Тадқиқотчи блоги: Nanoscales- истиқбол истиқболими?

Тиниб-тинчимаган одамнинг ақли тобора камол топиб бораётганидан фақат тафаккур кўзи билан кўриладиган сарҳадлардан-да ҳатлади. Айтайлик, бундан ўн-ўн беш йиллар аввал инсон даҳосининг нанооламларга етаклашини тасаввур қила олармидик?.

Нанотехнологиялар қолиб, нанобиотехнологияларнинг тараққиётга юз буришиничи? Инсоният яна шу кетишда қадамласа, бундан кейин яна нималарга қўл уришини ҳатто тасаввурга сиғдира олмаймиз.

Кейинги беш-олти йилда фаннинг айниқса нанотехнология деган йўналиши мислсиз ривожланиб, ҳатто алоҳида-алоҳида соҳалар бўлинишга ҳам улгурди: нанобиотехнология, наномедицина, наномедикаментлар технологияси...

Келинг, бугун ана шу нанооламларга бир ташриф буюрамиз-да, оддий тасаввурларимиз қабул қиладиган сўнгги янгиликлардан бир "отамлашамиз".

Бу ҳақда фикр юритишдан аввал нанооламларнинг ўлчамлари ҳақида тасаввур ҳосил қилсак мақсадга мувофиқ бўларди. Кўзимиз кўриб, тасаввуримиз қабул қиладиган ўлчамларни жуда яхши биламиз. Километр, метр, сантиметр, миллиметр... Одатий тасаввурларимиз 0 дан кейин ўлчамларни сал қийинроқ қабул қилади. Чунки, кундалик ҳаётимизда улардан кўп ҳам фойдаланавермаймиз. Фараз қилинг, ноль бутун ўндан бир (0,1), ноль бутун юздан бир (0,01), ноль бутун мингдан бир (0,001)... Энди, ана шу 0 дан кейин яна тўққизта 0 ёзсак, ҳосил бўлган ўлчамни тасаввур қилсак... Э, бўлмади, буни тасаввур унча-мунчага қабул қилавермайди. Хуллас, тасаввурга сиғмаган, 0 дан кейин тўққизта 0 дан кейин ўлчам оладиган олам – наноолам. Энди ўз-ўзидан савол туғилади: бу оламда одам боласи бирор манфаат топаяптими?

Топибди!. Топганда ҳам салкам инқилобий, фанни остин-устун қилиб ташлайдиган янгиликларни топибди.

Энди сал лирик чекиниш қилиб, мозийга қайтамиз. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг антибиотикларнинг кашф этилиши ва улардан кенг қўллана бошланиши тиббиётда оламшумул воқеага айланди. Давоси йўқдек кўринган касалликлардан фориқ бўлиш йўллари мавжудлиги аниқланди. Бироқ, кучли таъсир этадиган антибиотикларнинг кенг қўлланиши натижасида уларнинг салбий жиҳатлари ҳам кўзга ташлана бошлади. Ана шундан кейин антибиотикларнинг "барча тирик мавжудотларни ўлдирадиган оммавий қурол воситаси" экани ОАВ мавзусига айланди.

Аслида ҳам антибиотиклар шундайми?.

Антибиотиклар, номидан ҳам маълумки (юнонча “anti” – қарши, “bios” – ҳаёт сўзларидан олинган), ўсиб-ривожланиб турган ҳужайраларнинг ҳаёт фаолиятини тўхтади. Тиббий мақсадларда эса одам танасидаги касаллик қўзғатувчи микроорганизмларга қарши қўлланади. Хўш, бунинг нимаси ёмон, деган ўй хаёлни олади.

Табиатда барча тирик мавжудотлар курашувчанлик ҳусусиятига эга. Жумладан, ўша патоген микроорганизмлар ҳам. Улар ҳам ташқи муҳитнинг ноқулай ва салбий таъсирига мослашишга ҳаракат қилади. Антибиотиклар қўлланилганда патоген микроорганизмларнинг уларга қарши иммунитети ҳосил қилиши аниқланган. Вақт ўтиши билан антибиотикларнинг миқдори оширила борди. Уларга қарши иммунитет ҳосил қилиб бораётган микроорганизмларга қарши. Шу тариқа касаллик чақирувчи микроорганизмлар ўзига ҳос микроэволюция босқичини босиб ўтди-ю ҳозирга кунга келиб, унча-мунча дори-дармонни назар-писанд этмай қўйди.

Антибиотиклар илк бор қўлланган вақтдан бери уларнинг инсонга юбориладиган миқдори миллион марталар ортгани эътироф этилади.

Бир сўз билан айтганда, инсон ўз қўли билан касаллик қўзғовчи микроорганизмларнинг шундай кучли иммунитетга эга авлодларини етиштирдики, энди унинг қаршисида ожиз.

Бу мавзу ҳозиргача долзарб бўлиб қолаётганидан, баҳс-мунозаралар тўхтагани йўқ. Энди эса олимлар антибиотиклар ўрнини босадиган, жуда кам қўлланилганда фойда қиладиган-у одамнинг вужудига зарар қилмайдиган бирикмаларни топиш борасида бош қотиришмоқда.

