Шуҳрат Ризаев: “кириллни — асосий, лотинни иккинчи алифбо сифатида қонунлаштирайлик”

Shuhrat Rizayev Фото муаллифлик ҳуқуқи Ijod.uz

Охирги кунларда Интернет ижтимоий тармоқларида, Ўзбекистон учун Кирилл алифбосида қолиш яхшими ёки Лотинга ўтиш, деган савол атрофида баҳс-мунозара кучайгани кузатилмоқда.

10 август куни адабиётшунос, "Жаҳон адабиёти" журналининг Бош муҳаррири Шуҳрат Ризаевнинг "Президентга мактуб" очиқ хати эълон қилинди.

"Китоб дунёси" веб-сайтида эълон этилган мақолада Шуҳрат Ризаев Ўзбекистонда Кирилл алифбосини асосий, Лотин алифбосини иккинчи алифбо сифатида қонунийлаштиришни таклиф этади, бундай муҳим масалада халқ референдуми асосида қарор қабул қилиниши муҳимлигини айтади.

Биз Шуҳрат Ризаевнинг "Президентга мактуб"идан ўзбек тили ва алифбога бағишланган қисмларини эълон қилмоқдамиз.

Президентга мактуб

...Сиз учрашувда ижодий-гуманитар олий ўқув юртларида тест синовлари масаласига танқидий муносабат билдирдингиз. Бу неча йиллардан бери халқ билан бевосита мулоқотлар ва кузатишлар асосидаги қатъий фикрлар, албатта. Тест синовлари сабаб юксак савияли ижодий кадрлар етиштиришга етказилган зиён бизнинг қай бир маънода Ғарбга тақлидимизнинг аччиқ мевасидир. Фикрлашдек ғоят муҳим маш­ғулотни кўр-кўрона ёдлашга алмаштириб, фикрий танбаллик, енгил муносабатга йўл очдик ва энг аламлиси, саводхонликни бой бердик. Илгари ижодий-гуманитарми ёки табиий-аниқ фанларми - барча йўналишда иншо ёздириш орқали болаларимизнинг саводхонлигини текшириб олардик. Ахир ёзма нутқий савод қайси касб танланишидан қатъи назар, барчага суву ҳаводек зарур-ку. Балки шундандир, она тилимиз — ўзбек тилига муносабат, эътибор хийла сусайиб кетди. Кўча-кўйдаги пешлавҳаларга қарасангиз, Ўзбекистонда эмас, ажнабий юртда юргандексиз. Унда-бунда кўзга ташланадиган "Дорихона" ёки "Миллий таомлар" деган ёзувларгина қаерда эканингизни ёдга солади. Очиғи, она тилимизнинг мав­қеи ва келажаги билан боғлиқ хавотирли мулоҳазалар бисёр. Биз бугун ёшу каттадан инглиз тилини билишни талаб қиляпмиз-у, ўзбек тилига бепарвомиз. Ҳакка чўқигандек чучмал тил ва ранго-ранг шеваю лаҳжалар расмий-норасмий барча жабҳа-жараёнларга сингиб боряпти. Кўпгина зиёлилар шу муаммоларни бартараф этиш ва буни давлат миқёсидаги масала эканини назарда тутиб, хориж ва яқин тарихимиз тажрибаси асосида "Ўзбек тили жамияти" тузиш ҳақида қарор қабул қилишни долзарб масала деб билмоқдалар.

Шу билан боғлиқ яна бир ўта муҳим ва ғоят оғриқли муаммо бор. Бу — жорий алифбомиз масаласи. Бугун 25 ёшгача бўлган фарзандларимиз лотин алифбоси асосидаги ёзувда савод чиқариб, ундан фойдаланяпти. Катта ёшдаги ҳамюртларимиз эса кирилл ёзувидаги алифбода мутолаа қилади ва иш юритади. Мана, учинчи ўн йиллик тўлиб боряптики, кўпчилик ҳануз лотин ёзувига мослаша олмаётир. Қолаверса, лотин алифбоси, мутахассислар фикрича, тилимиз табиатига унчалик мувофиқ эмас. Бинобарин, у янада такомиллаштиришни тақозо этади. Шу боис оммалашмаётган алифбодан оммавий ахборот воситалари ҳам, нашриётлар ҳам ниҳоятда кам фойдаланяпти. Мактаб ва ўрта махсус ўқув юртлари кутубхоналари лотин ёзувида бўлмаган адабиётларни фондларига олмайди. Натижада - бу кутубхоналар ғарибу қашшоқ, ёшларимиз ёниб тарғиб қилинаётган китобхонлик ва мутолаа маданиятидан бир тош нарида! Истиқлолимизнинг дастлабки йиллари "Ёш гвардия" ёки "Ўзбекистон ССР" номи билан нашр этилган неки китоб бўлса, у Алишер Навоийми, ё Абдулла Қодирий қаламига мансубми — фарқига бормай маҳв этганлари каби, ундан аввалроқ алифбони уч бора ўзгартириб (араб, лотин, кирилл), халқимизни саводсиз этганларидек жоҳилона иш тутишлар миллатимиз тарихи ва тақдирида хунук ва зарарли из қолдириши тайин. Сиз маърузангизда "жаҳолат" тушунчасига алоҳида тўхталиб, "... бугунги ҳаётий жараёнлар жаҳолат ҳамма соҳада ҳам учраши, агар унга қарши ўз вақтида кураш олиб борилмаса, ўта оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатмоқда" деб айтдингиз. Шўро давлати алифбо масаласида ана шундай сиёсат юритгани учун, араб, кейинроқ қисқа муддат лотин алифбосида яратилиб, сақланган ёки нашр этилган қанчадан-қанча маънавий-маданий обидалар: қўлёзмалар, ҳужжатлар, газета-журнал, китоб­лар, ёзишмалар архиву ҳужжатхоналарда ўлик бисот бўлиб ётибди. Биз ҳам лотиндан кирилл алифбосига ўтилган даврдан то шу кунгача саксон йиллик маданий тарихимизни фарзандларимизга кераксиз бир мулк ўлароқ қолдирмайлик. Фурсат ўтмасидан кириллни — асосий, лотинни иккинчи алифбо сифатида қонунлаштирайлик.

Мазкур мулоҳазалар бугун айтилаётган экан, буни «ёв қочса, ботир кўпаяр» қабилида тушунилмаслигини илтимос қилар эдим. Балки истиқлолимизнинг илк даврида мустабид тушунча ва кўникмалардан тамомила холи бўлиш, ёш авлод дунё­қарашини тоза сақлаш мақсадида алифбони ўзгартириш ҳам зарур бўлгандир.

Одатда бундай масалалар халқ хоҳиш-иродасини акс эттирувчи референдум шаклида ҳал этилади. Аммо масала қай шаклда ҳал этилишидан қатъи назар, халқимизнинг кўнглидаги иш бўлиши аниқ...

Шуҳрат РИЗАЕВ,

адабиётшунос,

"Жаҳон адабиёти" журнали Бош муҳаррири

http://kitobdunyosi.uz/