"Острогорский-Мастрогорский" ёҳуд яна Минфиндаги қудратли аёллар ҳақида

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFISHA MEDIA
Image caption Элла Острогожскаянинг собиқ бошлиғи Рустам Азимов шу йил ёзида Молия вазири лавозимидан олинган.

Ўзбекистон давлат хабар агентлиги UzA собиқ молия вазири Рустам Азимов ва вазирликдаги бошқарма бошлиғи Элла Острогожскаяни мамлакат иқтисодиётига доир расмий рақамларни сохталаштиришда айблаган.

Рустам Азимов Ислом Каримовга ёлғон ҳисобот беришда айбланди

27 декабр куни чоп этилган мақолада Острогожская "давлат бюджетига катта зарар етказгани" даъво қилинган, аммо ҳеч қандай далил келтирилмаган.

Давлат агентлиги Молия вазирлигининг "қудратли мулозими" дея тасвирланган Элла Острогожскаянинг ишдан бўшатилиш тафсилотлари ва ҳозирги тақдири ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаган.

Президент Шавкат Мирзиёев илк бор 22 декабрь кунги нутқида "ноинсоф Острогорский" ҳақида сўз юритган ва "ҳозирга қадар ҳисоботлардан Острогорскийнинг ҳиди келиб тургани"ни айтганди.

Президентнинг нутқи ортидан ""Острогорский" исми 22 декабрь куни интернетда энг кўп изланган исм бўлган.

Шу куннинг ўзида маҳаллий нашрлар Президент айтган "Острогорский-Мастрогорский-Састрагорский-Гастрогорский" деб атаган шахснинг 2016 йилда ишлан бўшатилган Молия вазирлиги Давлат бюджети бош бошқармасининг собиқ бошлиғи, "Шуҳрат ордени" мукофоти совриндори Элла Острогожская экани ҳақида ёзган.

Президент Мирзиёев Осторогожская ва унинг "командаси"ни " ўзбек миллатини севмагани учун" ишдан олганини айтган.

Мирзиёев шунингдек, Молия вазирлигининг ҳисоботларидан ҳалигача "Острогорскийнинг ҳиди келиб тургани, ташқаридан туриб бир-иккиталар ишлаётгани"ни таъкидлаган.

У охирги ўн йилда "Ўзбек модели"нинг ютуғи дея тақдим этиб келинган 8 фоизлик иқтисодий ўсишни "бадиий асар" деб атаган.

Нутқнинг эртаси куни Молия вазирлиги тизимидаги юзлаб мулозимлар ишдан олингани хабар қилинган.

Хўш, Острогожская ўзи ким?

Нега у Президентнинг ғазабига учради?

Острогожская бошқаргани айтилаётган "қудратли аёллар" командаси нима иш қилган?

Иқтисоддаги аянчли аҳвол ва сохта статистика учун фақат бир идора ёки шахсни айблаш тўғрими?

Би-би-си Элла Острогожскаяни яқиндан таниган, 1992-1999 йилларда Ўзбекистон Молия вазирлигининг Валюта-иқтисодий бош бошқармаси бошлиғининг муовини лавозимида ишлаган Сапарбой Жубаевни суҳбатга тортди.

Суҳбатни BBC O'zbek YouTube каналида тингланг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002