институтини тамомлаган.

1982-1985 йилларда Тошкент Халқ хўжалиги институтида ўқитувчилик қилган.

1985-1988 йилларда Москва Молия институти аспирантурасида таҳсил олган. Иқтисодиёт фанлари номзоди.

1989-1993 йилларда Тошкент халқ хўжалиги институти ва Молия институтларида доцент бўлиб ишлаган.

1993 йилдан бошлаб Марказий банк тизимида фаолият кўрсата бошлаган: Марказий банкда Илмий тадқиқотлар маркази бошлиғи, Бошқарув раисининг ўринбосари, Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