Қаҳрамон Қуронбоев ўйлаб топган "Фидойи ёшлар" ким?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Yoshlar Ittifoqi
Image caption Қорақалпоғистоннинг фидойи ёшлари

"Бугун республиканинг барча вилоятларида минглаб ишсиз ёшлар хирмонимизга барака қўшиш учун жавлон урмоқда", дейилади Ўзбекистон 24 хабар агентлигининг мақоласида.

Ўтган ҳафта талабалар, ўқитувчи ва шифокорларни пахта теримидан қайтариш буйруғи берилиши ортидан, айни шу теримчиларни янгича тамға, "ишсиз фидойилар" ниқоби остида пахта далаларига қайтариш йўлга қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиси - Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоевнинг ўз Фейсбук саҳифасида эълон қилишича, "Фидойи ёшлар" отряди ёш теримчилари "супер натижа" кўрсатмоқда.

Қуронбоев раҳбарлигидаги Ёшлар иттифоқи пахтакор "Фидойи ёшлар отрядлари"ни тузишга киришган ва унга фақат 18-30 ёшли ишсиз, "уюшмаган" ёшлар кўнгилли тарзда жалб қилиниши таъкидланган.

28 сентябрь куни Ёшлар етакчиси "Фидойи ёшлар" отрядларига яратиб берилган шароитлар билан яқиндан танишиш, пахта йиғим-терими қай даражада кетаётганлигини ўрганиш мақсадида Оққўрғон, Қуйичирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота, Чиноз туманларида бўлди.

Би-би-си билан суҳбатда бўлган ва исми сир тутилишини сўраган янгийўллик ўқитувчининг айтишича, "Фидойи ёшлар"га ишсиз эмас, балки иши тайин одамлар мажбуран жалб қилинмоқда.

"Ўқитувчилар бор бу отрядда. Дарси кам дем қўшиб қўйишди отрядга, улар пахтага чиқишяпти. Кутубхонадаги қизларни ҳам қўшишган. Қоровуллар, техниклар, мастерларни ҳам отрядга қўшишган. Ишсиз эмас улар. Иши бор ҳаммасининг", - дейди коллеж ўқитувчиси.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Kahramon Kuranbaev
Image caption Қаҳрамон Қуронбоев ва фидойи ёшлар.

Унинг айтишича, пахта теришни истаганлар аслида кам эмас ва буни "ёлғон гап-сўзсиз" ҳам қилса бўлади.

"Маҳалладагиларнинг ўзлари хурсанд бўлиб чиқишяпти, ҳатто пенсионерлар уч кунда мана бунча пул беришди деб айтиб келишяпти. Бир килосига 500 сўм беради, пенсионерлардан солиқ ушлаб қолмас экан. Оддий одамлар териб, солиғи олингач, килосига 420 сўмдан ишлашяпти", - дейди у.

Ўзбекистон болалар меҳнатидан деярли буткул воз кечган эса-да, катта ёшдаги бюджет ишчилари ва талабаларни мажбуран пахта далаларига ҳайдаш урфи сақланиб қолаётганди.

Жаҳон банки Президенти Жим Ёнг Ким 20 сентябрда Президент Шавкат Мирзиёев билан Нью Йоркда учрашар экан, Ўзбекистонда мунтазам равишда болалар меҳнатидан фойдаланишга барҳам беришдаги ўсишни эътироф этган, бироқ ёши катталарнинг мажбурий меҳнатини тугатишда олиб борилаётган ишлар ҳам ҳам худди шундай қатъий ва тезкор натижа олиб келиши кераклигини таъкидлаганди.

Мазкур учрашувдан бир неча соатлар ўтиб, Ўзбекистон тарихида илк маротаба талабалар, ўқитувчи ва шифокорлар пахта даларидан ортга қайтарилганди.

Аммо, афтидан Ёшлар иттифоқи Президент Мирзиёевнинг бу буйруғидан норози.

Иттифоқ раиси Қаҳрамон Қуронбоев пахта далаларида рақс тушаётган ва совғалар қабул қилиб олаётган бахтиёр ёшлар суратларини чоп қилишда давом этяпти.

Ўқитувчи ва талабаларни даладан қайтаришга ҳукуматни ким мажбурлади?

Жиззахдаги пахта қурбонининг Ёшлар иттифоқига "алоқаси бўлмаган"