Аёл ва эркаклар бирга намоз ўқийдиган масжид очилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Сейран Атеш ва Людовик-Муҳаммад Зоҳид Европа бўйлаб экспансияни кўзлашмоқда.

Қизил ғишт, гумбаз, рангли ойналар: ташқаридан Берлиндаги Авлиё Иоанн черкови бошқа протестант эҳромларидан фарқ қилмайди. Аммо, унинг ҳовлисидаги бир хона ғайриоддий.

Ёруғ залга кираверишда пойафзал сочилган, ичкарида эса - ранг-баранг жойнамозлар. Бу масжид.

У Германиядаги илк шундай масжид.

Унинг фарқи фақат насронийлар эҳромида жойлашгани эмас, балки, унда эркаклар ва аёллар ёнма-ён намоз ўқиши ва ҳатто аёлларга жума намозига имомлик қилишга ҳам рухсат берилишида. Ундан ташқари, у гей жамоатчилик вакилларига ҳам очиқ.

"Масжидимиз ҳамма учун очиқ. Биз Тангри эмасмиз. Ким яхши ё ким ёмон мусулмон эканини биз ҳал қилмаймиз", - дейди унинг асосчиси, адвокат ва феминист Сейран Атеш.

Инклюзив Ислом, яъни барчани қабул қилувчи бу ҳаракат тарафдорлари сони ортиб бормоқда. Унинг янги масжидлари очилмоқда, аммо, ҳозирча асосан хусусий уйларда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Берлиндаги Ибн Рушд-Гёте масжидида эркаклар ва аёллар бирга намоз ўқийдилар.

Берлиндаги бу Ибн Рушд-Гёте масжиди эса дунёдаги илк доимий либерал масжид.

"Бу қандайдир ёпиқ клуб ё жой эмас, бу ерга фақат таниш-билишчилик билан келмайсиз. Биз ҳаммани кутишимизни очиқ айтамиз", - дейди асли турк бўлган германиялик Атеш.

Исломий реформация

Илк инклюзив масжидлардан бирини 2012 йилда Парижда Людовик-Муҳаммад Зоҳид очганди. У асли жазоирлик гей-имом ва Францияда ўзининг қонуний турмуш ўртоғи билан яшайди.

Зоҳид Европанинг бошқа бурчакларида масжидлар очишда Атешга ёрдам бермоқда.

"Европа Исломни реформация (ислоҳ) қилиш йўлида ишлашимиз учун жуда қулай жой. Бу ерда сўз эркинлиги, демократия, таълим ва ижтимоий кўмак бор", - дейди Зоҳид Берлиндаги масжидда ўтказган суҳбатимизда.

"Замонавий аёллар ва гейлар тақводор бўла олмайди дейдиган биродарларимга юзланиб шуни айтмоқчиман: ҳақиқий мусулмон ҳамжинсларга ёвқараш, аёлларни таҳқирлаш ва антисемитизмни қоралаши керак, чунки Ислом ўзлигинг ва атрофингдагилар билан тинчликда яшашга ўргатади", - дейди у.

Таҳдидлар

Янги масжиднинг эркин тартиби ҳаммага ҳам ёқиб тушгани йўқ.

Image caption Авлиё Иоанн черкови кўринишидан оддий насроний эҳроми.

Атешга бир неча бор ўлим таҳдиди қилинган. Туркия телевидениесида немислар Қуръонни оёқ ости қилганлари кўрсатилганидан кейин бу таҳдидлар кўпайган.

Атешга кўра, бу қўпол ва сохта янгилик эди. Унга кўра, турк канали ходимининг ўзи Қуръонни ерга ташлаб, топтаган.

Турк расмийлари Атешни мусулмон уламо Фатҳулла Гулан билан алоқа қилишда айблаганлар. Туркия ҳукумати Гуланни ўтган йилги давлат тўнтариши ҳаракатининг муаллифи деб билади.

Миср ҳукумати ҳам Атешни Исломга иснод келтиришда айблаган.

"Даҳрийлар диндорларга қараганда ахлоқсизроқ"

Ўзбекистон "маърифий Ислом" ғоясини илгари сурмоқда

Бу таҳдидлар ортидан шундоқ ҳам Атешни ҳимоя қиладиган полиция қўриқловни кучайтирди.

Атешга қарши таҳдидларни қоралайдиганларнинг ҳаммаси ҳам унинг фикрига қўшилмайди.

Опа исмли йигит Германияга Гамбиядан келган. У аёл ва эркакларнинг бирга намоз ўқишини ҳалиям қабул қила олмаслигини айтади.

Унинг айтишича, ўзга жинс вакилининг бўлиши намозхонни чалғитиши мумкин.

"Ҳукм чиқарманг"

Мириам масжиддаги Қуръонни ёдлаш дарсларини олиб боради.

Image caption Лака ва Мириам

Унинг айтишича, асосий вазифаси мусулмонлар орасида сабр-тоқатга эришишдир.

Унинг ўзи Атешнинг дунёқарашига тоқат билан ёндошадими?

"Менга қараб туриб буни тушунсангиз керак. Мен ҳижоб ўрайман, у эса бунга бошқача ёндошади. Лекин, у бу ерда "Сейран Атеш масжиди" эмас, балки барча мусулмонлар масжиди бўлишини хоҳлайди. Мен либерал, анъанадор деган ёрлиқларни тақишни истамаган бўлардим. Менинг динимдаги энг асосий қадрият - тоқатли бўлиш", - дейди у.

28 ёшли покистонлик Лака унинг фикрига қўшилади. "Барчамиз тенгмиз. Ташқи кўринишимиз, теримиз ранги ва жинсий ориентациямизга қарамай", - дейди у.

"Мен қаердан билай Оллоҳга ким яқинроқ эканини? Нега мен буни ҳал қилишим керак? Буни қилолмайман. Ва қилмайман", - дея қўшимча қилади Лака.

Берлин масжидида ҳижоб муҳокама қилинмайди. Бу ердаги суҳбатлар жиддийроқ мавзуларга асосланган. Атешнинг мақсади - Исломни бутунлай янгилаш.

"Биз анъанадорлар ва фундаменталистларни қандай қабул қилган бўлсак, улар ҳам бизни шундай қабул қилишларини истайман. Исломнинг барча оқимлари бирлашсин. Менинг орзуим шу", - дейди у.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар