АҚШ Суриядаги ўзбек жангариларини "қора рўйхат"га киритди

Фото муаллифлик ҳуқуқи HTTP://BUHORIY.COM/
Image caption "Шайх Салоҳиддин" ўтган йили ўлдирилгани хабар қилинган .

АҚШ Давлат департаменти "Катибат ал-Имом ал-Бухорий" - "Имом ал Бухорий катибаси" гуруҳини халқаро террорчилар рўйхатига киритган.

Суриядаги ўзбек жангарилари Афғонистонга қайтмоқдами?

Сурияда амал қиладиган гуруҳ таркибида асосан ўзбекистонликлар жанг қилади, деб ишонилади.

Давлат департаменти "Имом ал Бухорий катибаси" Ал-Қоиданинг иттифоқчиси ва ўзбек жангариларидан иборат энг катта гуруҳ эканини айтган.

Ўтган йили гуруҳнинг "Шайх Салоҳиддин" номи билан билинган раҳбари ўз сафдоши томонидан ўлдирилгани ҳақида хабарлар олинганди.

Шайх Салоҳиддин 2016 йилда тарқатилган видеомурожаатида ўз тарафдорларини Сурияда жанговар тажрибаларни эгаллаб, Афғонистонга қайтишга чақирган.

"Афғонистон жиҳоди ватанга дарвозадир" деб номланган видеода юзи хиралаштирилган "Шайх Салоҳиддин" ўзбек тилида ўз тарафдорларга хитоб қилади.

Унинг сўзларига кўра, Суриядаги жиҳод шаръан, биринчи навбатда Сурия аҳлига фарз.

"Хуросон аҳли ўлароқ, Ўрта Осиёдаги жиҳод биринчи бизнинг бўйнимизга тушади, яъни ўша минтақа аҳлининг бўйнига тушади. Шаръан биз масъулмиз ўша ердаги зулмдан, эртага Аллоҳ таоло биздан сўрайди",- деб айтган "амир".

ICSR (Радикаллашиш ва сиёсий зўравонликни тадқиқ этиш халқаро маркази) ва Халқаро инқироз гуруҳи Суриядаги марказий осиёлик жангариларнинг энг кўпи ўзбекистонликлар эканини айтган.

Ўзбекистоннинг ўзида ИД сафларига қўшилган ва қўшилмоқчи бўлган қатор шахслар устидан маҳкама жараёнлари бўлиб ўтган.

Уларнинг кўпчилиги ўтмишда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати сафларида Афғонистонда жанг қилган ўзбеклар деб ишонилади.

Гуруҳнинг АҚШ қора рўйхатига киритилиши унинг Америкадаги мулклари мусодара қилиниши ва АҚШ фуқароларининг гуруҳ билан молиявий алоқаларига тақиқ қўйилишини англатади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek