Нега айримлар аччиқ таомларни хуш кўради?

Фото муаллифлик ҳуқуқи iStock
Image caption Аччиқ таом истеъмол қилганда организмда ҳосил бўладиган кескинлик кишини қалампир ейишга ундайди.

Аччиқ таом тановул қилиш азоб билан ёнма-ён юрувчи ҳузурбахш эрмак ҳисобланади. BBC Future таҳлилчиси инсоният нега аччиқ зираворларсиз яшай олмаслигини тадқиқ қилишга қарор қилди.

Аччиқ таомларни севувчилар сайёрамизнинг исталган бурчагида исталганча топилади. Тайча, мексиканча, хитойча, ҳиндча, эфиопча таомлар тилингизни куйдириб, оғзингизда дўзах оловини ҳис қилишингизга мажбур қилиши, кўзингиздан дувиллаб ёш қуйишилишига сабаб бўлиши мумкин.

Дунёнинг энг аччиқ таомлари рейтингини тузиш, оғизни ёндирувчи овқатларни бир-бири билан солиштириш экзотик таомлар шайдоларининг севимли машғулотидир.

Қайси таом энг аччиқ эканлигини аниқлаш эса осон иш эмас. Ҳиндларнинг «Пхаал Карри» (карри - ўткир зираворлардан тайёрланадиган гўштли ва сабзавотли таом)си корейсларнинг тайёрланиш пайтида кўзни ёшланишдан асраш учун махсус ҳимоя кўзойнаги тақишни талаб қиладиган «Буррито»сидан қанчалик аччиқлигини ким аниқ айта олиши мумкин? ('Пхаал Карри' энг аччиқ карри ҳисобланиб, унинг кучи аччиқликни белгиловчи халқаро Сковил шкаласи бўйича 1,000,000 бирликка тенг).

Одамнинг азойи баданидан тер чиқариб юборувчи таомларни кўплаб топиш мумкин: машҳур ҳиндча «Виндалу» ёки қайноқ булён устида чили қалампирлари сузиб юрадиган сичуанча «Хот-пот» шулар жумласидандир.

Бундай таомларни тотиб кўргандан сўнг нега баъзи миллатлар кимнинг овқати аччиқлиги бўйича мусобақалашадию, қолганлари тилни ёндирувчи зираворлардан фойдаланишда тийилишни маъқул кўради, деган савол сизни ўйлантириб қўяди.

Айни шу савол узоқ вақтдан бери антропологлар ва овқатлар тарихи бўйича мутахассисларни ҳам қизиқтириб келмоқда. Ҳақиқатан ҳам қизиқ - нега иссиқ иқлимда истиқомат қилувчи одамлар аччиқ таомлар тановул қилишга мойил бўладилар?

Тадқиқотлардан англанилишича, бу ҳол аксарият зираворларнинг микробларни ўлдирувчи хусусияти билан боғлиқ бўлиши мумкин. Жаҳон ошхоналарини ўрганган тадқиқотлардан бирида қайд этилишича: «Йиллик ўртача ҳарорат кўтарилган сайин (шу билан бирга маҳсулотларнинг музлатгичсиз сақланиш муддати қисқариб боргани сари) таомларга қўшиладиган ўткир зираворлар миқдори ва кундалик истеъмолда зираворли овқатлар нисбати ошиб борган. Айни вақтда кўпроқ микробларни ўлдириш хусусиятига эга зираворлардан фойдала бошланган.»

Совуткичлар кашф қилингунга қадар иссиқ минтақаларда маҳсулотларни узоқ муддат сақлаш мушкул бўлган. Зираворлар эса айнан маҳсулотлар сақланиш муддатини узайтиришга ёки ҳеч йўқ бузилишни бошлаган маҳсулотлар таъмини яхшилашга ёрдам берган бўлиши мумкин.

Шунингдек, яна бир фаразга кўра, аччиқ зираворларнинг кучли терлатиш хусусияти одамларнинг иссиқни осонроқ енгишига кўмак берган бўлиши ҳам мумкин. Бироқ нам иқлимли минтақаларда киши қанчалик кучли терламасин, бу тана ҳароратини мувозанатда сақлашда етарлича самара бермайди.

Яна бир тадқиқот давомида аниқланишича, оғир жисмоний меҳнатдан сўнг қайноқ сув истеъмол қилганлар танаси совуқ сув ичганларникига қараганда тезроқ совир экан. Лекин бу усул ҳам намлик даражаси паст бўлган иқлимларда фойда бериши мумкин, холос. Масалан, намлик даражаси ошиб кетадиган Таиланд ёзида бу усул иш бермайди.