Ўз ўрнида савол туғилиши мумкин. Аслида табиатда шундай нарсалар борми? Ёки, инсон даҳоси шунга ўхшаш моддаларни яратишга қодирми?

Қодир экан!.

Кейинги йилларда наноўлчамли моддалар тадқиқи ва улардан амалиётда фойдаланишнинг истиқболларини ўрганиш шуни кўрсатдики, айрим металларнинг нанозарралари жуда кичик миқдорларда касаллик қўзғатувчи зарарли микроорганизмларни йўқотади. Шу билан бир қаторда, антибиотикларга қараганда устун: юқори самарали, инсон вужудига зарарсиз, иқтисодий нуқтайи назардан арзон.

Фикримиз тушунарли бўлиши учун айрим жиҳатларни изоҳлаб ўтамиз. Хўш, қайси металлар нанозарралари-ю тиниб-тинчимаган олимлар уларни қандай яратишаяпти?

Кейинги эълон қилинган илмий ишларга назар ташлайдиган бўлсак, кумуш нанозаррасини сақлаган наномедикаментлар устидаги изланишлар диққатга сазовор. Бундан ташқари, яна олтин, руҳ, мис металлари.

Донишманд аждодлар

Агар тарихга мурожаат қиладиган бўлсак, аксарият халқлар миллий табобатида кумушдан кенг қўлланилганлигига гувоҳ бўламиз. Кумушнинг ана шундай ноёб ҳусусияти қадимий Ҳиндистон-у Бобил, кўҳна Турон-у антик давр Рум ва Юнон халқларига маълум бўлганини биламиз. Янада ҳайратланарлиси шундаки, ўша давр табиблари кумуш танга, тақинчоқ ёки оддий бўлакчасидан фойдаланаётганларида металлни билиб-билмай нанозаррага айлантириб, касалликларни даволашда ишлатишган. Йўғ-э, деворган бўлишингиз табиий. Гапларимиз ишончли бўлиши учун бунга ҳам алоҳида тўхталиб ўтамиз.

Туркий халқлар табобатида кумуш тангалар ва тақинчоқлар, турли гиёҳлар солинган сувда болаларни чўмилтириш, бундай сувларни ичиш, тери-таносил касалликларни даволашда ишлатиш бўлган. Бунда қандай жараёнлар юз берган?. Ҳозирги замон нанотехнологияси билан ўша кўҳна усуллар муштаракми? Буни қарангки, бугунги нанотехнологияларнинг асоси худди ўша кўҳна табобат усулларининг замонавий кўриниши экан, холос.

Кумуш нанозарралари синтезида айрим органик бирикмалар қўлланилади. Уларнинг асосий вазифаси ион ҳолидаги кумушни атомар (нейтрал) ҳолатга ўтказиш. Атомар ҳолдаги кумушнинг шакли 10-30 нм дан ошмайди. Ҳозирда ўсимликларда кўп учрайдиган органик моддалар билан кумушнинг атомар шакли (наноўлчамдаги) олиш бўйича кўп тадқиқотлар ўтказилмоқда. Аввал ўсимликдан органик модда тегишли эритувчиларда ажратиб олинади ва кумушнинг бирор бирикмаси (одатда, кумуш нитрат) билан аралаштирилади. Бизда эса одатда кумуш тақинчоқлар сувга солиб қўйилган, сувга эса табобатда кенг қўлланилган ўсимликлар ташланган. Ўша вақтда энг примитив эритувчи сув ёрдамида ўсимликлардаги органик бирикмалар экстракцияланган, бу моддалар таъсирида эса кумуш "плюс бир"дан "нолга" қайтарилган. Худди шу кўҳна усул ҳозирги замонавий нанотехнологиянинг асосий технологик жараёни ҳисобланади.

Наноўлчамдаги кумуш ҳар турдаги зарарли микроорганизмларга ҳалокатли таъсир этиши аниқланган. Оддийгина қуйидагича тушунтириш мумкин: микроорганизм ҳужайрасидан анча кичик бўлган кумуш нанозарраси ҳужайра деворига ёпишадида унда ўзига ҳос тешик ҳосил қилади. Сал бошқачароқ айтадиган бўлсак, “қорнини тешиб қўяди”. Қарабсизки, микроб ҳужайраси чалажон. Бу ерда ҳужайранинг ташқи муҳитнинг зарарли таъсирига иммунитет ҳосил қилиши ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Агар антибиотик қўлланилган бўлганда, микроб ҳужайраси девори қалинлашуви, ҳужайра ичида антибиотикка қарши мураккаб биокимёвий жараёнлардан иборат “ҳимоя тизими” ишга тушиши мумкин эди. Кумуш нанозарралари қўлланилганда эса бунга имкон ҳам қолмаслиги аниқланди.

Олимларнинг бу янгиликлари, янгидан-янги эълон қилинаётган наномедикаментлар киши қалбида умид уйғотади. Макрооламда кўзга кўринмас микробларга қарши наноўлчамлардан фойдаланиш истиқболи "истиқболли" эканини исботлаб бераётгандек...

*Абдуманноп Абдуманнонов- ўзбекистонлик тадқиқотчининг тахаллусидир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.