ЎзЛиДеП: "бир-икки босар-тусарини билмай қолганларни дея, демократик ислоҳотларга зарар етмайди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook/Abduqodir Toshqulov
Image caption Депутат Тошқулов Пресс клуб раиси бош вазирга "беписанд" бўлганига ишора қилди.

Халқаро пресс клуб раиси Шерзодхон Қудратхўжаев бошчилигида "Ўзбекистон 24" ва бошқа телеканаллар эфирида жонли равишда олиб борилган кўрсатувлар тўғридан-тўғри узатилмаслиги айтилмоқда.

Пресс клуб ўзининг Телеграмдаги гуруҳида 23 август куни халқ таълими вазирлиги ходимлари билан бўлиб ўтадиган сессияси жонли эфирга чиқмаслигини билдирди.

Кун.уз ва бошқа қатор сайтлар бундан буёғига кўрсатувлар жонли равишда кўрсатилмаслигини хабар қилишмоқда.

Вилоятлар бўйлаб ўтказилаётган бу кўрсатувлар халқ орасида шов-шувга сабаб бўлаётганди. Уларда, хусусан, вилоят ҳокимлари сўроққа тутилган ва тўрт ҳокимнинг пахтага ўқитувчи ва шифокорларни чиқармаслик ваъдаси олинган.

"Ўзбекистон" каналида Қуддус Аъзам бошловчилигида ҳафтада беш марта жонли узатилган "Муносабат" кўрсатуви ҳам эфирдан йўқолган.

Би-би-си бу хабарни тасдиқлаш илинжида Шерзод Қудратхўжаев билан боғланди, аммо у саволларга жавоб бермади.

Кун.уз хабар қилишича, жонли кўрсатувларни тўхтатиш қарори МТРК Медиа марказида душанба куни Бош вазир Абдулла Арипов ва Президентнинг давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда олинган.

Озодлик ўзининг йиғилишда қатнашган манбаларига таяниб хабар қилишича, узоқ давом этган мажлис қизиган эҳтирослар ва ўзаро айтишувлар билан ўтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Bach Hoosier
Image caption Пресс клуб кўрсатувлари оммалашаётганди.

Шерзод Қудратхўжаевнинг кун.узга берган муносабатида айтишича: "Пресс-клуб вазирликмас, кўрсатувмас, аслида. Пресс-клуб мулоқот учун, журналистлар ахборот олиши учун майдонча. Баъзан форматдан чиқиб кетиш ҳолатлари ҳам бўлди. Ток-шоуга айланиб қолди. Аммо, бунга ҳам эҳтиёж бўлгани сабабли шундай йўл тутилди."

Муносабат

Би-би-сининг Фейсбук саҳифасида Президент Мирзиёевнинг Ўзбекистон Либерал демократик партияси аъзоси, депутат Абдуқодир Тошқулов шарҳ қолдира туриб, "бир-икки босар-тусарини билмай қолганлар"га ишора қилди.

"Бу боради бизнинг фикримиз қуйидачида:

1.Ҳар бир амал ниятга боғлиқ. Ҳурматли модераторларимизнинг ниятлари муаммолар ечими, инсонлар мушкулини осон қилиш, умуман олганда эзгулик бўлганда эди, бу каби юзтубан бўлмасдилар. Уларда Раҳбарга яхши кўриниш илинжидаги шахсий манфаатлари уфуриб турди;

2.Ҳоким, Вазир, Сенатор ёки Депутат ҳам қайсидир онанинг фарзанди, кимнингдир устози. Ҳеч бир мамлакатда журналист мансабдорлар билан бундай беписанд муомала қилиб, буни дунёга кўз-кўз қилмайди.

3.Юқорида санаб ўтилган ҳокимиятлар вакилларига баҳо бериш Конституцияга мувофиқ Президент ва халққа берилган.

Умуман олганда, бир икки босар тусарини билмай қолганларни дея, демократик ислоҳотларга зарар етмайди," - дейилади депутатнинг шарҳида.

Танқидий назарга эга бўлган мазкур кўрсатувларнинг жонли равишда кўрсатилишининг тўхтатилиши интернетда қизғин баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Марказий Осиёни ёритувчи москвадлик журналист Даниил Кислов нега Президент Мирзиёев сўз эркинлигига чақираётган бир вақтда, бу каби қарор қабул қилинганини сўрайди.

"Одатда президент қиладиган сиёсий қарорларга биринчи марта бош вазир аралашяпти. Савол туғилади, президентнинг ўзи қаерда? Ким бошқараяпти (давлатни), Абдулла Ариповми ёки Шавкат Мирзиёев? Мирзиёевнинг ўзи кеча танқид қилиш ва ҳақиқатни гапиришга чақираётганди-ку?"

Би-би-сининг Фейсбук саҳифасида шарҳ қолдирган Баҳодир Абдуллаевнинг айтишича, пресс клуб ўз ваколатидан чиқиб кетганди.

"Бир тарафдан модератор сал ошириб юборди, жонли эфирда амалдорларга шарт қўйишни, мурожаатларнинг ижросини назорат қиламан деб... талаб килиши шу амалдорларга ёқмаган, яна вилоят ҳокимлари уйлаб-уйламай жонли эфирда ваъда берворишди... Унинг ижросини таъминлашга келганда ... крайный қилиб пресс клубни қўйишган..Шу сабали пресс клуб ёпилди деб ўйлайман.. Агар қўйиб беришса, ҳамма ёқни ағдариб ташлашини сезиб қолишди...", - дейди у.

Айни дамда ижтимоий тармоқларда кўпчилик жонли кўрсатувларнинг тўхтатилишини сўз эркинлигининг бўғилиши дея баҳолаб, Шерзод Қудратхўжаевни қўллаб-қувватлашга чақириқлар янграмоқда.

Фарғона ҳокими ўқитувчи ва шифокорларни далага чиқармасликка сўз берди

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар