Адабиёт: Шарифжон Аҳмедов. "Тўртинчи қаватдаги..."

Фото муаллифлик ҳуқуқи yesteryearsnews.wordpress.com

Il cherche lui-même, il épuise en lui tous les poisons, pour n'en garder que les quintessences. …

Car il arrive à l'inconnu! Puisqu'il a cultivé son âme, déjà riche, plus qu'aucun! Qu'il crève dans son bondissement par les choses inouïes et innombrables: viendront d'autres horribles travailleurs; ils commenceront par les horizons où l'autre s'est affaissé!",

Arthur Rimbaud, Lettre du Voyant, à Paul Demeny, 15 mai 1871.*

Саратоннинг қоқ ўртаси бўлишига қарамай, уззу-кун тиним билмай ёққан дўл-ёмғирлару дов-дарахтларнинг шохларини синдириб, бир зумда ҳаммаёқни кунпаякун қилиб юборган тентак шамоллар бугун негадир дафъатан тиниб қолган, худди оташкесимдан сўнг замбарак садолари-ю милтиқлар олатасири ҳам тўхтагач, энди ҳар икки рақиб томон жанг майдонидан ўликларини йиғиштириб олишга фурсат топганидек, шаҳар маъмурлари ҳам тозалаш ишларини бошлаб юборишганди. Жароҳат олган аскарлар каби юзтубан қулаган пажмурда дарахтларнинг аввал майиб шохлари, сўнг эса танаси ҳам кесилиб, шу ернинг ўзида саранжомланаётган, бир маромда ҳаракатланаётган фаррош машиналар эса кўчаларни ялаб-юлқаб, тозалаш билан овора эди. Ҳарбий лазарет фаолияти айни авжида, деб ўйлади у остона хатлаб, ташқарига чиқар экан.

Аслида ҳам ёзнинг қоқ ўртасида ҳавои жаҳоннинг кутилмаганда бундай айниб бериши одамларни шошириб қўйган, аввал тиниқ осмоннинг ҳув олис бурчида кўринган бир тутам булут тобора ёйилганча, соат ўтмай, бутун уфқни эгаллаб олгани ҳам ташвиш уйғотмаганди. Одамларни доғда қолдириб, энди шаҳарнинг қоқ устида тўпланиб олган тимқора булутлар оралаб кескир яшин тиғлари ерга санчила бошлаганда эса кеч бўлганди. Юракларга ибтидоий ғулу солиб чақинлар ортидан янграган қалдироқлар кўча ва хиёбонларда кезаётган одамларни бир зумда тирқиратиб юборди. Бўлиқ кўксини самовий шамшир тиғлари пароканда қилаётган булутлардан дўлу ёмғирлар шиддат билан шаҳар устига ёпирилар, жунбушга келган бу телба қудрат неки бўлса, барини уриб-синдириб, яксону пайҳон этишга астойдил бел боғлагандек эди. Ҳеч кутилмаганда бошланган тўфон бир неча кун ўтиб, худди шундай - дафъатан тинчигунига қадар одамлар тенгсиз ушбу важоҳатни уйларига қамалиб олганча, пусиб кузатишга маҳкум эдилар.

Мана энди, неча кунлик талотўплар ортда қолиб, бошқа бандалар қатори кўчага отланар экан, шу дамда у қаёққа йўл солишини, ўзини нима билан андармон қилишини билмас, наинки булар, балки ўзининг ҳеч бир иштирокисиз, ихтиёридан ташқари бир одми одат тарзида нафас олаётганидан, атрофда ҳукм сураётган мана бу ташқи олам изнисиз унинг (ташқи бу оламнинг) ҳар бир манзарасини истаса-истамаса кузатишга маҳкум эканидан сиқилар, устига устак, хаёлида ғужғон ўйнаётган, аммо ҳали тайинли бир фикр шаклини ололмаётган пароканда бу ўйлардан мақсаду мурод не эканлигини ҳеч англамас, аслида эса мана шу англамаслигини тушунишга ҳам қурби етмас эди.

Уни ўз бағрига олган бу шаҳар ўз ҳолича яшашда давом этар, мана шу давомийлик ичра ўзгаришларга дучор бўлаётгандай кўринса ҳам, бўрону тўфонлар етказган талафотларга ҳам қарамасдан, аслида кеча ва аввалги кунлар қандай бўлса, бу шаҳар барибир ўзгаришларсиз - ўз ҳолича қолаётган эди. Фақатгина кундалик ташвишлар етовида кезинаётган одамлару турли русумли автолар, йўл четида саф тортган дарахтларга дам-бадам гуррос қўнаётган қушлар галаси сароб каби хаёлий бу тирикликка ҳаракат ва фаолият бағишлаб тургандек эди, холос.

