Испанияда ҳужумчи қидирилмоқда

Image caption 18 ёшли Муса Оукабир учун йирик қидирув эълон қилинди.

Испания полицияси Камбрилс шаҳарчасида террорчиликда гумон қилинган беш кишини отиб ўлдирганини айтмоқда. Бир неча соат аввал ундан 110 километр наридаги Барселона шаҳрида ҳужумчилар фургонни одамлар устига ҳайдаб 13 кишини ўлдиришди ва кўпларни яралашди.

Барселонадаги ҳужум учун ўзини Исломий Давлат дея атайдиган жангари гуруҳ масъулиятни ўз бўйнига олди.

Полиция Барселона ва Кембрилсдаги ҳодисалар боғлиқлигини айтмоқда.

Пайшанба кечқурун Барселонанинг сайёҳларга гавжум Лас Рамблас кўчасида фургонни ҳайдаган киши ҳали ҳам қидирилмоқда.

Испан матбуоти 18 ёшли Муса Оукабирни гумондор дея эълон қилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Камбрилсдаги ҳужумда машина ағдарилиб кетди.

Айтилишича, унинг акаси Дрисс Оукабирнинг ҳужжатларидан фургонни ижарага олиш учун ишлатилган.

Испания Бош вазири Мариано Раҳой уч кунлик мотам эълон қилди.

Камбрилсда жума куни эрталаб одамлар устига машина ҳайдалиши оқибатида етти киши, жумладан бир полициячи жароҳатланган. Улардан бири касалхонада вафот этди.

Матбуотга кўра, ҳужумчилар машинаси ағдарилиб кетган, ҳужумчилар чиқиб қочишга уринганида полиция уларни отиб ўлдирган. Ҳужумчилардан бирининг қўлида пичоқ бўлгани, улар белларига ҳудкуш ҳужумчилар камарини тақиб олишгани айтилади.

Каталония ҳудуди раҳбарига кўра, бу камарлар сохта бўлиб чиқди.

Полиция: Барселонадаги ҳужум теракт

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-0

Алоқадор мавзулар