Умуман олганда, аччиқ зираворлар фақат тропик ўлкаларга хос эмас. Она ватани Америка қитъаси бўлган чили қалампири 15-16 асрларда европалик савдогарлар томонидан бутун дунёга тарқалишга муваффақ бўлган.

Қалампирдек аччиқ бўлмаган, лекин таомга интенсив таъм бағишлайдиган зираворлар Европада юз йиллаб вақт давомида ишлатилиб келинган. Кейинчалик Шарқдан Европага қалампир, долчин ва занжабил кириб келган.

Ҳозирда унча аччиқ тайёрланмайдиган таомларга ўрта асрларда керагидан ортиқ ўткир зираворлар қўшилган. 18 асрга оид инглиз ошпазлик китобидаги кўплаб рецептларда ҳайратланарли даражадаги мускат ёнғоғи ва қалампирмунчоқни кўриш мумкин.

Кейинчалик таомларда ўткир зираворлар миқдори нега камайтирилган? Эҳтимол европаликларга биргина таомда кўплаб турли таъмлар ҳосил қилиш одати эриш туйила бошлаган бўлиши мумкин.

Ҳозирги классик Европа ошхонасида таомда турли кескин контрастлар ҳосил қилишдан кўра бир қанча таъмлар уйғунлигига эришиш одати устунлигини кўрамиз.

Балки бу одат 17 аср Европасида зираворлар нархи тушиб кетиб, исталган одам улардан фойдаланиш имконига эга бўлгандан сўнг пайдо бўла бошлагандир. Эҳтимол шундан сўнг зираворлар экзотик таомлар шинавандалари олдида ўз жозибасини йўқота боргандир.

Маанви Сингхнинг ёзишича, 17 асрдан бошлаб зодагонлар ошхонасида зираворлардан фақатгина бошқа табиий қўшимчалар таъмини кучайтириш учун фойдалана бошлаганлар ва секин-аста бир вақтлар зираворларни тўкис ҳаёт нишонаси сифатида кўз-кўз қилишни хуш кўрган европача олифтагарчилик ҳам йўқола борган.

Ҳақиқатда, маданиятларнинг зираворлар танлашдаги ролини эътиборсиз қолдирмаслик лозим. Ҳайвонлардаги феъл-атвор каби одамлар ҳам айнан таъм билиш сезгиси орқали нимани истеъмол қилиш мумкинлиги ва нима соғлиқ учун зиён етказмаслигини аниқлай оладилар.

Бирор таъмга ўргангандан сўнг рўйхатимиздаги бошқа таомларни ҳам шу тахлит мослаштириб борамиз. Таниш таъмни туйганда, ўша маҳсулот истеъмолга яроқли эканлигини англаймиз.

Шу сабабдан бир марта чили қалампирини татиб, унинг таъмига кўника борган айрим одамлар кейинчалик айнан шу маҳсулот қўшилган таомларни афзал кўра бошлайдилар.

Ҳозирда бизнинг аччиқ таомлар тановул қилишимиз сабаби аждодларимизникидан фарқ қилади. Биз ўрта аср европаликлари каби ижтимоий обрўга эришиш ёки ўзига хос таъми бўлгани учунмас, балки ундан олинадиган аччиқлик адреналин миқдорини ошириб, эйфорик кайфият ҳосил қилгани сабабли ўткир зираворлар қўшилган таомларни еймиз.

Қалампир ҳосил қиладиган физиологик реакция - бу оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватидаги иссиқлик рецепторларининг фаоллашиши натижасидир. Бизнинг организмимиз қалампир истеъмол қилиш натижасида оғиз бўшлиғида пайдо бўладиган ловуллашни худди тананинг олов таъсирида куйиши каби қабул қилади.

Шу сабабли одам терлайди, териси қизаради, кескин ҳолларда қайт қилиши ҳам мумкин.

Аччиқ таом истеъмол қилганда организмда ҳосил бўладиган айни шу кескинлик кишини қалампир ейишга ундайди. Баъзилар, ҳатто, дўстлар даврасида ким аччиққа кўпроқ чидай олиши борасида мусобақалашадилар ҳам.

Бугунги кунда биз микробларни ўлдириш ёки терлатиш орқали тана ҳароратини мувозанатни ушлаб туриш хусусияти учунгина аччиқ таомларни истеъмол қилмаймиз. Ликопчада тўлиб турган каррига қараб бир вақтлар аждодларимизни аччиқ таомлар ейишга ундаган табиий сабаблар ҳақида ўйламаймиз ҳам.

Ўзбекистонда пахта ўрнига қалампир экилади

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek