"Ҳайкал керак. Каримов ўлдими?"
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Ҳайкал керак. Каримов ўлдими?"

Москвада Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ҳайкали ўрнатилиши борасида ҳиёбонни ободонлаштириш ва безаш ишлари бошлаб юборилган бўлса-да, маҳаллий аҳолининг ижтимоий тармоқлардаги норозиликлари тинганича йўқ.

"Царьград.тв" канали айни мавзуда чиқиш қилди. Журналист Алексей Топоров Ўзбекистон пойтахтининг 1966 йилдаги зилзиладан мустақиллик йилларигача бўлган давридаги тарихини хотирлайди ва таҳлил қилади.

"Тошкентни рус шаҳри деб тасаввур қила оласизми? Ҳозир - йўқ. Ва совет даврида ҳам Тошкент тўлиқ русча шаҳар бўлмаган, ўртаосиёча кўпмиллатли шаҳар эди" деб ёзади Топоров. Ва турли миллатлар бу ерда 1966 йилдаги даҳшатли зилзиладан сўнг шаҳарни тиклаш учун бирлашишганини эслайди.

"Руслар, немислар, татарлар, корейцлар ва албатта, ўзбеклар тинчгина қўшничилик қилишарди. 1917 йилгача шундай бўлиб қолди ва 1991 йилгача ҳам. 1917 йилдаги машҳур воқеагача эса, ўзича бутунлай руслашганди"

Таҳлилчи ўтган юз йилликнинг бошигача пойтахтда бўлган черковлар, гимназиялар ва бошқа ихтисослашган билим юртларини санаб, шаҳарда трамвайлар юрганини эслайди.

'Руслар унутгани йўқ'

Мақолада келтирилишича, 1902 йилда француз сайёҳи "Вокруг света" журналида Тошкент ҳақида шундай фикрларни билдирган:

"Россия эгалигидаги Осиё давлатлари ичида энг қизиғи шубҳасиз Тошкентдир. Туркистон пойтахти ҳисобланган бу шаҳарда бир биридан кескин фарқланувчи 150 000 дан зиёд аҳолиси иккига бўлинган: янги, руслар ўрнашган ва эски, маҳаллийлар жойлашган қисмлар"

Сайёҳ Тошкентда русларга тегишли бинолар ва иншоотларни санаб ўтган. Улар орасида Тошкентнинг кўзга кўринган тиббий даргоҳлари ҳам бор. Тошкентнинг гуллари ва меваларини жанубий Францияни қисман эслатишини ёзади.

Топоров Ўзбекистон пойтахтидаги бу кўринишлар 1917 йили бошланган қўзғолонларга қадар давом этганини таъкидлайди. Бироқ кейинги йилларда ҳам шаҳар руслашган кўринишлари сақлаб қолганини ёзади.

'Ёдгорликлар жангчиси'

Муаллиф Ўзбекистоннинг биринчи президентини қўштирноққа олган ҳолда, "бутунхалқ сайлаган президенти" Ислом Каримов деб атайди.

"Ўзбек диктатори нимада муваффақият қозонган? Унинг даврида барча рус номлари ўзбекчага қайта номланди. Миллатидан қатъий назар, маҳаллий аҳоли эркин гаплашадиган рус тили расмий мақомидан маҳрум қилинди.

Ва яна диктатор тарихий ёдгорликлар билан жанг қилишга тушди. Унинг даврида Самарқанддаги Гагарин ҳайкали кўчирилди, "Ватан ҳимоячиси" монументи, Авлиё Александр Невский эҳроми ва ҳатто улуғ ватан урушининг ягона ўзбек генерали Собир Раҳимов ҳайкали олиб ташланди."

'Заиф ҳукумат, кучли диаспора'

Алексей Топорев "мэр Собянин қиёфасидаги Москва ҳукуматининг 2019 йилгача Каримов ҳайкалини пойтахтнинг қоқ маркази Якиманкага ўрнатиш қарори"га эътироз билдириб, "эҳтимол, русларнинг хотираси қисқа деб тахмин қилгандир, улар ҳаммасига чидашмоқда" дейди.