Шаҳарни довул асоратларидан тозалаш билан ҳамон машғул хизматчиларни кузатиб, буталари баравж ўсган аллақандай боққа келиб қолганини сезмади. Унгача ҳам неча замонлар бадалида юрилавериб, ўт-ўланлари босилавериб, сўқмоққа айланган оралиқдан юриб, бир ялангликка чиқди. Ялангликда эса ҳориган йўловчилар йўлини пойлаганча ёлғиз курси бағрини очиб турарди. Курсига чўкди. Вақт чошгоҳга яқинлашган, қоқ тиккага келган қуёш тафти дарахтлардан ҳоли бу ялангликни забтига олганди. Довулли кунлар бўйи кулбасида қамалиб ётавериб, зах босган унинг танасига энди бу иссиқлик хуш ёқа бошлади. (Бу жойнинг яна бир афзаллиги одамлар нигоҳидан панада эканида эди, илло ўнгу сўлга муттасил автолар ўтиб турган йўлдан баландроқда жойлашган ва қалин буталар билан ихоталанган бу ялангликдан атрофни бемалол ва бехавотир кузатишинг мумкин, айни пайтда йўл ёқасида кезинаётган одамлар эса сени илғай олишмасди.)

Тирикликка умид билан умидсизгина ва базўр бош кўтариб, (аммо барибир муқим фикр шаклини ололмасдан) шу оннинг ўзидаёқ тафаккурининг овлоқ туйнукларида чўкиб ўлаётган ожиз учқунларнинг қайта безовта қилишини истамаганидан, буталар оша назар ташлаб, ҳув анави чорраҳага бемақсад ва бемаъно тикилиб қолди. Аммо бу ерда нима қилиб ўтирибди? Автойўлга бақамти йўлакдан шошилмай бораётган анави одамлар нимани истайди? Бир-бирининг пинжига суқилган аёл билан эркак. Эркакка кулгу ҳадя этаётган бу аёлнинг табассуми қанчалар самимий аслида? Агар чин табассум бўлса, нега унда сохта қилиб кўрсатмоқчи бўляпти? Ё бу ноз-карашмаю ишвалар бир вақтнинг ўзида бирваракайига ишга солинаётганидан шунақа сохта туйиладими? Улар нималар ҳақида сўзлашаётган бўлса? Умуман, нималарнидир сўзлаш, хаёлда кечаётган нарсаларни сўзлар шаклига солиб, ҳаволарни беҳуда тўлқинлантириш шунчалар муҳимми? Сўзланаётган сўзлардан аслида маъно борми ва сўзларни сўзлаш бу сўзларнинг асил маъноларига беомон путур етказмасми? Агар чуқурроқ ўйлаб кўрилса, агар тафаккур заррабинида синчиклаб кўрилса, сўзлаётганимиз шу қадар беҳисоб сўзларнинг бирортасида гўёки улар ташиётган маънолардан бирор нишона борми аслида? Сўзларни тафаккур этиш учун сарф этилаётган барча ушбу чиранишларни исроф этиш ўрнига, одамларнинг барча истак ва эҳтирослари, зарурат ва мақсадларини бира тўла ва тўла-тўкис ифода эта олаяжак биргина сўзнинг ўзи кифоя эмасми, масалан, биргина "уй" ва ё "кулба"? "Уй" ва ё "кулба" дейилиши ҳамон оила-ю бола-бақра, ота-онангу элу юртинг, бу элу юрт одамларининг барча истак-интилишлари, азоб ва уқубатлари, кулфат ва ғамларидан бино этилган тариху келажаги, юксалиш ва инқироз манзаралари, инсоний фожеалару бир-бирининг пинжига суқилган кўйи ўз муҳаббат гўшалари томон бораётган худди анави жуфтлик каби барча инсонларнинг майл ва эҳтирослари яхлит тизим бўлиб бирлашмасми? Нега кеча ва ундан аввалги кунлари ёмғиру довул ҳеч тинмади, бугун эса - сукунат?

Моҳиятларини унинг ўзи ҳам англамаётган бу саволлардан боши ғовлаб кетди. Оёғи остига тикилди, офтоб тафтини соғинган ҳашаротлар ғимирлаган кўйи бир нималар билан машғул. Бута шохига қанотчалари қуёш нурларида товланаётган ниначи келиб қўнди. Икки кўзи қабариқ гуманоидларникига ўхшаш бошини ўнгу сўлга дам-бадам буриб, охири хатар йўқлигига ишонч ҳосил қилди шекилли, қанотларини бўш қўйганича, тек қотиб қолди. Ниначини тутиб, яқиндан томоша қилгиси келди. Пусиб, аста бутага яқинлашди, ниначи хатарни илғаб, учиб кетди. Ортидан кузатиб турди, ниначи тепада чивинларнинг ғужғон булутига ўзини урди, чапдаст экан - оғзида ўлжа билан энди нариги бута шохига келиб қўнди. Тамадди қилишини берироқдан кузатиб турди. Сўнг яна эҳтиёт бўлиб яқинлашди, ниначи овқат билан андармон бўлгани учун бу сафар уни осонгина тутиб олди. Саросимада қолган ниначи оғзидаги чивин қолдиқларини тушириб юборди. Қанотларини қўйиб юбормасдан, диққат билан кузатди - болалигида қишлоққа туташиб кетган пахта даласи устидан пастлаб учганча сассиқ дори сепадиган кукурузник-самолётнинг худди ўзгинаси - майда томирлар билан қопланган икки жуфт шаффоф қанотча, думи томон ингичкалашиб борган фюзеляж танасию ўлжасини тутишга мослашган тукли оёқлари. Энг муҳими, ҳаракатчан бошида қабариб кўринаётган кўзлар. Бир сўз билан, ўлжа овлашга мукаммал ихтисослашган жажжи йиртқич. Бошқа болалар билан бирга ниначилар устида ўтказган тажрибалари эсига тушди. Тўрттала қанотини бир хил калталикда чилпиб қирқди-да, энди учиб кўрчи, дегандек осмонга улоқтирди. Бандиликдан бўшалган бўлса ҳам, ниначи учишга уриниб ҳам кўрмади, сал нарироққа бориб қулади. Қилган ишидан ўзи уялиб кетди, бориб ниначини қўлига олди ва бутанинг баландроқ шохига ушлатиб қўйди. Балки бошқа шериклари кўриб қолса, ярадор биродарига ўзлари билганча ёрдам кўрсатишар. Ниначига қилган зулмидан пушаймон бўлгани аниқ эди, шу сабаб бу ерда бошқа ўтиролмади. Ўрнидан туриб, ялангликни, ундан кейин бу боғни ҳам тарк этди.

Хаёлу фикрлари пароканда ҳолатида эндиям қай томонга боришини билолмай каловланиб турди, сўнг йўлнинг нариги муюлишида кўринган трамвай бекатига қараб юрди. Қай томонга эканининг асло фарқи йўқ, фақат қаергадир кетса ва қачондир ўша қаергадир етиб борса, яна ҳам тўғрироғи эса - ҳеч қачон ҳеч қаерга етиб бормаса бўлгани эди! Қулоғига кўпдан таниш қўнғироқларини жаранглатиб, бекатга трамвай келиб тўхтади. Нечанчи рақамли эканини ўйлаб ўтирмасдан супадан кўтарилиб, энг сўнгги бекатга чипта олди. Нафсиламбри, негалигини аниқ айтолмайди, балки автобуслардаги одатдаги тирбандликдан кўра бу ерда ўриндиқлар кўпинча бемалол бўлгани учунми ва ё аллақандай руҳий сокинлик бағишлаши туфайлими, у ҳамиша трамвайларда юришни маъқул кўрарди. Метрода юришдан эса худо асрасин, то манзилга етиб олгунча кўнглингни ноқулай бир ғашлик тинч қўймайди. Метрода ҳамма асабийлашади, аммо ҳар ким бу ҳолатини бошқаларга сездирмасликка интилади ва интилгани сайин ички зўриқиш ҳам ошиб боради, кўзлар тасодифан вагон ойнаси аксида бошқа кўзлар билан тўқнашгач эса бу зўриқиш қанчалар нохуш экани шундоқ билиниб қолади. Шу нохушликка дучор бўлмаслик учун, бошқа бировнинг кўзларига кўзлари тушмаслиги учун йўловчилар ўзларини нималар биландир банд қилиб кўрсатишади, ана, бири газета ўқиш билан машғул, бошқа биров эса кўзларини чирт юмганча ўзини ухлаётганга солади, агар диққат билан қаралса, юмуқ қабоқлари ичидаги кўзлари дам-бадам ўйноқлашидан аслида уйғоқ экани ва бекатини ўтказиб юбормаслик илинжида қулоқлари сергак эканини билиб олиш қийин эмас. Шундоқ ҳам ёлғиз одамларнинг ер остида яна бўрттирилган ёлғизлиги. Манзилга етиб, еростидан ниҳоят шаҳарнинг қучоқ очган бағрига чиққач, назарида, ҳар бир одам ўзини бениҳоя бахтиёр ҳис этишига ҳеч шубҳа қилмасди.

Аксига олиб, трамвай одатдагидан кўра бугун тирбанд, ҳамма ўриндиқлар боқишлари сипою сурбет чеҳралар билан банд эди. Бир аёлнинг қўлидаги чақалоқ тинмай биғиллар, оёқлар остидаги темир ғилдиракларнинг рельс бўйлаб ҳаракатидан пайдо бўлаётган муттасил "тарақа-туруқ" ичкарини ўз забтига олганди. Тутқичларга осилган озғину хўппа семиз гавдалар трамвай ҳаракатига монанд бир маромда чайқалиб борарди. Ажабо, бу ерда ҳам ўзимни ноқулай сеза бошладим. Ҳолироқ жой топиш учун вагон охири томон узр сўраганча сурилиб борарканман, фақат айнан уларга тегишли хос ёлғизликларини безовта қилаётгандек менга хўмрайиб назар ташлашар, норози оҳангда бир нималар деб пўнғиллаганча юзларини намойишкорона терс ўгириб олишарди. Ёнидан ўтаётганимда биттаси ҳатто, киши билмас қилиб, тирсаги билан биқинимга чунонам ниқтадики, нафас олишим қийинлашиб, юзларим бўғриқиб кетди. Ҳамдардлик излаб, атрофга олазарак бўлиб қарадим, гўрдами, ҳамма ўзини гўлликка солиб олган, ушбу бедодликка аниқ гувоҳ бўлган анави семиз жувон бўлса, ўриндиққа ёйилиб олганича, бундан мамнунлигини ҳатто яширишни ҳам истамасди. Хўрлигим келиб, ниҳоят вагон охирига етиб бордим. Қулоқларим остида ҳамон темир ғилдираклар шовқини, чақалоқнинг биғиллаши ҳам тинай демасди.

Ҳозиргина бутун вагонга калака бўлганидан ўзини қаттиқ хўрланган ҳис қилар, кўнглидаги бу ўнғайсизликни аритиш учун трамвай ойнасидан муттасил ўтиб бораётган шаҳар манзараларига тикилишдан бошқа арзирли машғулот топа олмасди - ишқилиб, масхараомуз нигоҳларга дуч келмаса бўлгани эди. Ташқарида эса одамлар неча кунлик ёғингарчиликдан сўнг, ниҳоят, ўз ҳукмига кирган қуёш тафтида кезинишар, табиат хуружининг йўл четларида қолган сўнгги нишоналари ҳам бартараф этилаётган эди. Трамвай ойнасидан ташқарига қараб боришнинг метродан афзаллиги ҳам шунда эди аслида - токи ташқарида ҳали кундуз ҳукмрон экан, ойна тубларида бошқалар нигоҳи билан тўқнаш келмайсан.

Ташқари қуёш нурларидан бениҳоя чароғон эди, ёруғликка узоқ вақт тикилаверганидан кўзлари толиқди. Бу орада эса атрофида нотаниш бошқа чеҳралар пайдо бўлганига эътибор қилди, афтидан, ўзи билан овора бўлиб, бир неча бекат ортда қолгани ва унинг бояги ҳолатига гувоҳ бўлганларнинг кўплари ана шу бекатларда тушиб қолганини сезмай қолганди. Бундан бениҳоя мамнун бўлди, ўзини қарийб бахтиёр сеза бошлади. Дадиллашиб, атрофдаги янги қиёфаларга разм солди. Ана, шопмўйловли бобой, ҳойнаҳой бозорга йўл олган чиқар. Унинг ёнида шаҳарлик пўримларга хос бўлмаган соддагина йигит ва қизалоқ, аҳён-аҳёнда бир-бирларига ўғринча қараб қўйишади, нигоҳлари учрашганда эса иккисининг ҳам ёноқлари дув қизариб кетгандек бўлади; афтидан қишлоқдан келган биринчи курс талабалари, ҳатто бир гуруҳда ўқишса ҳам керак, ҳечқиси йўқ, ҳозирча шунақа уялинқираб турганларинг ҳам дуруст, бир-икки йил ўтсин, қарабсанки, пихини ёриб, сурбетлашган шаҳарлик олифталарга айланасан-қоласанлар. Вагон ичидагиларни қизиқсиниб кузатишда давом этаркан, бирдан бошқалар назаридан йироқда, энг сўнгги ўриндиқда ўтирган қизга кўзи тушди.

Кўзим тушди-ю юрагим ҳаприқиб ура бошлади, илло соҳибжамол бу қизга сокин юрак билан боқиш асло мумкин эмасди. Оёқларимдан мадор кетиб, кўз олдим қоронғулашаётганини сездим, у қизга яхшироқ разм солиш, ўртамиздаги масофани лоақал бирмунча бўлсин аритиш, унинг бутун нафис қиёфасидан таралаётган сезилмас тўлқинларни ҳис этиб ва ниҳоят унинг меҳварида айланмоқ учун ўша томон юрдим. Қизнинг гўзаллигига тоқат қилиб бўлмас эди. Қаршимда мангу аримас, ақл бовар қилмас бошқа оламлардан ташриф буюрган хилқат тургандек бутун вужудим билан кўзга айландим. Шу бугунга қадар, шу тобга қадар нени билган, нени англаган бўлсам бари, менинг барча масрур қувончларим, жамики қайғули андуҳларим - барчаси бир тугун бўлиб бирлашди-ю, вужудимни зир титратиб, портлаб кетгандек бўлди. Назаримда, бу оламда неки бор бўлса, уларнинг бари шу қизда мужассам, бу оламдаги барча манзиллар биргина унда сўнгги истак бўлиб бирлашаётган эди. Ана, тушларимда неча бор кўрган синоатли ёбон ва таваллуд юртимга қайта элтажак кеманинг парқу елканлари сокин елларда ҳилпираб, бу ёбонда лангар ташлаши ёхуд узоқ айрилиқдан сўнг ниҳоят етиб борганим қадрдон гўшада эса волида-ю падарим, бобо ва момоларим кўзларида ёш билан қучоқ очиб қарши олишлари ва яна кўплаб шу каби ўтмиш тасвирларининг адоқ билмас шажаралари. Қизга суқланиб тикиларканман, атрофдагилар нигоҳи унинг маъбудий тимсолини булғашини истамай, ҳатто юзларини сийпалаётган қуёш нурларидан ҳам қизғона бошлагандим. Унинг бемисл малоҳати вужуду шууримнинг то сўнгги зарраларига қадар ишғол этиб, бутун борлиғимда чидамсиз оғриқ уйғотганди. Тенгсиз гўзаллик нашъасидан пайдо қийноқлар азоби.

Бутун иродасини йиғиб, ниҳоят қизга бир нима дегиси келди.

- Салом, яхшимисиз...

Қиз назокат ила бошини кўтариб, салом соҳибига қаради: тубсиз тубларидан ажиб нурлар таратаётган тимқора кўзлар гавҳари!

- Салом.

- Китоб ўқияпсизми?

- Ҳа.

- Яхши китоб. «Тўртинчи қаватдаги…»

- Кўзларингиз ўткир экан, - билинар-билинмас табассум.

- Кўзларимдан ҳозирча нолимайман, - навбатдаги табассум ҳадяси. - Аслида бу китобни шу кунларда ўзим ҳам хатм қилиб туширдим, шунга...

Қиз жилмайибгина:

- Табъи назмингиз нозик кўринади, мавлонога ёққандир, ахир?

- Эпиграфида Рембодан шундоқ олиб ёзиб қўйилганидек, ўзини сарсону саргардон излаётган бир шизофреник дарвеш ҳақида.

- Жа унчаликмас-ов, - эътироз билдирди қиз ўпкаланиб, - менимча, неча замонлардан бери ҳаётига ҳеч бир янгилик йўламаётган ва шу сабаб ҳам тушкунлик, умидсизлик ботқоғига ботиб бораётган кимсанинг ўзи учун ўзи умидворлик яратиш интилишлари, десак сал тўғрироқ бўлар...

- "Ҳаётда ҳеч нарса ўзидан ўзи содир бўлмайди: беамр тикан кирмайди, деганлари бежиз эмас - рўй берган ҳар қандай ҳодисанинг сабаби мавжуд - бироқ кеч кузнинг замҳарир кунларидан бирида тасодифан учраб, хаёлингни алғов-далғов қилиб юборган нарсанинг сабабини сен ҳеч қачон топа олмайсан: қолаверса, бунга ҳатто қизиқиб ҳам кўрмайсан…"

- Эҳ-ҳе, ҳали ҳикояни ёддан биламан денг, воажаб!

- "Нима қилиш керак? - дея ўз-ўзингдан норози бўлардинг ва секин-аста аллақандай умидсизлик юрагингга чўкиб бораётганини сезардинг. - Худди ҳаётимда бир нима юз берадигандек доим ниманидир кутиб юраман… Нима қилиш керак?"

- Ана бўлмаса!

- "Сен кўримсизгина бино томон юриб ва худди шундай кўримсиз йўлакдан ўтиб, чапга буриласан. Йўл ўртасида калта-култа шохларини узатишга чоғланган кўйи қотиб қолган дарахт ёнидан ўтаётиб хўрсинасан. Дунёда хосиятсиз нарсалар кўп: хосиятсиз кунлар, хосиятсиз тушлар, ҳатто хосиятсиз тасодифлар… Сен ирим-чиримларга ишонмаганинг учун бу хосиятсиздек дарахтга бошқа кўз билан қарардинг."

- Салгина сабр қилинг,- деди қиз,- менга ҳам навбат беринг ахир!- Шундай дея қиз ҳам, қўлидаги китобни ёпиб, ҳикоянинг давомини ёдаки айта бошлади: - "Шамол энди рўпарадан эсарди, сен чиқишдан кўра тушиш ноқулай бўлган зина тарафга юрасан. Зина тепасига етганда теварак-атрофни алланечук шовур-шувур тутиб бораётгандай туюлади; сен пастга туша бошлайсан - қуйироқ тушганинг сари шовқин кучайиб боради. Сўнгги поғонага оёқ қўйганингда дастлаб бошинг узра денгиз тўлқинлари гувиллагандек бўлади, илкис бош кўтариб, учиб бораётган қушлар галасига кўзинг тушганда эса ҳазин садолар янграб кетади."

Мен буни ҳеч кутмагандим, ўзининг назмий таровати билан, синоатли туйғуларининг эҳтиросли изҳорлари билан хаёлимни ўғирлаган бу ҳикояни мендан бошқа яна кимдир шу қадар ҳис эта олишини, ҳис этибгина қолмасдан, ҳикоянинг яширин оҳангларини ҳам баралла намоён эта олишини асло кутмаган эдим. Қиз эса сокин ва ширали талаффузда давом этарди:

- "Худди мана шу қушлар жуда кўп нарсалар ҳақида сени огоҳ қилиши мумкиндек ва ҳаётинг қўнғироқчаларини чалиб юборишга қодирдек уларга дафъатан талпинасан. Бироқ, қарасанг қушлар йўқ, улар узоқда қора доғлардек қип-қизил шафаққа сингиб боради. Сен мунғайиб улар ортидан термуласан, назарингда яна бошқа қушлар тўдаси учиб ўтаётгандек, ҳеч қаерга жилмай, кўзинг толгунча қараб тураверасан. Бехосдан бир нарсага кўзинг тушади-ю, юрагинг ҳаприқиб ҳаммасига тушунасан."

Тилсимлари бисёр синоатга бехос дуч келган каби менинг ҳам юрагим ҳаприқа бошлади. Қизгинанинг лабларидан учаётган ҳазин каломлар ҳеч бир қаршиликсиз тўғридан-тўғри менинг юрагимдан жой олаётган, барчасини очиқ-ойдин изҳор этишни ўзига эп кўрмаган ёзувчи сокин бу сатрлар аро яширмиш ғаройиб эҳтиросларнинг ноаён тимсоллари баайни унинг талаффузида асил моҳиятларини кўрсатиб, ечилиб бормоқда эди.

Ўзининг масрур кайфиятини бошқалар билан баҳам кўриш истагида атрофидагиларга боқди. Вагон ичидагилар бу икков ўртасида кечаётган айтишувга ҳайрат ичида шоҳид бўлишлари керак эди назарида. Аммо не ажабки, ҳеч ким уларга қайрилиб ҳам қараб қўймас, ҳамма ўз машғулоти билан андармон, кимдир газета ўқиган, яна биров эса трамвайга монанд чайқалиб, пинакка кетганди. Бошқалар учун уларнинг иккиси ҳам мавжуд эмасдек эди гўё.

Қизнинг эса бошқалар билан иши йўқ, гўёки ўйинни бошлаб берган бу йигитни ўзининг қуроли билан батамом яксон этишга қасд қилган каби ёдаки мутолада давом этарди:

- "Бу ҳозиргина тепасидан сайёҳ қушлар учиб ўтган иморатнинг тўртинчи қаватидаги дераза эди, ундан аста-секин қуюқлашётган қоронғулик қўйнига ипакдек майин шуъла тараларди. Бамисли нотинч денгизда адашиб - улоқиб юрган ва кунлардан бир кун нур сочаётган маёқни кўрган денгизчилар илкис қувончдан ўзларини йўқотиб қўймай, дастлаб жилвагар маёқнинг нажотбахш рафторига мафтун бўлгандек сен ҳам бир неча сония тўртинчи қаватдаги сарғиш деразага ҳайрат билан тикилиб қоласан. Дераза чиндан ҳам маёққа ўхшарди: у имлар ёхуд чорлар ва бу дераза шаклидаги ёруғлик манбаи оҳанграбодек домига тортарди. Сен беихтиёр "Қушлардан хотира бу" дея хаёл қиласан: дарвоқе, деразадан ёғилаётган қизғиш шуъла билан қушлар овозида муайян умумийлик бор эди - икковининг замирида ҳам унсиз фарёд кучли, иккови ҳам деярли бир хил таъсир этарди."

— Ҳа, худди шундай,-деди йигит,- тўртинчи қаватдаги сарғиш дераза рутубатли бу ҳаётдан сўнгги умидларини ҳам узиб, умидсизлик ботқоғига ботиб бораётган телбасифат ҳикоя қаҳрамони учун дафъатан юзага қалқиб чиққан бир маёқ каби эди. Маёқки, унинг замирида қаҳрамоннинг ўзигагина мансуб барча эҳтирос ва майллар, қалбининг энг тубларига бошқалар кўзидан нари тутиш илинжида ўзи қачонлардир улоқтирган, энди шу тобда унинг ўзи ҳам ҳайбатига ортиқ дош бера олмас ўзининг зимистон ўйлари яширин эди.

- Бечора қаҳрамонни намунча ҳақорат қилмасангиз, ҳали телбадан олиб, ҳали шизофреникка соляпсиз-а! - деди қиз норозиланиб. - Агар билсангиз, ҳикоя сиз айтаётган талқинлардан мутлақо йироқ. Бу ҳикоя савқи табиий билан бир нафаснинг ўзида ёзилган ўта ноёб асарлардан бири. Ҳа, қоғозга тушириш учун сарфланган вақтни истисно қилсак, ҳикоя чиндан ҳам бир нафаснинг ўзида битилган. Ундаги ҳар бир сўз ва ҳолатлар тасвири шу қадар ўз ўрнига муҳрланганки, сўзларнинг бирортасини ўзгартириш мутлақо ақлга сиғмайди. Нафис туйғуларни шунақа сеҳрли шаклларга жойлаб тараннум этиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди. Ҳа, бу тимсолий ҳикоя, ҳа унда эҳтиросу йўқотишлар ғуссалари ҳам бор. Етарлича зукко ўқувчи гап нима ҳақида эканини тахминан сезиб, англаб ҳам туради. Лекин, энг муҳими, бу ҳикояни ҳеч ким токи сўнгига қадар тўла тушунтириб бера олмайди. Керак бўлса, ҳатто муаллифнинг ўзи ҳам бунга ожиз.

"Сен йўлканинг адоғига боргач, яна бош кўтариб қарайсан. Энди деразани бафуржа томоша қилса бўлади, чунки сен унинг нақ рўпарасидасан. Назарингда дераза ҳамон кимнидир чақирар, кимнидир ўзидан огоҳ қиларди: нимадандир умидворга ўхшарди. Сен дафъатан мана шу илтижони пайқаб қолганинг учун зум ўтмай у илтижонинг қизғиш бармоқлари вужудингга ёпишиб, юрагингни пайпаслаётганини сезиб сесканиб кетасан. Ҳа, у юрагингни изламоқда эди! Беихтиёр энтикасан."

Қиз ҳикоя ҳақида сўзлар экан, унинг ҳазин, шу билан бирга эътирозларга ўрин қолдирмас оҳанглари мени тамом ўзига мафтун этган, у сўзлаётган фикрларга заррача бўлсин эътироз билдиришни истамасдим.

"…Бора-бора бу сарғиш дераза фикру хаёлингни ўғирлаб қўйди. Сен ҳатто баъзи кунлари тезроқ қоронғу тушсаю тезроқ ўша дераза олдига борсам, дея кутадиган бўлдинг. Гоҳо ишхонангда деразадан серқатнов кўчага қараб ўтирган пайтларда бирдан кўз олдингга сарғиш дераза келар, юрагинг орзиқиб кетарди. Сарғиш дераза бамисоли маҳбубанг эди, маҳбуба бўлганда ҳам юлдуздек чарақлаган, зориққан кўзларида, ҳорғин ва ўйчан қарашлари, зариф табассумида интизорлик, илтижо ва алоҳида меҳр жилваланган маҳбуба!"

Алмисоқдан қолган трамвай вагонининг адоғида тасодифан учрашиб қолган бу икковлон ўртасида, бошқа йўловчиларнинг зиғирча қизиқишию аралашувисиз адабий муҳораба давом этаркан, йигит айнан шу ҳикояга дохил кўпдан бери ўйлаб юрган фикрини ўртага ташлади:

- Биласизми, - деди у қизга қараб, - мулоҳазаларингизга менда зиғирча ҳам эътироз йўқ. Умидсизлик ичра бир умид ваъдаси билан якун топган ушбу ҳикоянинг мутлақо бошқа шаклини, эҳтимолки, муаллифнинг ўзи бунга тиш-тирноғи билан қаршилик билдириш эҳтимоли тайин бўлган бошқа шаклини ёзишни таклиф этган бўлардим. Навбатдаги бу ҳикоя сиз билан биз кўнгил қўйган ушбусининг мантиқий давоми бўлиши ҳам, айни пайтда эса ўз ҳаёти билан яшаб, ўз сюжет чизиқларида мустақил давом этажак алоҳида ҳикоя бўлиши ҳам мумкин. Ҳикоя ичра ҳикоя эмас, балки ҳикоядан таваллуд топган мувозий ҳикоя.

- Сизни шунчаки бир китобхон мухлис десам, қаламкашликдан тузуккина хабарингиз борга ўхшайсиз-ку. Унда, агар сир бўлмаса, ўша сиз айтаётган ҳикоя қандай бўларкин?

- Бу шундай ҳикоя бўладики, аслият қаҳрамонининг оромини бузиб, унинг бутун хаёлини ўғирлаган тўртинчи қаватдаги ўша сарғиш дераза ичкарисига қадам қўямиз ва ана ўша ичкарида йиллар давомида қамалиб олганча энди ташқарини кузатамиз. Аслият қаҳрамони наздидаги бу гўша синоатларини қадамба-қадам еча борарканмиз, тўрт девор ичида яшашга маҳкум этилган бандининг руҳий фожеаларига, унинг истак ва майлларига шерик бўламиз.

- Топилмангиз чакки эмас, аммо бунинг хотимаси қандай бўлади? Ишқилиб қаҳрамонларни ўлдириб юбормассиз?

