"Путин рўйхати"га Алишер Усмонов ва Искандар Маҳмудов ҳам кирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Трамп ўтган йил августида жазо чоралари ҳақидаги қонунни имзолаган

АҚШ Молия вазирлиги Владимир Путинга яқин сиёсатчи, амалдор ва олигархлар рўйхатини эълон қилди, унда асли ўзбекистонлик миллиардерлар Алишер Усмонов ва Искандар Маҳмудовлар ҳам бор.

Алишер Усмонов: 'Мирзиёевга маслаҳат беряпман'

"Путин рўйхати" дея билинган рўйхат ўтган йил августида Президент Трамп имзолаган жазо чоралари ҳақидаги қонун доирасида ишлаб чиқилган.

Унда 114 нафар россиялик сиёсатчи ва 1 миллиарддан кўпроқ сармояга эга бўлган 96 нафар рус олигархлари бор.

Қўшма Штатлар расмийларининг айтишларича, рўйхатга киритилганларга нисбатан янги жазо чоралари қўлланмаган, аммо улардан айримлари аввалги санкцион рўйхатда бор эди.

Янги рўйхатда Алишер Усмоновдан ташқари Роман Абрамович, Олег Дерипаска, Вагит Алекперов, Сулаймон Каримов ва Юрий Мельнер ҳам бор.

Бу шахслар ҳозиргача АҚШ ва Европа Иттифоқи Қримнинг аннекциясига жавобан Россияга эълон қилган жазо чоралари остида бўлмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи MICHAEL KLIMENTYEV
Image caption Усмонов Кремлга энг яқин бизнесменлардан бири сифатида кўрилади.

Рўйхатга "Касперский лабораторияси" асосчиси Евгений Касперский ҳам кирган.

"Кремль ҳисоботида Россия президенти маъмуриятининг деярли барча аъзолари (46 киши)га "жой топилган".

Жумладан, Путиннинг дўстлари Аркадий ва Борис Ротенберг, Геннадий Тимченко, "Роснефть" раҳбари Игорь Сечин ва "Газпром" бошлиғи Алексей Миллер бор.

Рўйхатдан Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков ва Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам четда қолмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи kommersant.ru
Image caption Рўйхатда яна бир ўзбекистонлик миллиардер Искандар Маҳмудов ҳам бор.

Кремль воизи Песков ҳисоботни Россия сайловларига таъсир ўтказиш уриниши, дея баҳолаган.

Алишер Усмоновнинг рафиқаси Ирина Винер-Усмонова АҚШнинг қарорига муносабат билдираркан, "У (Алишер Усмонов) ҳечам ташвишда эмас, ишлашда давом этяпти", деб айтган.

"Кремль ҳисоботи" санкциялар дегани эмас, аммо унга киритилган шахсларга нисбатан келажакда санкция қўлланиши мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek