Тошкентда Фейсбук орқали бола сотилдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook/Ya-MAMA!
Image caption Фейсбукдаги эълон

Ўзбекистонлик ёш оналар орасида машҳур бўлган ва Тошкентдан юритилувчи Фейсбукдаги "Я-МАМА!" гуруҳида пайдо бўлган эълон кўпларни ларзага солди. Унда эндигина дунёга келган чақалоқ қизчанинг бошқа оилага берилиши айтилади.

Реклама муаллифи модераторлардан ўз исми-шарифи берилмаслигини ва чақалоқни асраб олишни қизиққанлар пост остида шарҳ ёзиб қолдиришларини сўрайди.

"Салом, илтимос, аноним тарзда нашр қилинг. Бугун танишим жуда чиройли қизча туғди. Лекин, тақдир шундай экан, боладан воз кечишга тўғри келади. Илтимос, тўғри тушунинглар. Балки, чақалоқни асраб олишни истаган оилалар бордир? Пост тагида ёзиб қолдиринг, мен сизга ўзим ёзаман", дейилади бу постда.

2011 йилда Тошкентда асос солинган бу гуруҳнинг аъзолари қарийб 25 минг кишини ташкил қилади. Унда оналикка оид ҳар хил мавзулар муҳокамага оширилади.

Мазкур эълон остига 100дан ошиқ киши шарҳлар қолдирди. Улар орасида қизалоқни асраб олишга қизиққанлар кўп эди. Жумладан:

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook/Ya-MAMA!
Image caption Эълонга кимдир қизиқиш билдирди, кимдир уни қоралади.

"Менга ёзинг! Мен қизли бўлишни орзу қиламан!!!"

"Менга личкага ёзинг".

"Менда гўдакни олишга қодир бадавлат оила бор!"

"Менга ёзинг, танишларим хоҳлаяпти".

"Менга ҳам ёзинг".

Аммо, гуруҳ фойдаланувчилари орасида мазкур эълонни қоралаганлар ва унинг қанчалар қонуний эканини савол остига олганлар ҳам бўлди.

"Мен шокдаман. Одамлар жинни бўлганми, ўз боласини Фейсбукдан бериб?"

"Ҳар нарсани кўрганман, лекин болага интернет орқали ота-она қидиришни?

"Кўппакни ё мушукчани сотаётгандек. Одамлар, ўзларингга келинглар!"

"Бундай эълон бериб иш битириб бўлар эканми? Бу ахир таниш-билишлар орқали, анча пул эвазига қилинади".

"Бу қонунга зид! Агар бола керак бўлмаса, аввалига ундан воз кечиш аризаси ёзилади. Кейин ҳукуматнинг ўзи унга оила топади ёки болалар уйига топширади. Туққан ота-онанинг буни ҳал қилишга ҳаққи йўқ", - дейди яна бир гуруҳ аъзоси.

Қонун нима дейди?

Би-би-си мазкур эълон бўйича, "Я-МАМА!" гуруҳи модераторларига боғланишди.

Модераторлар Би-би-сига пост муаллифи билан боғланишга кўмаклашдилар.

Пост муаллифи эса барча ишлар юрист иштирокида амалга оширилаётганини билдирди.

Ўз исмини ошкор қилмасликни сўраган тошкентлик гинекологнинг Би-би-сига айтишича, эълон муаллифи ва гуруҳ модераторлари бу эълонни интернетда чоп қилиш билан билвосита ёки бевосита жиноят содир этаётган бўлиши мумкин.

"Ўзбекистонда ўз боласидан воз кечаётган она ёки у оила аъзолари ўзбошимчалик билан бу гўдак тақдирини ҳал қила олмайди! Ўзбекистон қонунчилигида хусусий тарзда ўз фарзандини топширишни реклама қилиш умуман мумкинмас. Бундай пост одам савдосига тенг бўлиши мумкин", - дейди шифокор.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 151-моддасига биноан, фарзанд асраб олиш жараёни потенциал ота-онанинг аризаси асосида, маҳаллий васийлик ва ҳомийлик органлари иштироки билан, боланинг манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда судлар орқали амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 2851-моддасига биноан, фарзанд асраб олишни истаган шахслар боланинг турар жойига қараб фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман ва шаҳар судларига ариза билан мурожаат қилишлари кўзда тутилади.

Шифокорнинг айтишича, бола асраб олиш истагида бўлган оилалар ўзлари рўйхатдан ўтган туман ёки шаҳарнинг Васийлик ва ҳомийлик идораларига мурожаат қилишлари керак.

Мурожаатлари қабул қилингач, аризачи ота ёки она бўлишга қанчалар лойиқлиги қонунга биноан текширилади ва улар навбатга қўйилади.

Шифокорга кўра, мазкур жараён бир неча ой ва ҳатто йилга чўзилиши мумкин.

"Мана шу жараён баъзилар учун мужмал кўрингани учун, сабр-тоқати бўлмаган ота-оналар ноқонуний тарзда ҳам бола топишга уринадилар. Чунки, халқ нима дейишидан қўрқадиган баъзи оналар ёш бўлгани учун яширин ҳолда уйларида боласини туғиб, дарров воз кечишга уринади ва шунда таниш-билишчилик ёки катта пул эвазига бола кимларгадир сотилади. Лекин, бу катта жиноят. Бу чақалоқни расмийлаштиришга аралашган идоралар ҳам жиноятга қўл ураётган бўлиши мумкин", - дейди у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook/Ya-MAMA!
Image caption Гуруҳ модераторлари болага потенциал оила топилганини билдиришди.

Бола топширилдими?

Ҳозирда чақалоқ қизча ҳақидаги пост ёпилган.

"Я-МАМА!" гуруҳи модераторлари пост остига мазкур эълон муаллифидан келган охирги ёзувни қўйишди.

Унда қуйидагилар ёзилган:

"Муаллифдан: Мен бир оила билан боғландим, эртага туғруқхонада юрист билан учрашишади. Постни ёпсанглар бўладими, бундай шарҳларни ўқиш жуда ҳафа қилади. Одамлар бунчалар ёвуз".

Тожикистон: бола савдоси билан боғлиқ ҳоллар кўпайиб бормоқда

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02