Журналистга кўра, "руслар уларнинг марказий кўчалари торкўчаю ҳиёбонлари рус элитасини ва шу тарзда русларни халқ сифатида ўлдирган, қотил ва террорчилар номи билан ҳанузгача аталишига тоқат қилаётир".

"Қачондир Тошкент рус шаҳри бўлганини эслашадими? Эндиликда Москва ўзбек шаҳри бўлишига йўқ қўйишмоқчими? Гарчи бу аллақачон қисман бўлса ҳам содир бўлаяпти. Улар шундай заиф, эрксиз ва ташаббуссизлардир..."

Мақолада Каримов ҳайкалига қарши чиққан миллий диаспоралар ва партия аъзоларини тилга олинади.

"Москваликлар жим турмади. Каримов ҳайкалининг ўрнатилиши талаб қилинган петиция бир хафта ичида 6000 дан зиёд имзо тўплади".

'Мутлақо кераксиз ҳайкал'

"Царьград" телеканали петиция муаллифи Георгий Городецкий изоҳини келтиради.

«Ҳозир доно Каримов қарийб 30 йил бошқарган Ўзбекистон фуқаролари мамлакатига қайтмаслик учун ертўлаларда яшашга, тушунарсиз нарсалар билан озиқланишга тайёр" дейди интевьюда Городецкий.

Сиёсатчига кўра, Каримов даврида Ўзбекистонинг Россия билан иттифоқчилиги барҳам топган. Унинг буйруғига кўра, республика Хавфсизлик бўйича келишуви ташкилоти (ОДКБ) ва ЕвроОсиё Иқтисодий иттифоқи (ЕврАзЭс)дан чиққан. 2002 йилда Каримов республика ҳудудига Америка базасини киритиш тўғрисида имзо чеккан. 2010 йилда Россияга 700 миллион доллар давлат қарзини тўлашни рад этган.

"Яна шуни қўшимча қилишни истардимки, Москва мэри Сергей Собянин ҳозир ўзини ҳақиқий гастарбайтер сингари тутмоқда. У москваликлар Каримов ҳайкалининг ўрнатилишига қарши эканликларига тупурган. Москваликлар солиқ тўлайверади, ўзбек диаспораси эса маблағ "олиб келади", балки, "олиб келмаслиги" ҳам мумкин", дейди ЛДРП аъзоси.

Городецкий "Каримов ҳайкали баҳсли эмас, мутлақо кераксиз ҳайкал" деб ҳисоблайди. Ва тарафдорларига "халқлар ўртасида дўстликни мустаҳкамлаш учун ҳайкаллар бефойда"лигини уқтирмоқда.

"Миллатлар орасида низолар бўлмаслиги учун миграция соҳасини тартибга келтириш лозим. Виза керак. Шунда Ўзбекистондан Россияга хурматга арзийдиган маданиятли одамлар, тиббиётчилар ва олимлар келади, жиноятчию гиёҳвандфурушлар эмас. Ва Россия фуқаролари ҳам шунда ўзбекларга нисбатан умуман бошқача муносабатда бўладилар"

Каримов ҳайкалини Москвада кўришни истамаётган маслакдошлар ўз чиқишларига хулоса ўрнида маҳаллий аҳолига мурожаат қилади:

"Охир оқибатда, биз русча Тошкентни йўқотдик. Келинглар, энди ҳеч бўлмаганда русча Москвани сақлаб қолайлик. Агар буни уддалай олсак - унда балки, йўқотганларимизни қайтарамиз".

Ўтган ой Москва шаҳар ҳокими Сергей Собянин Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш тўғрисидаги фармойишни имзолаган.

Ёдгорлик "Большая Полянка" кўчасидаги 39-уйнинг 1-иншооти ва 1-Казачий кўчасидаги 13-уй ўртасидаги хиёбонда ўрнатилади.

Хиёбон Ўзбекистон консуллик бўлими яқинида жойлашган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002