- Ҳикоясини бошлар экан, аслият муаллифи ҳам бу асарига пировардида қай тусдаги хотималар раво кўрилишини аввалдан билмагани каби, мен ҳам олдиндан бир нарса деёлмайман. Аммо билганим шуки, бу ҳикоя инсоннинг руҳий оламидаги эврилишларни тадқиқ этиш, ибтидодан бошланган жумбоқли саволларга (майли, самарасиз бўлсин) жавоб излашга доир навбатдаги уриниш бўлади. Унинг муҳитларида мана бу рутубатли ва дилгир оламнинг бефайз манзаралари эмас, билъакс, новоқеъ воқеликнинг, бошқа бир оламнинг ҳали кўплар билмаган, кўникилмаган манзаралари эҳтирос ва муҳаббат билан муқаррар этилажак. Унда адабий ақидаларнинг зўраки ва муттасил такрорларига батамом барҳам берилиб, бўлак манзилгоҳларга элтувчи янги сўқмоқлар изланади. Энг муҳими эса бу янглиғ асар мутоласи адоқсиз ҳузур инъом этиши назарда тутилажакдир.

- Бу ҳикояни мен ҳам ҳузурланиб ўқишни жудаям истардим...

Менинг бутун хаёлларимни ўғирлаб, сен учун, фақат сен учун битмоқчи бўлганим ўша асар завқини ҳам пароканда этиб, кейинги бекатда тушиб қолдинг. Изингдан қараб қоларканман, сен ортингга қайрилмадинг ва менга қўл ҳам силтамадинг. Биз қайтиб кўришмадик.

Тўртинчи қаватдаги сарғиш дераза эса бу гал бутун жозибасини намойиш этиб ёп-ёруғ, кундуздан-да ёруғ порларди. "Назарингда у ҳорғин эмас, сокин эди. Сен энсиз йўлканинг адоғига бориб, қўл силкийсан ва бир изтироб вужудингни секин қамраб ола бошлайди-ю, унсиз, елкаларинг силкиниб-силкиниб, худди узоқ айрилиқдан сўнг фарзандини кўрган она кўйига тушасан…"

* * *

Аммо яна бир таассуф шунда эдики, саратоннинг қоқ ўртасида бехосдан қутурган довулли кунлардан сўнг энди тин олиб, ўзига кела бошлаган шаҳарда, эски трамвай вагони адоғида иккимиз ўртамизда кечган ушбу суҳбат чинми эди ва ё рўё, малоҳатингдан кўз олдим қоронғулашиб, ҳар иккимиз суйган ҳикоядан иккимиз-да басма-бас сатрлар ўқирканмиз, сокин табассум ҳадя этишларинг чинми эди ва ё хаста тафаккурим фаразларими - буларни энди билолмасман. Ҳар не бўлганда ҳам, ўшанда шопмўйлов бобойнинг овозидан ўзимга келдим:

- Ҳов йигитча, тушадиларми ё?

— Ҳа, амаки, тушаман,- трамвайда дарбадар кезишга бошқа ҳожат қолмаганди.

Аллақайси бекатда тушиб қолдим, шу ернинг ўзида ўриндиққа ўтириб, папирос тутатдим. Бўлиб ўтган ва ё бўлмаган, чинакам ва ё хаёлий суҳбатни қайта хаёлдан ўтказдим. Алланималарни ўйлаб, бир нарсаларни тафаккур қилдим. Ибтидодан интиҳога томон ва ёки билъакс - келмишдан кечмишга томон сизиб ўтаётган бу мангулик аро сарсон бизларни, бизларнинг барча майл ва истакларимизни омонликда сақлаб бўларми... Хаёлимдан эса яна ғаройиб мана бу сатрлар кечарди:

Ҳар кечнинг кечари кундир,

Ҳар куннинг кечари кеч.

Ҳар кечнинг келмиши кундир,

Ҳар куннинг кечмиши кеч...

1992 йил.

* * *

2017 йилга тааллуқли постскриптум:

Бир замонлар қоғозга туширилиб, ижарама ижара юришлардан иборат кейинги маиший талотўплар оқибатида бадар кетган ушбу ҳикоя мана энди, орадан чорак аср ўтиб, қайта қўлга киритилар экан, ташқи олам билан ичкисининг ўртасида муроса излаш машаққатларидан сўзланган саҳифаларга андак пардоз бериш билангина чекландик. Шунингдек, Тошшаҳар бағрини тилиб, аллақай томон йўналган эски трамвагон ичида "кечган" хаёлий суҳбат асносида билдирилган, бир ҳикоядан бошқа муқобил асар яратиш ғояси ўша мунозарадан кўп ўтмай амалга оширилгани ва "Тимқора шаҳар ривоятлари" номли туркумимизга киритилганини ҳам маълум қиламан.

* "Моҳиятларни англаш ишқида неки заққум бор - барини татиб кўрарак, у ҳамон ўзини излаётир. Ва замон келарки, тилсимлари бисёр синоатларни ҳам англаб етажакдир, илло, аслида ҳам кўркам қалбини муттасил парваришлаш унинг чекига тушмиш эди. Юксакларга парвоз қилар экан, бемисл синоатлар завқидан, майли, завол топсин, аммо изидан келаётган ўзга ворислар у ялов тиккан ўша уфқлардан фитрат сафарларига бардам отланажаклар..." Артюр Рембо, "Башоратгўй битиклари", Поль Денемига, 1871 йил, 15 май.