Афғон-Ўзбек чегарасига яқинлашган жангариларга қарши амалиётлар кетмоқда

Image caption Ўзбекистонни Афғонистонга боғлайдиган янги темир йўл ҳам исёнкорлар нишонига айланишидан хавотирлар катта

Афғонистоннинг Сурхондарёга чегарадош Балх вилояти расмийларига кўра, вилоятга кириб келган жангариларга қарши ҳарбий амалиётлар олиб борилмоқда.

Балх хавфсизлик масъули Абдурауф Тожнинг айтишича, Ўзбекистонга ёндош Калдор ва Шўртепа туманлари сўнгги пайтлари нотинчлаша бошлаганди. Аммо қўшимча Афғон кучлари киритилиб, бу икки туманда тинчлик ўрнатилган. Афғон мулозими Амударё бўйидаги ушбу ҳудудларда нари борса 4-5 нафар жангари қолган бўлиши эҳтимолини ва улар ҳам ҳозир изланаётганини айтган.

Мозори Шарифдаги мухбиримизга кўра, бу жангарилар Ўзбекистон Исломий Ҳаракати вакиллари, дея тахмин этилмоқда.

Бироқ аксар ўзбеклар яшовчи шимолий Афғонистонда ўзбек жангариларининг хорижий ёки маҳаллий эканини ажратиш қийинлиги ҳам айтилади.

Сўнгги йиллари Покистонда йўлга қўйилган аксилисёнкорлик амалиётларига нишон бўлган Марказий Осиё ва Қофқоздан борган жангарилар Афғонистоннинг шимолий ва шарқий вилоятларига ўтишганди.

Хусусан, Тожикистон ва Туркманистонга чегарадош вилоятларда улар фаол бўлиб, ўтган йиллардаги қатор зўравонликда мазкур хорижий жангариларнинг қўли борлиги тахмин этилади.

Аммо Ўзбекистон жанубига туташ Балх вилояти нисбатан тинч минтақа бўлиб келган. Амударё ажратиб турган Ўзбек-Афғон чегараси кафтдек текисликдан иборат ва ҳали Совет давридан буён қаттиқ қўриқланади.

Шимолий Афғонистонда, хусусан, Балх вилоятида тинчликни сақлаш ҳозирда Кобулдаги ҳукумат учун ҳам, Ғарб кучлари учун муҳим вазифа.

Негаки, Афғонистондаги иттифоқ қўшинларига керакли аксар маҳсулотларни етказадиган Покистондан ўтувчи жанубий таъминот йўли тез-тез исёнкорлар ҳужуларига тутилмоқда.

Шу асно Ўзбекистондан келадиган шимолий таъминот йўлининг аҳамияти ортган.

Ҳозирда Ўзбекистон тарафи Термезни Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳри билан боғлайдиган темир йўл ётқизмоқда.

Янги темир йўли Афғонистонни ташқи дунё билан боғлайдиган ва бу мамлакат иқтисодини оёққа турғизишга қўл келадиган муҳим воситалардан бирига айланади.

Бундай шароитда эса Афғонистоннинг Ўзбекистонга туташ ҳудудлари хавфсизлигини таъминлаш зарурати янада кучаяди.