Генерал Дўстум ҳозир қаерда: Туркиядами ё Туркманистонда?

Генерал Дўстум Фото муаллифлик ҳуқуқи video

Хабарларга кўра, Афғонистон биринчи вице-президенти Туркиядан қайтмоқчи бўлган, аммо у тушган самолёт ортга қайтарилган.

Самолёт Ўзбекистонга бевосита чегарадош шимолий Балх вилояти маркази Мозори Шариф шаҳрига қўнишнинг ўрнига, Туркманистон пойтахти Ашхободга йўналтирилган.

Тафсилотлари видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

Бунга ким изн бермагани маълум эмас, аммо Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанийга яқин манбанинг Би-би-сига айтишича, қайтиш афғон ҳукумати билан мувофиқликда амалга оширилмаган.

Аммо, Афғонистон биринчи вице-президенти томонига кўра, ортга қайтарилган самолёт бортида генерал Абдулрашид Дўстум бўлмаган.

Унга яқин манбанинг Би-би-си Ўзбек Хизматига айтишича, генерал Дўстум ҳануз Туркия пойтахти Анқарада ва келаси бир-икки ҳафтанинг ичидагина Афғонистонга қайтмоқчи.

Генерал Дўстум кетди, аммо 'қайтади'

'Генерал Дўстум президент буйруғига бўйинсунмаган'

Манбага кўра, Афғонистон биринчи вице-президенти қайтишдан икки мақсадни кўзлаган.

Биринчидан, "Яқинда Анқарада Афғонистондаги уч йирик сиёсий партия лидерлари томонидан асос солинган "Афғонистонни қутқариш" коалициясини расман таништирмоқчи".

Иккинчидан, "Афғонистон биринчи вице-президенти сифатидаги фаолиятини яна қайтиб бошламоқчи".

19 май куни шу йил бошидан буён тан қўриқчилари сиёсий мухолифи Аҳмад Ишчининг жинсий ва жисмоний зўравонликка оид иддаолари билан боғлиқ жиноий иш марказида қолаётган генералнинг Анқарага жўнаб кетганига оид хабарлар олинган.

Афғонистон биринчи вице-президентининг айни шу жиноий иш манзарасида кузатилган кутилмаган сафари унинг Туркияга ўз ихтиёри билан муҳожиратга юз тутган бўлиши мумкинлигига оид талқинларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Аммо партияси воизи ортидан, Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам, генерал Абдулрашид Дўстум Анқарага одатий тиббий текширувдан ўтиш ва дам олиш учун келганини айтиб чиққан.

Вазирлик Афғонистон биринчи вице-президентининг ўзи истаган пайтда бемалол ортга қайтиши мумкинлигини баён қилган.

Шахсий шифокори ва соғлик маслаҳатчиси яқинда Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида барча текширув натижалари ижобий чиққани, биринчи вице-президентнинг Афғонистонга қайтишини билдирганди.

Би-би-си Ўзбек Хизмати суҳбатлашган манбанинг ҳам айтишича, генерал Абдулрашид Дўстумнинг тиббий текширувлари ўз ниҳоясига етган ва ҳозир унинг соғлиғи билан боғлиқ ҳеч бир муаммо йўқ.

Парвоз?...

Агар, Афғонистоннинг "Pajhwok" ахборот агентлиги хабарига таянилса, Афғонистон биринчи вице-президентини кутиб олиш учун Мозори Шариф шаҳрига шахсан Балхнинг қудратли ҳокими, янги сиёсий коалиция аъзоси Ато Муҳаммад Нурнинг ўзи чиққан.

"Ҳокимга мингдан ортиқ киши ҳамроҳлик қилган".

Британиянинг нуфузли "Reuters" ахборот агентлигининг шоҳидларга таяниб ёзишича, генерал Дўстумнинг айрим тарафдорлари, "Хуш келибсиз, қадардон раҳбаримиз", деган шиорларни ҳам кўтариб олган бўлишган.

Дастлабки хабарларда самолётнинг ортга қайтариб юборилиши ҳодисаси ортида Афғонистондаги Германия кучлари тургани айтилган.

Аммо Нато иттифоқи тезда раддия билан чиқиб, ўзларининг бунақа қарорларни беришга масъул эмасликларини баён қилганди.

Президент Ғанийга яқин манбанинг Би-би-си Афғон Хизматига айтишича, генерал Дўстумнинг расмий Кобул билан маслаҳатлашмай ортга қайтиш қарори шубҳа уйғотган.

"Нималар бўлаётганига ойдинлик киритиш учун унинг пойтахт Кобулга келишини исташган".

Генералнинг "ортга қайтиши учун бирор бир қонуний тўсиқ йўқ, ҳукумат ҳам қарши эмас, аммо у парвоз учун тўғри йўналишни танлаши лозим эди", - деб айтган манба.

Аммо Афғонистон биринчи вице-президентининг қайтишига ҳозирлик ишларига масъул шахслардан бирининг Би-би-сига айтишича, генерал Дўстум душанба куни Анқарадан туриб, ўзига яқин инсонлар билан суҳбатлашган.

Ато Муҳаммад Нур ва Муҳаммад Муҳақиқ билан бамаслаҳат ўзлари асос солган янги сиёсий коалициянинг тақдимот маросимини катта қилиб уюштиришга буйруқ берган.

Биринчи вице-президент

Генерал Абдулрашид Дўстум Афғонистон тарихидаги ўзбек миллатига мансуб биринчи вице-президент бўлади.

Ўтган йил охирида сиёсий рақиби ва Жаузжон вилояти собиқ ҳокими Аҳмад Ишчи Афғонистон биринчи вице-президентига нисбатан жиддий даъволар билан чиққан.

Генерал Абдулрашид Дўстумнинг буйруғи билан ўзининг зўр билан олиб қочилганлиги ва номақбул муносабатда бўлинганини иддао қилган.

Афғонистон биринчи вице-президентининг шахсан ўзи ва идораси бу каби айбловларни кескин рад қилган ва буларнинг барчаси "иғвогарлик амали" эканини баён қилган, Аҳмад Ишчини улар эмас, балки Афғонистон хавфсизлик кучлари ушлаганликларини айтганди.

Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғаний Аҳмад Ишчининг даъволарини синчковлик билан ўрганишга ваъда берган, ўтган ой охирида мамлакат Бош прокуратура идораси генерал Абдулрашид Дўстум 9 нафар тан қўриқчисини ҳибсга олишга буйруқ берган.

Яқинда Афғонистон Бош прокуратураси улар билан боғлиқ жиноят ишининг маҳкама оширилгани ҳақида хабар берган.

Ўтган пайшанба куни эса, маҳкама жараёни бошлангани, аммо айбланувчилар ҳозир бўлишмагани боис, амалга ошмагани ҳақидаги хабарлар ҳам олинганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар