Одил Аҳмедов масжид қурсинми ё мактаб?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Uff.com
Image caption Одил Аҳмедовнинг трансфер бозоридаги нархи айрим баҳоларга кўра, жорийда 5,5 миллион евро деб баҳоланади

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов бир гуруҳ бошқа спортчилар билан бирга Тошкент шаҳрида масжид қуриш ниятида.

Бу мақсад йўлида Аҳмедовга елкадошлар орасида спортнинг Турон яккакураши тури бўйича халқаро турнирлар ғолиби Наргиза Ваҳобхўжаева ҳам бор.

Тошкент ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Шуҳрат Турдиқулов спортчиларнинг ушбу ташаббусини қўллаб-қувватлаб, ҳозирги вақтда Сергели туманида аҳоли кўпайиб бораётгани, у ердаги янги маҳаллаларда масжидга эҳтиёж борлигини айтган.

Хитойнинг "Шанхай СИПГ" жамоасида тўп сурувчи ва Ўзбекистоннинг энг бадавлат футболчиларидан бири саналган Одил Аҳмедов хайрия билан шуғулланиши ҳақидаги гап-сўзлар аввалдан бор.

'Футболга бюджетдан пул ажратманг, Мирзиёев'

2018 йилда "Автотест" ва ҳайдовчиларни нима кутмоқда?

Ўтган йил декабрида Аҳмедовнинг ҳомийлигида Наманган шаҳрида мини-стадион ҳам барпо этилган, бироқ ўзбек спортчиларининг уюшиб, масжид қуриб бериш ташаббуси аввал кузатилмаган янги ҳодиса.

Аксарият интернет фойдаланувчилари таниқли футболчи ва бошқа спортчиларнинг масжид қуриш ташаббусини олқишлаган. Аммо улар орасида "Масжид яхши, лекин бошқа заруратлар ҳам бор" деб фикр билдирганлар ҳам йўқ эмас.

"Масжид қурган — катта савоб, бироқ стадионлар қурса, болалар спортига пул ажратса, олий ўқув юртининг физкултура йўналиши бўйича мутахассис тайёрласа ундан ҳам катта савоб бўларди", дейди championat.asia сайтидан spartak. "Нима учун Тошкентда? Нега айнан масжид? Йўлларнинг аҳволини қаранг. Йўл, кўприк қурганнинг савоби масжиддан кам эмас, Одилжон", деган Ҳамиджон исмли Facebook фойдаланувчиси.

"Мактаб қурса фойда бўлар эди", деган Facebook'даги Azizbek Alimov. Championat.asia сайти муштарийи Akbar Yusupov "Масжидлардан олдин бирламчи мактаблар, боғчалар қуриш керак, борларини ҳам таъмирлаш керак. Одамлар уйда намоз ўқиб туришсин ҳозирча", деб ёзган.

100 дан зиёд масжид, 300 га яқин мактаб

Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда Тошкент шаҳрида 117 та масжид бор. Шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан ҳали масжид сифатида рўйхатга олинмаган яна 65 та намозгоҳ мавжуд. Айни вақтда, 2017 йил июль ойи маълумотлари бўйича, шаҳардаги умумий таълим мактаблари сони 286 та.

Энг кўп масжидлар тарихан Эски шаҳар ўрнига тушган Шайхонтоҳур, Олмазор ва Учтепа туманларида — биринчисида 24 та, иккинчисида 21 та, учинчиси эса 16 та масжид ишлаб турибди. Олмазор аҳоли сони бўйича Тошкентда биринчи — салкам 340 минг киши (2017 йил маълумоти), Шайхонтоҳур 314 минг аҳоли билан учинчи. Учтепада эса 256 мингдан зиёд аҳоли яшайди.

Аҳоли сони бўйича иккинчи (321 минг) ҳисобланган Юнусободда 11 та масжид бор. Мамлакатда энг катталаридан бири деб таъкидланадиган "Минор" масжиди ҳам шу ерда қурилган. Туман умумий ўрта таълим мактаблари сони бўйича шаҳарда пешқадам — 38 та. Шайхонтоҳурда мактаблар сони 35 та, Олмазор ва Учтепада 31 тадан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Meros.org
Image caption Тошкент шаҳрида 117 та масжид бор

Одил Аҳмедов ва унинг шерикларига масжид учун қуриш шаҳар ҳокимлиги тарафдан таклиф қилган Сергели туманида, расмий маълумотларга кўра, салкам 170 минг киши доимий истиқомат қилади. Масжидлар сони тўртта. Шаҳардаги 286 мактабдан 24 таси ҳам шу ерда.

Сергелидан ташқари Миробод ва Яшнобод туманларида ҳам мактаблар сони масжидлар сонидан яққол кўп — Миробод 3 та масжид ва 16 та мактаб ишлаб турган бўлса, Яшнободда 8 масжид ва 30 мактаб бор. Тошкентнинг "кенжа ботири" — Бектемир туманида масжидлар Мирободдаги каби 3 та, лекин мактаблар сони ҳам атиги 5 та.

Масжид керакми ё мактаб?

Ижтимоий тармоқларда спортчиларнинг масжид қуриш ташаббусини олқишлаётганларнинг аксарияти ҳам, агар имконият бўлса, ҳам масжид, ҳам мактаб қурилиши тарафдори.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон аҳолиси ҳар йили 1,5 фоиздан кам бўлмаган кўрсаткичда ўсмоқда. Табиий ўсиш суръатлари Тошкент шаҳри мисолида ҳам юқори. Сўнгги вақтларда рўй бераётган ўзгаришлар, масалан, прописка билан боғлиқ енгилликлар сабаб шаҳарда аҳоли сони янада кўпаяди.

Бу ҳолат ижтимоий соҳаларда маълум қийинчиликларга сабаб бўлмоқда. Масалан, болаларнинг бошланғич ва ўрта таълим билан қамраб олиниши ва бунда таълимнинг сифати — охири кўринмас бир баҳс мавзусидир. Кузатувчиларга кўра, нафақат вилоятларда, балки пойтахтда ҳам бошланғич синфларнинг ҳар бирида гуруҳлар сони 6-7 тага, баъзи ҳолатларда 10 тагача етади.

Масалан, яқинда пешонага "2" қўйиш воқеаси сабаб танилган Бекободдаги мактабда ҳам жабрланувчи ўқувчилар 1-"Ж" синфида ўқиши айтилди. Агар синфлар кирилл алифбоси бўйича тартибланган бўлса, "Ж" синфигача яна еттита, лотин алифбоси бўйича тартибланган бўлса, "Ж"гача яна тўққизта гуруҳ бўлган деб тахмин қилиш мумкин.

Эътиборлиси, бу гуруҳларнинг ҳар бирида 20-25 нафардан эмас, аксарият ҳолларда 30, балки ундан ҳам кўпроқ ўқувчи ўқийди.

Тирбанд масжидлар

Тошкентда ҳар жума кунлари масжидлар олдида машиналарнинг тартибсиз қолдириб кетилиши, масжид атрофидаги кўчаларда тирбандликларнинг юзага келиши одатий манзаралардан. "Хожа Аҳрор Вали", "Кўкча" ("Шайх Зайниддин") каби катта масжидлар жойлашган ҳудудларни айланиб ўтиш тавсия этилади.

Рамазон ойида кечки — таровеҳ намозлари вақтида ҳам масжидлар атрофи худди жума намозларидаги каби тартибсиз бир кўриниши олиши ачинарли. Жамоатчилик бу ҳолатни ОАВ орқали ҳам, имомларнинг минбарлари орқали ҳам қоралаяпти, масжид аҳлини тартибга чақиришга уриняпти. Лекин аҳвол ўнгланаётгани йўқ.

Бунинг сабабларидан бири — мавжуд масжидларнинг аксарияти автомобиллар тўхтаб туриши учун махсус стоянкаларсиз қурилгани бўлса, иккинчи сабаби масжидларнинг ҳақиқатан ҳам камлигидир.

Масалан, статистика Сергели туманида 170 мингдан камроқ доимий аҳоли истиқомат қилади дегани билан, доимий бўлмаган тартибда, ҳеч қандай ҳужжатсиз туманда яшайдиганлар ҳам кўп.

Боз устига, жума куни шаҳардан Сергелига келиб, Машина бозори, Ярмарка бозори, бошқа корхона ва ташкилотларда ишлайдиган эркаклар ҳам Сергелидаги масжидларга намозга чиқади.

Бундай шароитда бутун бошли туман учун ўртача катталикдаги тўрттагина масжиднинг ишлаб туриши, дарҳақиқат, кам.

Ижтимоий тармоқлардаги кўпчилик назарида мактаблар, шубҳасиз, керак, масжидлар ҳам керак.

Албатта, таълим соҳаси давлат бюджетининг муҳим банди ҳисобланади ва ҳар йили унга миллиардлаб сўм маблағ ажратилади.

Масжидлар қурилиши эса асосан, мусулмонларнинг хайриялари ва хусусий ташаббус орқали амалга оширилади.

Афтидан, ҳар икки соҳадаги қурилишларнинг ривожи ҳам умумий фаровонлик-ҳам давлат ва ҳам халқнинг бойишига боғлиқ.

Ва албаттаки, ислоҳот ва эркинликларга...

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар